ЎзА Ўзбек

10.08.2018 15:47 Чоп этиш версияси

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорларнинг инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватлади

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорларнинг инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватлади
Давлатимиз раҳбари Шайхонтоҳур туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид лойиҳалар билан танишди.

Мамлакатимизда ишлаб чиқаришнинг турли соҳалари самарадорлигини оширишга қаратилган инновацион лойиҳа ва ишланмаларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай технологик янгиликлар мавжуд ишлаб чиқариш жараёнларини ўзгартириш, уларнинг чиқитсиз ишлашини таъминлаш, харажатлар ва яроқсиз маҳсулотни салмоқли даражада камайтиришга хизмат қилади.

Технопарклар ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этади. Инновацион тадқиқотлар ўтказиш, ички ва ташқи бозорда харидоргир юқори технологияли, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун етакчи саноат ва кичик инновацион корхоналар ташкил этиш уларнинг асосий вазифаларидир. Ишлаб чиқаришга замонавий хориж технологияларини жорий қилиш, ушбу мақсад учун юқори технологик ва инновацион ишлаб чиқаришни ташкил этишга қодир маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб этиш билан ҳам шуғулланади. 

photo5435997084592482591.jpg 

Технопарклар зиммасига илмий-тадқиқот ва инновацион лойиҳалар самарадорлигини ошириш учун олий таълим муассасалари, академик фан ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида ўзаро алоқани йўлга қўйиш, бу жараёнга олимлар, юқори малакали мутахассислар, амалиётчилар ҳамда талабаларни жалб этиш вазифаси ҳам юклатилган.

Туманнинг Оқлон маҳалласида бўш турган жойда технопарк ташкил этиш лойиҳаси шулардан бири. Тижорат банклари иштирокида бу ерда тўқимачлик маҳсулотлари, тайёр кийим-кечак ва спорт товарлари ишлаб чиқарадиган бир неча корхона ташкил этиш режалаштирилган. Бу маҳалладаги хотин-қизлар ва туман ёшларини иш билан таъминлашда муҳим омил бўлади.

"Асака" банки томонидан молиялаштирилаётган "Кўкча текстиль" масъулияти чекланган жамиятининг мато маҳсулотлар ишлаб чиқариш, уларга гул босиш ва тикувчиликни ташкил этиш лойиҳаси доирасида яна 2 мингта иш ўрни яратилади. Шунингдек, банкнинг молиявий кўмагида Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида "Тўйтепа текстиль" масъулияти чекланган жамиятида янги лойиҳа амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа калава ип ишлаб чиқариш ҳамда "Индиго" жинси матосини тўқиш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, калава ипни бўяш линиясини йўлга қўйиш, оптик тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. "Кўкча текстиль" масъулияти чекланган жамияти томонидан "Ишчи-ходимлар учун кўп қаватли уй-жой ва маиший савдо мажмуаси қуриш" лойиҳаси ҳам намойиш этилди.

Шайхонтоҳур туманида айни пайтда 185 та текстиль ва тўқимачилик саноати корхоналари фаолият юритмоқда. 2018-2019 йилларда туманда мазкур йўналишда 8 та лойиҳани амалга ошириш ва 1334 та иш ўрни яратиш режалаштирилган.

photo5435997084592482589.jpg

Туманда "Certus textiles" масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган "Трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш" лойиҳаси ҳам 100 та янги иш ўрни яратиш имконини беради. Лойиҳани амалга ошириш учун 5,6 миллиард сўм маблағ сарфланади.

"Алоқа банк" томонидан молиялаштирилаётган IT (информацион технологиялар) йўналишида бизнес маркази ташкил этиш лойиҳаси "Cenesis Innovation" масъулияти чекланган жамияти ташаббуси билан амалга оширилаётир. Лойиҳа қиймати 55,5 миллиард сўм бўлган марказнинг 5 қаватли биносида 200 киши иш билан таъминланади.  

photo5435997084592482590.jpg 

"Ўзмиллийбанк", "Ўзсаноатқурилишбанк", "Ипотекабанк"лари томонидан молиялаштирилаётган лойиҳалар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Шайхонтоҳур туманида замонавий кичик саноат зонаси, "AVTO RITET" бренди остида автомобилларга ҳамда аҳолига замонавий ва инновацион йўналишда хизмат кўрсатиш кўп тармоқли мажмуаси ташкил этиш, енгил саноат тармоғига инвестициялар жалб қилиш, замонавий уй-жойлар, тиббий диагностика маркази ва мактабгача таълим муассасалари барпо этиш, асални қайта ишлаш ва қадоқлашни йўлга қўйиш бўйича режалаштирилган лойиҳалар намойиш этилди.

Давлатимиз раҳбари саноатни инновацион ривожлантириш, хорижий тажриба асосида маҳсулдорлик ва рақобатбардошликни ошириш бўйича кўрсатмалар берди. Тадбиркорларнинг инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватлади.

Аловаддин Ғаффоров, Мухаммад Амин (сурат) ЎзА
10 795