Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.07.2017 21:18 Чоп этиш версияси

Корея Республикаси делегацияси Ўзбекистонда

Корея Республикаси делегацияси Ўзбекистонда Корея Республикаси пойтахти Сеул шаҳри мэри Пак Вон Сун раҳбарлигидаги делегация мамлакатимизнинг турли ташкилотларида учрашувлар ўтказди.

Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов билан мулоқот чоғида Тошкент ва Сеул шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалалари ҳақида сўз юритилди.

Меҳмонларга Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Тошкент шаҳрида транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини модернизация қилиш, саноат ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Сеул шаҳри мэри Пак Вон Сун Тошкент шаҳри билан кенг қамровли, тизимли ва узоқ муддатли ҳамкорлик қилиш тарафдори эканини таъкидлади. Пойтахтимизни 2030 йилгача ривожлантириш бўйича режаларни юқори баҳолаб, бу борадаги ишларда Жанубий Кореянинг шаҳарсозлик, транспорт, ахборот технологиялари, сервис ва бошқа соҳалардаги тажрибаси, ноу-хаулари билан қатнашиш ниятини билдирди.

Тошкент ва Сеул шаҳри бизнес вакилларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш, кичик бизнес соҳасига инвестициялар жалб этиш, тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри алоқаларини йўлга қўйишга келишиб олинди.

Пойтахтимиздаги Сеул боғида мамлакатимизда корейс миллати вакиллари истиқомат қилаётганининг 80 йиллиги муносабати билан ёдгорлик монументи очилди.

30.JPG

Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов, Сеул шаҳри мэри Пак Вон Сун, Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У, Ўзбекистон корейс маданият марказлари уюшмаси раиси Виктор Пак ва бошқалар Ўзбекистонда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакиллари қатори корейс миллатига мансуб аҳолининг ҳам ўз миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаши, бойитиши ҳамда келгуси авлодларга етказиши учун кенг имкониятлар яратилганини алоҳида таъкидлади. Корейс халқи номидан ўзбек халқининг бағрикенглиги ва меҳрибонлиги учун чуқур миннатдорлик рамзи сифатида очилган ушбу монумент халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бораётганининг амалий ифодаси экани қайд этилди.

Тақдир тақозоси билан бир пайтлар юртимизга келиб қолган корейслар ўзбеклар билан дўст-биродар бўлиб кетган, жамиятимизнинг фаол аъзоларига айланган. Корейс миллатига мансуб ватандошларимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатида, маҳаллий Кенгашларда, бошқарув органларида, иқтисодий-ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида фаолият юритмоқда.

– Ўзбекистонда корейс диаспораси эмин-эркин, тинч ва осуда яшаши йўлида яратган ва яратилаётган муносиб шароит ва имкониятлар учун давлатингиз ва халқингиздан ғоят миннатдормиз, – деди Пак Вон Сун. – Тошкентдаги Сеул боғида Ўзбекистонда корейс миллати вакиллари истиқомат қилаётганининг 80 йиллиги муносабати билан очилган ёдгорлик монументи мамлакатларимиз ўртасида дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тадбирда дўстлик ва тинчликни, икки халқнинг анъана ва қадриятларини улуғловчи куй-қўшиқлар янгради, жозибали рақслар ижро этилди.

Халқаро ҳамкорлик марказида шаҳар жамоат транспортини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон – Жанубий Корея конференцияси бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг транспорт ва транспорт коммуникациялари, шаҳар инфратузилмаси, ахборот технологиялари каби соҳаларга оид вазирлик ва идоралари, фирма ва компаниялари вакиллари иштирок этди. Унда Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Мазкур форум мамлакатларимиз ўртасида шаҳар инфратузилмаси, транспорт ва АКТ соҳаларидаги алоқаларни янада фаоллаштиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда шаҳарларнинг замонавий архитектура қиёфасини ривожлантириш, уй-жой ва ижтимоий-маиший қурилишни такомиллаштириш, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини реконструкция қилиш, янгилаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Форумда меҳмонларга Тошкент шаҳрида транспорт ва коммуникациялар соҳасини ривожлантириш, замонавий уй-жойлар барпо этиш, инфратузилма, коммунал ва ижтимоий соҳаларни такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан Сеул шаҳар мэрияси ўртасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш тўғрисида баённома, Тошкент ва Сеул шаҳарлари ўртасида АКТ соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди.

Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
13 117






Все о погоде - Pogoda.uz