Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.08.2017 19:41 Чоп этиш версияси

Ислоҳотлар юрт тараққиётига хизмат қилмоқда

Ислоҳотлар юрт тараққиётига хизмат қилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олмалиқ шаҳрига ташрифи шаҳар аҳолисига кўтаринки кайфият бахш этди

Ватанимиз тупроғининг ҳар зарраси зарга тенг. Зеро, бу замин – чўпдан боғу бўстон яратиб фаровонлигимизни таъминлаётган, машҳур Менделеев жадвалидаги элементларнинг қарийб барчасини замонлар оша ўз қаърида асраганча бугун бизга тортиқ этаётган муқаддас диёрдир. Нафақат таъми дунёнинг бошқа ҳеч бир ҳудудида учрамайдиган сархил мева-сабзавоту полиз маҳсулотлари, балки ноёб маъданлари ҳам ўзининг олий сифати билан халқаро эталон даражасида эътироф этиладиган шундай замин яна қайда бор?! Энг муҳим ҳақиқат шуки, бу неъматлар одамларнинг бугунидан рози бўлиб ҳаёт кечириши, эртанги кунга катта ишонч билан яшаши учун восита бўлишини таъминлаш юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор мезонига айланган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шаҳарга ташрифи доирасида бўлиб ўтган учрашувларда, хусусан, "Олмалиқ кон-металлургия комбинати ривожланишининг иккинчи босқичи" лойиҳаси бўйича ишлар бошланишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Олмалиқни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли фаровон турмуш кечириши учун янада қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Айни пайтда давлатимиз раҳбари бу каби конларни ўзлаштиришда Ўзбекистон мустақил давлат сифатида биринчи марта ўз кучи ва салоҳиятига таяниб иш бошлаганини таъкидлади. Президентимизнинг ташриф давомида билдирган фикрлари, шаҳарни янада обод қилиш ва янги ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этиш борасидаги таклифлари нафақат мутахассисларда, балки кенг жамоатчиликда ҳам катта қизиқиш уйғотди.

Тўй – маънавиятимиз кўзгуси

Энди ФҲДЁ бўлими мудираси илгаригидек фақат никоҳни расмийлаштириш билангина чекланиб қолмайди. Бундан буён ФҲДЁ биносининг ўзида 200 кишилик тўй ўтказадиган жой бўлади. Тўйда қанча санъаткор иштирок этади, дастурхонга қандай ноз-неъмат тортилади, қанча сарф-харажат қилинади – ҳаммаси тўй эгасига олдиндан билдирилади. Профилактика инспектори тўйнинг тартибли ўтишини назорат қилади.

Президентимизнинг тўйларимиздаги ортиқча дабдабабозликка барҳам бериш борасидаги ушбу хайрли ташаббуси халқимизнинг айни кўнглидаги гап бўлгани учун ҳам барчани тўлқинлантириб юборди. Бу борада кўриладиган чора-тадбирлар аҳоли фаровонлигини юксалтириш билан бирга, одамларнинг ҳаётга, оилага муносабатини ўзгартириш, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

– Ҳозирги тўйлардаги исрофгарчиликларни кузата туриб, маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Бизни кемиргувчи иллатлар» деган одатларимиз, шу тўй ва таъзия исминдаги девоналигимиздан иборатдур...», деган гапларини тез-тез эслайман. Буни қарангки, орадан бир асрдан зиёдроқ вақт ўтса ҳамки, биз бу иллатдан қутула олмаяпмиз, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Жонсаид Турдиев. – Лекин ҳамма иллатнинг илдизи одамлар орасида мен сендан камми, деган қараш пайдо бўлиб, тўйларимиз кимўзарга айланиб кетганида эканини ўйламаймиз. Президентимизнинг шаҳримиз ёшлари, жамоатчилик вакиллари билан учрашувдаги маърузасини бутун маҳалла аҳли бир жойда йиғилиб телевизорда кўрдик. Давлатимиз раҳбари "Оилавий маросимларни тартиб-интизом билан ўтказишга энди адлия идоралари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи масъул бўлади. Маҳаллалардаги кам таъминланган аҳолининг тўйларини ўтказишга кўмаклашилади", деганларида одамлар қувончдан қарсак чалиб юборди. Тўйларнинг бундан сўнг жамоатчилик назоратида бўлиши оилавий маросимлар миллий қадриятларимиз асосида тартибли, ихчам ва камхарж ўтишида муҳим аҳамият касб этади.

