Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.11.2017 23:51 Чоп этиш версияси

МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлиси

Пойтахтимиздаги «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида 3 ноябрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлис ҳукуматлар раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви билан бошланди. Унда Арманистон Бош вазири Карен Карапетян, Беларусь Бош вазири Андрей Кобяков, Қозоғистон Бош вазири Бакитжан Сагинтаев, Қирғизистон Бош вазири Сапар Исоқов, Россия Ҳукумати раиси Дмитрий Медведев, Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов, Озарбайжон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Ёқуб Эюбов, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эсенмурат Оразгелдиев, Молдованинг МДҲ устави доирасидаги ва бошқа органлари ҳузуридаги мухтор вакили Виктор Сороган иштирок этди. Мажлисда МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев ҳам қатнашди. Ҳукумат раҳбарлари Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашди.

МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши Ҳамдўстлик мамлакатлари ижро ҳокимиятларининг иқтисодий-ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлигини ривожлантиришни мувофиқлаштирувчи органидир.

Ҳукумат раҳбарлари кенгаши МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг топшириқларини амалга оширади, иқтисодиётнинг турли тармоқларини ривожлантириш ва уларни молиялаштириш бўйича қўшма дастурлар қабул қилади. Бундан ташқари, транспорт, алоқа ва энергетика тизимларини ривожлантириш, тариф, кредит-молия ва солиқ сиёсатига оид масалалар бўйича ҳамкорлик қилиш, илмий-технологик маконни яратишга қаратилган механизмларни ишлаб чиқишга йўналтирилган.

Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига кенг қамровли долзарб масалалар бўйича очиқ ва ишончли фикр алмашиш платформаси сифатида қарайди. Мамлакатимиз ташкилотда қатор йўналишлар, жумладан, савдо, инвестициялар, транспорт, туризм, фан, таълим, хавфсизлик каби соҳалар бўйича ўз иштирокини янги сифат босқичига кўтаришни режалаштирган.

Тошкентда биринчи марта ўтказилган МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлисида аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга доир 20 га яқин масала кўриб чиқилди.

Кенгайтирилган таркибдаги муҳокамаларда Ҳукумат раҳбарлари халқаро картелларга қарши самарали курашишда дунё ҳамжамияти кучларини бирлаштиришга оид баёнотни муҳокама қилди. Баёнотда МДҲ давлатларида халқаро картелларга қарши курашишда вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган. Иштирокчилар Ҳамдўстлик мамлакатлари иқтисодиётининг барқарор ўсишида ҳамкорликдаги чора-тадбирларни амалга оширишдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Ҳукумат раҳбарлари 2011 йил 18 октябрда қабул қилинган Эркин савдо зонасига оид шартнома низомлари ижросига доир маълумотни кўриб чиқиб, шартномада савдо мунозараларини ҳал этиш бўйича кўзда тутилган механизмлар томонларнинг шартнома бўйича ўз мажбуриятлари бажарилишига доир келишмовчиликларни тартибга соладиган ўзаро манфаатли самарали восита ҳисобланишини таъкидлади.

Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг нефть ва газ машинасозлиги, мелиорация ва товарларнинг божхона нархлари масалалари каби соҳалар бўйича ҳамкорлик, жумладан, уларнинг ижросига доир дастлабки тадбирлар режаси қўллаб-қувватланди.

Муҳокамаларда Ҳамдўстлик органларининг 2017 йилги ягона бюджетига ўзгартиришлар киритиш, МДҲ органларининг 2018 йилги ягона бюджетини тасдиқлаш ҳамда бош прокурорлар мувофиқлаштирувчи котибияти фаолияти ва МДҲ иштирокчилари Давлатлараро инсонпарварлик ҳамкорлик фонди органлари фаолиятини таъминлашда аъзо давлатлар ҳисса бадалига ўзгартиришлар киритишга доир масалалар устувор аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Товарларнинг божхона қийматини белгилаш ва назорат қилиш учун зарур бўлган маълумот алмашиш бўйича келишув лойиҳаси Ҳамдўстлик маконида иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун аҳамиятли саналади. Ушбу ҳужжат аъзо давлатларнинг божхона чегаралари орқали ўтадиган товарларнинг декларация қилинган божхона қиймати ишончлилигини таъминлашда ҳамкорликни мустаҳкамлашга йўналтирилган.

Божхона тўловларини тўлашдан бош тортиш ҳаракатларига қарши курашишга қаратилган ҳужжат МДҲ давлатлари чегараларидан ўтадиган товарларнинг божхона қийматини самарали назорат қилиш имконини беради. Ҳукумат раҳбарлари мазкур ҳужжатни маъқуллади.

Иқтисодий бўлимдан МДҲ ҳудудида эркин савдо режимига бевосита боғлиқ бўлган яна бир ҳужжат ўрин олган бўлиб, бу 2009 йил 20 ноябрда қабул қилинган товарлар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлаш қоидаларига оид келишувга ўзгартириш киритишга доир баённомадир.

Мажлисда МДҲ доирасида терроризм, экстремизм, шунингдек, уларни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича аъзо давлатлар ўртасида маълумот алмашинувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди.

Маълумки, ўтган йиллар мобайнида МДҲ ҳудудида замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш, минтақани барқарор иқтисодий ривожлантиришни таъминлаш, ижтимоий-маданий соҳада ҳамкорликни кенгайтириш учун муҳим шартномавий-ҳуқуқий асос яратилди.

Аъзо давлатлар ўртасида идоралараро маълумотлар алмашиш, унинг ҳуқуқий асослари, ахборот алмашинувида халқаро ва миллий қонунчилик тизимига путур етказмаслик ҳолатлари ўрганилмоқда. Шунингдек, мазкур ташаббус доирасида ваколатли идора ва ташкилотларнинг ўзаро маслаҳатлашувини йўлга қўйиш имкониятлари ўрганилмоқда.

Мажлисда МДҲ маконида терроризм ва экстремизм ҳаракатларини молиялаштириш ва қўллаб-қувватлашга уринишлар аъзо давлатларнинг ихтисослаштирилган маълумотлар базаси орқали аниқланиши қайд этилди.

Ўзаро ишонч ва ишчанлик руҳида ўтган музокаралар сўнггида 2020 йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, МДҲга аъзо давлатларда тиббий-ижтимоий ёрдамни янада ривожлантириш, уруш фахрийлари ва уларнинг оила аъзолари турмуш даражасини юксалтириш ҳамда бошқа қатор масалалар бўйича қарорлар қабул қилинди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда мажлис самарали бўлгани, имзоланган ҳужжатлар МДҲ мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Ҳукумат раҳбарлари МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлиси юксак савияда ташкил қилинганини якдил эътироф этиб, самимий меҳмондўстлик учун Ўзбекистон Республикасига миннатдорлик билдирди.

Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисини 2018 йил июнь ойида Тожикистон Республикасида ўтказишга келишиб олинди.

Матназар Элмуродов, ЎзА
3 310






Все о погоде - Pogoda.uz