ЎзА Ўзбек

16.11.2018 Чоп этиш версияси

Президент Нукус горнизони ҳарбийлари билан учрашди

Президент Нукус горнизони ҳарбийлари билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташрифининг иккинчи куни Шимоли-Ғарбий ҳарбий округга қарашли Нукус горнизонида бўлди. Бу ерда Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижроси билан танишди, ҳарбийлар билан мулоқот қилди.

Миллий армиямиз жанговар қудратини ошириш, ҳарбий хизматчиларга муносиб шарт-шароитлар яратиш доимий эътиборда. Кейинги йилларда бу борада тизимли ислоҳотлар амалга оширилди. 

Хусусан, ҳарбий салоҳиятни ошириш мақсадида қўшинлар замонавий ҳарбий техника, қурол-аслаҳа ва алоқа воситалари билан таъминлаш янги босқичга кўтарилди. Назарий билимларни амалиётда синовдан ўтказишга эътибор кучайтирилди. Жорий йилнинг ўзида дала полигонларида жанговар ҳолатларга яқин ҳолатда амалий машғулот ўтказиш сезиларли даражада ошди. Бу ҳарбий хизматчиларнинг психологик ва жисмоний тайёргарлигини кучайтириш, миллий армиямиз салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Нукус горнизони ҳудудидаги ҳарбий қисм ётоқхонаси, ўқув корпуслари, ҳарбий савдо мажмуаси, ошхона, шунингдек, ҳарбий шаҳарчадаги боғча, мактаб ва яшаш уйлари таъмирланди. Кичик ўқув полигони ва чавандозлик тайёргарлиги майдони капитал реконструкция қилинди. Ҳудудда теннис, футбол, волейбол майдончаси янгидан қурилди. 

Капитал реконструкция қилинган ўқув корпусининг бирида муддатли ҳарбий хизматчилар компьютер саводхонлиги, тадбиркорлик курслари, хорижий тиллар, математика ва физика бўйича машғулотларда қатнашади. 

Қисқача айтганда, бу ерда муддатли ҳарбий хизматчилар келажакда ўзлари учун зарур бўлган билимга эга бўлади. 

Иккинчи ўқув корпусида аскарлар мерганлик, артиллерия, ҳаво ҳужумидан мудофаа, ҳарбий топография, ҳарбий тактик махсус ва алоқа тайёргарлик бўйича назарий билимини оширади. Бундан ташқари, бой китоб фондига эга ва замонавий ахборот воситалари билан таъминланган кутубхона аскарлар хизматида. Бу ерда ҳарбий хизматчилар видеомулоқот орқали таниқли ёзувчи ва шоирлар билан суҳбатлашиш имконига эга. 

Президентимиз ўқув корпусларида турли мутахассисликлар бўйича ўтказилаётган машғулотлар жараёни билан танишди. 

Давлатимиз раҳбари ҳарбийлар фақат Ватан ҳимоя қилишни ўйлашлари лозимлиги, бунинг учун уларни уй-жой билан таъминлаш, фарзандлари таълим олиши учун зарур шароит яратиш, оила-аъзоларини доимий ижтимоий қўллаб-қувватлашни таъкидлаган. Президентимиз 2018 йилда намунали хизмат ўтаётган ҳарбий хизматчилар фарзандларини олий ўқув юртига имтиёзли қабул қилиш ҳақидаги қарорни имзолади. Мазкур қарор ижроси доирасида жорий йилда 700 дан ортиқ ҳарбий хизматчилар фарзандлари имтиёзли равишда турли олий ўқув юртлари талабалари бўлишди. Улар орасида Қорақалпоғистонда хизмат қилаётган ҳарбийлар фарзандлари ҳам бор. 

Ҳарбийларимизнинг ҳам жисмонан, ҳам билим жиҳатидан баркамол бўлиши учун ҳамма шароитларни яратяпмиз. Шунинг учун сизлар бир соат ҳам вақтларингизни беҳуда ўтказмай, китоб ўқишингиз, чуқур билим олишингиз, ахборот технологиялари ва хорижий тилларни пухта ўрганиб, ёшларга ўрнак бўлишингиз керак. Чунки ёшлар бизнинг таянчимиз, умидимиз, деди Президент. 

Учрашувда ҳарбий хизматчилар яшаш шароитини янада яхшилаш, бунинг учун жойларда ташкил этилган ҳарбий секторлар фаолиятини такомиллаштириш лозимлиги қайд этилди. 

46b20d49-6abb-a353-b317-a93dbd70ae5e.jpg
38430ba0-52bf-9bd6-487c-8292a8b5cbd4.jpg

268a5d7f-cd1a-bdb7-7d4d-f9f7e59eba10.jpg


5 578
Зиёдулла Жонибеков, ЎзА