25.JPG

– Яқинда маҳалламизда бир тўй бўлди. Тўй олдидан хонадон эгалари маҳалла фаолларини чақириб, маслаҳат қилди. Кенгашиб, тўйга сарфланадиган харажатларни қисқартириб, иқтисод қилинган маблағга ёш оилага маиший техника олиб беришга қарор қилинди, – дейди Олмалиқ шаҳар Ҳамид Олимжон номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси Раъно Эрқулова. – Бундан кейин маҳалла фаоллари ҳар бир тўйга шу тартибни жорий қилишга келишиб олдик.

Олмалиқ шаҳри марказидаги Хотира майдони ҳамиша гавжум. Айниқса, турмуш қураётган ёш оилалар бу ерга келиб, бугунги тинч-осойишта ва фаровон ҳаётимиз учун жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтириши яхши анъанага айланган. Оила қураётган ёшлар бу масканни сайр қилиши учун ҳам барча шароит мавжуд.

– Бугун тўйим, дўстларим билан шаҳар айлангани келдик. Хотира майдонидаги она ҳайкали пойига гул қўйиб, бугунги тинч ҳаётимиз учун курашган ота-боболаримиз хотирасига ҳурмат бажо келтиришни бурчим, деб биламан, – дейди пискентлик Қосим Мамажонов. – Тўйимиз Пискент шаҳрида ўтказилади, 200-250 киши айтганмиз. Ёш оилаларнинг тақдири кўп ҳолларда тўйлардаги исрофгарчилик орқасидан жар ёқасига келиб қолаётганини биз ёшлар ҳам ўйлашимиз керак.

Турмуш чиройи

Олмалиқ – кончилар шаҳри. Куни бўйи конда ишлаб чарчаган ишчиларга ишдан сўнг фарзандлари билан кўнгилли ҳордиқ чиқариши учун шарт-шароит яратилиши уларнинг эртанги иш унумдорлигини оширишга хизмат қилади.

– Президентимизнинг шаҳримизга келиши катта ўзгаришларни бошлаб берди. Зеро, аҳоли учун кўп қаватли арзон уйлар қурилиши, янги иш ўринлари яратилиши, кичик саноат зонаси барпо этилиши ҳаётимизни буткул ўзгартириб юборади, – дейди ишчи Маҳмуд Қаршибоев. – Олмалиқ шаҳрининг бош режаси асосида янги турар жой комплекси, ижтимоий-иқтисодий объектлар, Жанубий Корея тажрибаси асосида Сеул боғи барпо этилишини эшитиб, жуда хурсанд бўлдик. Бу ишларнинг амалга оширилиши яқин йилларда Олмалиқ шаҳри қиёфасини буткул ўзгартириб юбориши билан бирга, одамлар турмуш сифати ва даражасини янада юксалтиради.

Бугунги кунда Олмалиқ шаҳрида “Болажон” боғи ва аквапарк мавжуд бўлиб, келгусида аҳолининг кўпайиши ҳамда бош режа асосида шаҳар ҳудудининг кенгайиши одамларнинг соя-салқин боғлар, турли замонавий дам олиш масканларига эҳтиёжини оширади. Табиий иқлим шароити ҳисобга олинган ҳолда, шарқона усул ва халқимизнинг миллий ҳаёт тарзи, замонавий муҳандислик коммуникациялари билан уйғун равишда барпо этиладиган Сеул боғида йилнинг тўрт фаслида ҳам ҳордиқ чиқариш учун кенг имкониятлар яратилади. Буларнинг барчаси шаҳар аҳолисининг муносиб ҳаёт кечиришига хизмат қилади.

Дарҳақиқат, Ўзбекистонимизда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги турар жой комплекслари, зарур инфратузилма барпо этиш, аҳоли ҳаёт фаровонлигини юксалтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётир. Мана шундай қулайликлар, замонавий шарт-шароитлар яратиб берилаётгани халқимизнинг давлатимизга, Президентимиз олиб бораётган сиёсатга ишончини янада мустаҳкамламоқда.

“Ойдин” бозорининг ойдин истиқболи

Президентимиз ташрифи давомида Олмалиқ шаҳридаги “Ойдин” деҳқон бозори ва буюм бозорининг бугунги ҳолати, хизмат кўрсатиш даражаси талабга жавоб бермай қолгани, ушбу бозорларни капитал реконструкция қилиш, қўшимча бино ва савдо нуқталари барпо этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилганини маълум қилди.

Давлатимиз раҳбарининг бу ташаббуси сотувчи ва харидорларда қандай таассурот уйғотганини билиш мақсадида ушбу бозорда бўлдик.

