Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.10.2017 22:53 Чоп этиш версияси

Коммунал хизматлар сифати – аҳоли фаровонлиги ва розилигининг муҳим омили

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 октябрь куни аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш, кўп қаватли уй-жойлар, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларининг ҳолати таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда аҳолига уй-жой коммунал хизматлари кўрсатишни тубдан яхшилаш, уй-жой фонди ва ижтимоий объектлардан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг иш сифатини юксалтириш ва молиявий-иқтисодий барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг бориши кўриб чиқилди.

Президентимиз одамларнинг кундалик ҳаёти, фаровонлиги, саломатлиги ва кайфиятига бевосита дахлдор бу масалаларга доимий эътибор қаратиб келмоқда. Шу мақсадда давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 18 апрелдаги “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тузилди. Ўтган даврда вазирлик томонидан кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва таъмирлаш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини мувофиқлаштириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини эксплуатация қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ мутасадди вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат иккита махсус ишчи гуруҳ тузилди. 1-ишчи гуруҳ томонидан Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида, 2-ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларидаги ҳолат ўрганилди. 18 июлдан 30 сентябргача давом этган ўрганишларда соҳадаги муаммоларни бартараф этиш бўйича белгиланган чора-тадбирларнинг ҳар бир шаҳар ва туманда бажарилиши таҳлил қилинди. Асосий эътибор кўп қаватли уй-жой фонди, ижтимоий соҳа объектлари, ичимлик суви, электр энергияси, иссиқлик, табиий ва суюлтирилган газ таъминоти, кўмир етказиб бериш, санитар тозалаш каби масалаларга қаратилди. Жойларда аҳоли, маҳалла фаоллари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, уларнинг талаб ва таклифлари инобатга олинди.

Йиғилишда ишчи гуруҳлар раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 июндаги "Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг ижроси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда тизимли ишлар амалга оширилган. Марказий қозонхоналар, иситиш қозонлари, иссиқлик, сув, газ, электр тармоқлари таъмирланган.

Кўп қаватли уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида ишлаб чиқилган дастур асосида уйларнинг том қисмлари таъмирланган, йўлаклар ва ертўлалар тартибга келтирилган. Болалар майдончалари қурилган. Маиший чиқиндилар махсус жойларга ташиб кетилган.

Таълим муассасалари, болалар уйлари, шифохоналар ва бошқа ижтимоий объектларда таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

Олис ва табиий газ етиб бормаган аҳоли пунктларига зарур миқдорда маиший газ баллонлари етказиб берилган.

Йиғилишда аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларини электр ва иссиқлик энергияси, ичимлик суви, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари билан таъминлаш, кўп қаватли уй-жой фондини сақлаш, оқова хизматлари кўрсатиш борасидаги ишлар танқидий таҳлил қилинди. Бу жабҳалардаги ишларни изчил давом эттириш, барча уй-жойлар, мактаб, шифохона ва бошқа ижтимоий объектларнинг куз-қиш мавсумида иссиқ бўлишини таъминлаш юзасидан муҳим вазифалар белгиланиб, ишчи гуруҳларга зарур кўрсатмалар берилди.

Президентимиз куз-қиш мавсумига тайёргарлик дастурлари ижросини танқидий қайта кўриб чиқиш, режалаштирилган чора-тадбирларни манзилли ва мақсадли амалга ошириш, маблағлардан самарали фойдаланиш, энергия тежамкор технологияларни қўллашни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Бу борадаги ишларни вилоятлар ва соҳалар кесимида эмас, маҳаллама-маҳалла, уйма-уй амалга ошириш кераклиги қайд этилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларига уй-жойлар ва ижтимоий-иқтисодий объектларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларини якунлаш, аҳолини электр, иссиқлик, газ, сув ва бошқа ҳаётий зарур воситалар билан узлуксиз таъминлаш, одамларнинг фаровонлиги ва розилигини ошириш бўйича кўрсатма ва топшириқлар берди.

ЎзА
7 319






Все о погоде - Pogoda.uz