ЎзА Ўзбек

18.10.2019 Чоп этиш версияси

Ипакчиликда Ўзбекистон бренди яратилади

Ипакчиликда Ўзбекистон бренди яратилади


Президентимиз Термиз шаҳридаги пиллани қайта ишлашга ихтисослаштирилган “Сурхон ипаги” корхонасини бориб кўрди.

Мамлакатимизда кейинги йилларда пиллачилик ривожланди. Ипак қуртидан тўрт, баъзи ҳудудларда беш мартагача ҳосил йиғиш йўлга қўйилди. Ипакдан қимматбаҳо мато, гилам ва бошқа жиҳозлар ишлаб чиқарувчи кўплаб корхоналар ташкил этилмоқда, улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ҳисобига тармоқда экспорт ҳажми ортмоқда.

Сурхондарё вилояти ана шундай ҳудудлардан бири. Бир йил илгари Президент Термиз туманида бўлиб, пилла уруғчилиги кластери билан танишган эди. Тут плантациялари ёнидаги қуртхоналар, кўчма қуртхоналар, Хитой технологияси асосидаги сунъий дасталар асосида ипак қурти етиштирилаётгани давлатимиз раҳбарига манзур бўлган эди.

Бугун вилоятда ана шундай кластерлар иккита, йил охиригача яна учтаси ишга тушади. Натижада пиллани замонавий, инновацион усулда етиштириш миқдори ошади, иш ўринлари кўпаяди.

Президент “Сурхон ипаги” корхонаси имкониятлари билан танишиш чоғида ипакчилик туризмини тарғиб қилувчи бундай жойларни кўпайтириш кераклигини таъкидлади.

Корхонага пиллани қайта ишлаш, хомашёни йигириш, ипак момиғи ишлаб чиқариш учун замонавий технологиялар чин юртидан келтирилган, сифат назоратини олиб бориш, ипакдан жаҳон андозасига мос маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида хориждан мутахассислар жалб этилган.

Ишчилар Марғилон шаҳрида ипак гиламлар тўқиш бўйича тажриба ўрганди. Ҳозир ўзлари шогирд чиқараяпти. Бундан ташқари, пиллакор мутахассислар Хитойда малака ошириб келди. Улар энди маҳаллий ишчиларга ипакчиликда Хитой тажрибасини ўргатади.

Вилоятнинг қатор туманлари “Сурхон ипаги” корхонасига кластер усулида пилла етиштириш бўйича бириктирилган. Қурт боқиш учун озуқа базаси яратиш, иқлимга мос тут кўчатлари парваришлаш, йилига тўрт марта ипак қурти боқиш имконини берувчи пиллахоналар қуриш йўлга қўйилди.

Бугунги кунда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги корхоналарда ипак қурти озуқа базаси тут кўчатлари етиштиришдан бошлаб, тайёр ипак ҳолигача ишлаб чиқариш мукаммал ҳолатга етказилди. Эндиги навбат ипак толасидан сифатли ипак матолар ишлаб чиқариш ва уларга гул босиш жараёни ўзлаштирилмоқда.

Маълумот учун, ҳозирги кунгача ўзбек ипак толасининг 80 фоизи хорижга экспорт қилинар, 20 фоизи маҳаллий корхоналарда қайта ишланарди. “Сурхон ипаги” каби корхоналар ҳисобига бу кўрсаткич муттасил ошириб борилади.

Корхонада маҳсулот чиқаришдан ташқари сердаромад ва харидорларни кўпайтирадиган янги тажрибалар ҳақида ҳам Президентга маълумот берилди. Шулардан бири - туризмни ривожлантириш. Корхона вилоятнинг туризм маршрутига киритилган. Туристларни жалб қилиш мақсадида музей ташкил қилинган. Келажакда сайёҳларни янада кўпайтириш мақсадида Термизда ипакдан турли ҳунармандлик буюмлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ҳунармандчилик маркази ташкил этиш ишлари кетмоқда. Маҳсулотларни намойиш этиш учун махсус шоурум ва ипак матолардан кийим тайёрлаш цехи ишлаб турибди.

Ипак маҳсулотлар Осиё ва Европа давлатларига етказиб берилмоқда. Ўтган йили 2 миллион 873 минг долларлик, жорий йилда 1 миллион 599 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Шу ерда ипакчиликни ривожлантириш лойиҳалари, вилоятнинг туризм салоҳияти ва уни ривожлантиришнинг қўшимча имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

– Гиламларга нақш солиб тикиш – ноёб санъат. Буни ҳар ким уддалолмайди. Нақшларга миллий руҳ киритиб, харидорларни жалб этадиган ранглардан фойдаланиш керак. Бу бутун дунё учун Ўзбекистон бренди бўлади, – деди Президентимиз.


5 860
Умар АСРОРОВ, ЎзА