ЎзА Ўзбек

09.02.2018 12:43 Чоп этиш версияси

Метронинг Юнусобод йўли қурилиши тезлаштирилади

Метронинг Юнусобод йўли қурилиши тезлаштирилади
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 9 февраль куни пойтахтимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Юнусобод туманида бўлди.

Тошкент шаҳрида сўнгги йилларда мисли кўрилмаган миқёсдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бугун пойтахтимиз том маънодаги қурилишлар майдонига айланди. Янгидан-янги иншоотлар, корхоналар, тиббиёт ва таълим муассасалари, спорт мажмуалари, равон йўллар, кўприклар, маҳалла гузарлари, бозорлар, боғлар, хиёбонлар қуриб, фойдаланишга топширилди. Бу борадаги ишлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида жадаллик билан давом эттирилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Тошкент метрополитени Юнусобод йўналиши 2-босқич қурилиш ишларини кўздан кечирди.

75815316-0fc8-bf00-2447-72c6b8003265.jpg

Тошкент метрополитени 40 йилдан ортиқ тарихга эга. У Ўрта Осиёда ягона бўлиб, 1977 йил ноябрь ойида қатъий жадвал бўйича ҳаракатлана бошлаган.

Тошкент метрополитени йўловчиларни ташишдаги қулайлик ва хавфсизлик нуқтаи-назаридан энг самарали транспорт воситаси ҳисобланади. Маълумотларга кўра, ушбу транспорт хизматидан кунига 200 мингга яқин йўловчи фойдаланади.

Президентимиз ташаббуси билан Тошкент метрополитени Юнусобод линиясининг иккинчи босқичини бунёд этиш ишлари жадал амалга оширилмоқда.

Шавкат Мирзиёев қурилиш ишлари билан танишар экан, бу каби мураккаб жараён нафақат маблағ, балки ақлий меҳнат ва юксак маҳорат, чуқур билим ва тафаккур, юқори технологияларни талаб қилишини таъкидлади.

Метронинг тоннель асосини яратиш мақсадида 305 метрда бетон ишлари бажарилган ва 330 та йиғма темир-бетон конструкциялари ўрнатилган. Тупроқ кўчишини олдини олиш учун 128 та бетон устун тўлиқ ўрнатилган. Метронинг якуний қисмида “Туркистон” бекатини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

cb061070-1c33-b90d-2796-14ae66a3f59d.jpg

Энг асосий масала пойтахтимиз кўчаларидаги тирбандликнинг олдини олиш. Бунда метро энг қулай воситадир, деди Шавкат Мирзиёев. Жамоат транспорти ҳаракатида режали жадвални шакллантириш керак. Яъни автобус ҳам, метро ҳам бир йўналишда ҳаракат қилмаслиги, бир бирини такрорламаслиги керак. Бунинг учун бекатлар бўйича мониторинг олиб бориш зарур.

Қурилишга 200 дан ортиқ ишчи ва муҳандис, 40 та техника ва механизм жалб этилган. Метро қурилишига Германиядан ер ости тоннелини қазиш комплекси олиб келиниб, ушбу техника Германиялик мутахассислар билан бирга йиғилмоқда. Германиядан бурғулаш ва темир-бетон қозиқ қоқиш техникалари, 2 та 220 тонналик, 3 та 70 тонналик ва Хитойдан 10 та 50 тонналик кранлар олинган.

Қурилаётган метро участкасининг узунлиги 2,9 километр бўлиб, уни 2019 йилда фойдаланишга топширилиши мўлжалланган.

Президентимизга метро бекатларининг кўриниши, уларни замонавий ва миллий анъаналар асосида қуриш ва безаш бўйича маълумот берилди. Метро қурилишида ишлатилаётган техникалар намойиш этилди.

Шу ерда Тошкент шаҳри бўйлаб барпо этилаётган ер усти метроси қурилиши ҳақида ҳам маълумот берилди.

Шавкат Мирзиёев мутахассислар билан суҳбатлашиб, тегишли кўрсатмалар берди.

Абу Бакир Ўрозов, ЎзА
20 137