Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.03.2018 20:54 Чоп этиш версияси

Лорд Муҳаммад Илтаф Шайх: “Улуғбек ҳаёт бўлганида ўзбеклар биринчи бўлиб ойга сафар қиларди”

Лорд Муҳаммад Илтаф Шайх: “Улуғбек ҳаёт бўлганида ўзбеклар биринчи бўлиб ойга сафар қиларди”

Давлатимиз раҳбари шу йил 16 февраль куни Бухоро вилоятига ташрифи давомида Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилиб, ўтган қисқа фурсатда юртимизда диний-маърифий соҳада катта ислоҳотлар, ижобий ўзгаришлар рўй бергани, Ўзбекистон Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилгани, галдаги вазифа – ушбу тузилмалар билан халқаро марказлар ўртасида илмий алоқаларни йўлга қўйиш, халқаро конференциялар ўтказиш, буюк аждодларимиз меросини дунё бўйлаб кенг тарғиб этиш бўйича топшириқлар берган эди.

Ана шу мақсадда мамлакатимизнинг етакчи исломшунос ва шарқшунос олимларидан иборат делегация Буюк Британияга сафар қилиб, илмий доиралар, таълим ва маданият муассасалари вакиллари, зиёлилар, диний соҳа намояндалари билан учрашув ва музокаралар ўтказмоқда.

Жумладан, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонасида бўлиб ўтган тадбирда йирик сиёсат арбоби, Лордлар палатаси вакили лорд Муҳаммад Илтаф Шайх бошчилигида "Кўҳна қитъа"даги нақшбандийлик тариқати вакиллари, уламолар, туристик компаниялар мутасаддилари қатнашди. Учрашувда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада рўй бераётган ижобий ўзгаришлар, зиёрат туризмини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, хусусан, ҳалол стандартининг жорий этилгани, юртимиздаги табаррук манзилларда сайёҳлар учун яратилаётган қулай шароитлар хусусида маълумот берилди. “Ўзбекистон – ислом маданияти жавоҳири” мавзусидаги тақдимот ва фильм намойиши бўлиб ўтди.

Лорд Муҳаммад Илтаф Шайх Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий йўналишлардаги ислоҳотлар мамлакатимиз халқаро нуфузининг янада юксалишига, турли соҳаларда Ўзбекистоннинг дўстлари ва ишончли ҳамкорлари сони ортишига хизмат қилаётганини қайд этди.

“Ўзбекистон ислом маданияти, фани ривожига улкан ҳисса қўшган. Агар Мирзо Улуғбек ҳозир ҳаёт бўлганида ўзбеклар биринчи бўлиб ойга сафар қилган бўларди. Ал-Хоразмийсиз замонавий технологиялар бўлмас эди. Жаҳон ҳамон тиббиётни Ибн Сино асарлари асосида ўрганмоқда. Биз радикаллашувга Ўзбекистон маданияти воситаси билан қарши курашишимиз керак. Сизлар Имом Бухорий ҳадисларини инглиз тилига таржима қилиб, шарҳлаб беринг. Биз бу китоблар билан жаҳолатга қарши курашамиз”, деди лорд Муҳаммад Илтаф Шайх.

Айтиш жоизки, Британияда буюк аждодларимиз Абдухолиқ Ғиждувоний асос солган ва Баҳоуддин Нақшбанд такомилига етказган хожагон-нақшбандия тариқати вакиллари иқтиқомат қилади. Уларнинг 70 дан зиёд жамоаси Британиянинг турли шаҳарларида кенг тарқалган.

“Ўзбекистонда Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ва тасаввуф алломалари илмий меросига қаратилаётган юксак эътибор ҳақида эшитиб, кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Ўзбекистондаги етти пир қадамжоларини зиёрат қилиш, Ғиждувоний ва Нақшбанд ҳазратларининг таваллуд саналарига бағишланган халқаро конференцияларда иштирок этиш орзусидаман. Бу юрт жаҳонга руҳий тарбия устозларини тақдим этган замин сифатида биз учун ҳамиша қадрли бўлиб қолади”, деди Буюк Британиядаги нақшбандия тариқати етакчиларидан бири шайх Зимер Солиҳий.

Учрашув қатнашчиларининг фикрича, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ўтказилажак етти пирга бағишланган халқаро семинар ва конференциялар шуниси билан ҳам аҳамиятлики, нақшбандия таълимоти уламолари, тадқиқотчиларини бир ерга жамлаш ва улар ўртасида доимий мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини беради. Бу эса илгари кузатилмаган ҳодисадир.

Шунингдек, учрашувда Буюк Британиядаги зиёрат туризми билан шуғулланувчи компания вакиллари қатнашиб, Ўзбекистонга махсус саёҳатларни ташкил этиш ҳақида мулоқот қилди.

“Бухоро, Самарқанд, Хива, Термиз каби тарихий шаҳарларга саёҳат қилиш британияликлар учун жуда ҳам қизиқарли. Тўғри, авваллари ҳам туристларимиз Ўзбекистонга борган. Лекин улар кам сонли эди. Компаниямиз мақсади британияликлар учун жозибали маршрутларни белгилашдир. Британиялик мусулмонлар Исломнинг муқаддас шаҳарлари – Макка ва Мадинадан кейин Самарқанд ва Бухорони зиёрат қилишни истайди”, деди “El-Sawi” компанияси раҳбари Х.Ал-Савий.

“Кўп мусулмон давлатларида, тарихий шаҳарларда бўлганман. Ҳеч қандай муболағасиз айтмоқчиманки, Ўзбекистон ҳақидаги фильмни томоша қилиб, юртингизга маҳлиё бўлдим. Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ минбаридан туриб илгари сурган ташаббусларини эшитдик. Бу таклифлар ҳозирги мураккаб давр учун ғоят муҳим аҳамиятга эга. Экстремизм, радикализмга қарши курашишда исломнинг асл манбалари – Имом Бухорий ҳадислари, Насафий тафсирларига мурожаат қилиш керак. Ўйлайманки, ислом маданиятини тушунмоқчи бўлганларни Ўзбекистонга олиб бориш зарур. Улар исломнинг ҳақиқий моҳиятини шу ерда кўради. Мени Ўзбекистонда нашр этилган Имом Бухорий ҳадислари тўплами – “Олтин силсила” китоби жуда ҳам қизиқтирди. Бугунги кунда нафақат Европада, балки бошқа минтақаларда ҳам ҳадисларни турлича таржима қилиш ва шарҳлаш ҳаракатлари кузатилаётганини ҳисобга олсак, бу ишни амалга оширишга исломнинг асл ғоялари тарқалган юрт, Имом Бухорийнинг чин ворислари биринчи галда ҳақли деб ҳисоблайман”, деди лондонлик имом Муҳаммад Саид.

Мулоқотлар самимий ва дўстона руҳда кечди. Иштирокчилар бу каби учрашувларни мунтазам ўтказиш, Буюк Британия жамоатчилиги учун Ўзбекистон ҳақида махсус кўргазмалар ташкил этиш таклифини билдирдилар.

Ўзбекистон делегациясининг Буюк Британияга сафари давом этмоқда.

ЎзА
13 600