ЎзА Ўзбек

02.03.2018 18:57 Чоп этиш версияси

Нурота туманида 10 минг гектар ерда интенсив писта плантациялари барпо этилади

Нурота туманида 10 минг гектар ерда интенсив писта плантациялари барпо этилади Мамлакатимиз иқлим шароитига мос, тоғ ва тоғолди ҳудудларда етиштириладиган писта меваси хуштаъмлиги билан алоҳида ажралиб туради. Олимлар фикрича, писта дарахти минг йилгача ҳосил беради.

Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига ташрифи доирасида Нурота туманида 10 минг гектар лалми ерда ташкил этиладиган интенсив писта плантациялари лойиҳаси билан танишди. Давлатимиз раҳбарига унинг афзалликлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Қиймати 21 миллиард сўмлик ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 850 киши доимий иш билан таъминланади.

2 (2).JPG 

Маълумки, бизда мавжуд технологиялар асосида экилган писта 11-12 йилда ҳосилга киради. Бир туп дарахтдан 200-300 грамм ҳосил олиш мумкин. Янги плантацияларни такомиллашган технология асосида барпо этиш кўзда тутилган. Яъни, кўчатхонада ўстирилган ниҳолга иккинчи йил навдор писталардан олинган куртак пайванд қилинади. Учинчи йилдан уни очиқ майдонда экиш мумкин. Ушбу технологияда экилган писта 7-8 йилда ҳосилга киради. Унинг бир тупидан 1,5-2 килограмм писта олиш мумкин.

- Қишлоқ хўжалигига илмий ёндашмай қўйганимиз боис, кўплаб экинлардан кутилган даражада ҳосил ололмаяпмиз, - деди Президент. - Бундан буён соҳага илм-фан ютуқларини кенг жорий этиш, экинни экишдан бошлаб, уни йиғиб-териб олишгача олимлар билан ҳамкорликда иш олиб бориш керак. Ҳосилдорлик қанча юқори, экспортбоп бўлса, деҳқон бойийди. Бизнинг асосий мақсадимиз ҳам шу. 

1.JPG 

Писта плантациялари 2018-2021 йиллар давомида барпо этилади.

Давлатимиз раҳбарига Ўзбекистон кимё-технология илмий-тадқиқот институти олимлари ишлаб чиққан гидрогель моддаси ҳақида ҳам маълумот берилди. Ушбу модда ўсимлик ўсиши ва ривожланишини жадаллаштиришга хизмат қилади. Гидрогель ёмғир сувини ва ўсимликка берилган ўғитни сақлайди. Сувни 50 фоизгача тежашга ёрдам беради.

Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятида чўл ўрмончилигини ривожлантириш илмий марказини ташкил этиш, Хатирчи тумани Ўзбекистон массивида боғ ва замонавий иссиқхона барпо этиш, мева-сабзавотни қайта ишлаш, Навбаҳор туманида томчилатиб суғориш усулида бодом ва писта плантациялари очиш, қоракўлчилик, тивит жунли эчкиларни кўпайтириш, 2018-2019 йилларда вилоятда озиқ-овқат таъминотини равнақ топтириш ва қатор бошқа йўналишларга оид истиқболли лойиҳалар билан танишди. Уларни ўз вақтида сифатли бажариш юзасидан топшириқ ва кўрсатмалар берди.

Зиёдулла Жонибеков, Оқил Ғуломов (сурат) ЎзА
16 043