Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.04.2017 18:50 Чоп этиш версияси

Маҳалла маданият ва маърифат масканига айланмоқда

Маҳалла маданият ва маърифат масканига айланмоқда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олмазор туманидаги "Табассум" маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди.

Давлатимиз раҳбари маҳалла ҳаёти билан танишиб, аҳоли билан мулоқот қилди. Учрашувда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ислоҳотлар, ёшлар маънавиятини юксалтириш, китобхонлик маданиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр алмашилди.

Маҳаллалар том маънода маданият ва маънавият масканига айланмоғи лозим, бунинг учун аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш зарур, деди Президентимиз. Китоб инсонга билим беради, унинг ¬маънавий оламини бойитади, Ватанни севишга ўргатади.

Табассум маҳалласидаги 27 кўп қаватли уйда 5 минг 300 дан зиёд турли миллат вакиллари истиқомат қилади. Маҳалла фуқаролар йиғини маркази биносида қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу ерда маҳалла раиси, котиб ва маслаҳатчилар, профилактика инспектори учун алоҳида хизмат хоналари бўлиши кўзда тутилган. Сартарошхона, "Гўзаллик салони", савдо дўкони, новвойхона қуриш режалаштирилган. Бу халқимизга хос ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат фазилатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Яқинда маҳалла ҳудудида болалар майдончаси, мини-футбол майдони қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу маҳалла ёшлари учун яна бир қулайлик бўлди.

Ҳар бир раҳбар одамларнинг дардига қулоқ солиши, муаммоларини ҳал қилиши, бир сўз билан айтганда, уларни рози қилиш ташвиши билан ишлаши керак, деди давлатимиз раҳбари. Шундагина уларнинг давлатга, келажакка ишончи ортади. Маҳаллаларни обод қилиш, халққа барча қулай шароитларни яратиш бу борада муҳим аҳамиятга эга.

Президентимиз маҳалладаги кўп қаватли уйлар, мактабгача таълим муассасалари атрофини ободонлаштириш, йўлакларни таъмирлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

Зиёдулла Жонибеков, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
4 505






Все о погоде - Pogoda.uz