ЎзА Ўзбек

11.04.2019 22:21 Чоп этиш версияси

Қозоғистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифига доир

Қозоғистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифига доир

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 2019 йил 14 апрель куни икки кунлик давлат ташрифи билан мамлакатимизга келади.

Давлат раҳбарлари Қосим-Жомарт Тоқаевнинг Қозоғистон Президенти лавозимига киришганидан сўнг илк бор учрашадилар.

Тор ва кенгайтирилган таркибда ўтказилиши режалаштирилган музокараларда икки томонлама дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинади, сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инвестициялар, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилади.

Президентлар минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро аҳамиятга молик муҳим масалалар юзасидан фикр алмашади.

Давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, шунингдек, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришга қаратилган икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланиши кўзда тутилган.

Президентлар қўшни қардош мамлакатда муваффақиятли якунига етган Ўзбекистон йилининг мантиқий давоми бўладиган Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг расмий очилиш маросимида ҳам иштирок этадилар. Мазкур йил тадбирлари Қозоғистон санъат усталарининг концерти билан бошланади.

ЎзА
4 796