Ҳудуд тоза ва озода, расталар бўялган, тартиб рақами билан белгиланиб, сотувчилар бир хилдаги "Олмалиқ Ойдин деҳқон бозори" логотипи туширилган фартуклар билан таъминланган. Улардан бирини суҳбатга тортдик. Аввалига бир оз ҳаяжонланган сотувчи Президентимиз ташрифи ҳақидаги фикрлари билан қизиқаётганимизни билгач, тўлқинланиб сўзлай кетди:

9 (2).JPG

– Телевизор орқали ташриф якунларини кўрдим. Бугун бозорда ҳамманинг оғзида шу гап. Президентимизнинг шаҳримизга келгани, янги коннинг очилишида иштирок этгани, энг асосийси, бизнинг бозорда ҳам бўлиб, халқ билан мулоқот қилгани ҳазил гап эмас ахир! 11 август Олмалиқ шаҳри тарихида унутилмас кун бўлиб қолади. Сабаби, бу кун Президентимиз ташаббуси билан янги кон – юртимиз истиқболида муҳим ўрин тутадиган яна бир йирик корхонага тамал тоши қўйилди.

Янги лойиҳада деҳқон бозоридаги турғун савдо нуқталарини тартибга келтириш, замонавий автотураргоҳ, буюм бозори учун 450 ўринли павильонлар барпо этиш режалаштирилган.

Ҳақиқатан ҳам, бозорни айланган киши давлатимиз раҳбари нима сабабдан бозорларни тартибга келтириш ва уларни замонавий савдо нуқталарига айлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратаётгани боисини янада теран англайди. Шаҳардаги энг йирик бозор бўлмиш "Ойдин" деҳқон бозорининг орқа томони ва буюм бозори мутлақо таъмирталаб. Бозор ҳудудидаги бино ва иншоотлар режасиз қуриб ташланган.

“Ёшлик”нинг умидли ёшлари

Эндиликда "Ёшлик" кони деб юритилаётган “Олмалиқ кон-металлургия комбинати ривожланишининг иккинчи босқичи” лойиҳасини амалга ошириш ишлари жадал бошлаб юборилган.

– Ҳали ҳаяжонимиз босилмади. Давлатимиз раҳбари комбинат ходимлари билан учрашганда биз, ёшларга ишончининг яна бир намойиши сифатида мана шу конни "Ёшлик", деб номлагани нафақат Олмалиқ, балки бутун юртимиз ёшларини тўлқинлантириб юборди, – дейди Олмалиқ кон-металлургия комбинати Ёшлар иттифоқи раҳбари Беҳзод Салимов. – Ахир бу юртимизда ёшлар номи билан юритиладиган биринчи шундай ишлаб чиқариш объекти-да. Биргина корхонада 10 мингдан ортиқ кишининг бандлиги таъминланиши чакана гап эмас. Ёш мутахассислар учун 2017-2021 йилларда 400 оилага мўлжалланган янги кўп қаватли 9 уй, мактабгача таълим муассасаси ва 240 ўринли 2 ётоқхона барпо этилади. Ёшлар ҳаётида катта аҳамиятга эга бундай лойиҳалар бизнинг шаҳримизда амалга оширилишидан қувонмай бўладими?!

Ҳаяжон билан гапираётган Беҳзод Президентимиз билан учрашувда комбинатнинг мис бойитиш цехи мутахассиси Розия Пўлатова ҳам сўзга чиққанини айтиб қолди. Уни қаердан топишимиз мумкинлигини сўраганимизда, ҳозир олий таълим даргоҳида ўқиш учун ҳужжат йиғиш билан бандлигини, истасак, телефон рақамини беришини айтди. Беҳзод берган рақамни тердик. Телефондан "Лаббай!" деган майин овоз эшитилди.

Розияхонга ўзимизни таништиришимиз билан Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиалининг биринчи талабаси бўлганини мамнуният билан айтди: "Маълумотим ўрта махсус эди. Соҳам бўйича олий маълумот олишни орзу қилардим. Ниятим холис экан. Президентимизнинг ёшларга қаратаётган алоҳида эътибори туфайли, мана, талабалик бахтига муяссар бўлдим. Бундан қанчалар хурсанд бўлсам, шунча масъулият ҳам зиммамда эканини яхши биламан. Вилоятларда меҳнат қилаётган мен каби минглаб тенгдошларимга ҳам мана шундай кенг имкониятлар яратиб берилаётган юрт фарзанди эканимдан фахрланаман. Шу азиз Ватан, шу улуғ халқимиз учун фидойилик билан меҳнат қиламиз!"

“Саховат”нинг тароватлари

Шаҳар ҳокимлиги биносининг шундоққина рўпарасида Саховат маҳалласи жойлашган. Олмалиқнинг бошқа ҳудудларида бўлгани сингари бу ердаги кўп қаватли уйларнинг аксарияти камида чорак аср аввал бунёд этилган. Шунга қарамай, иссиқ ва совуқ сув, газ таъминоти, оқова сув масалаларида муаммолар йўқ. Уйларнинг олди баҳоли қудрат ободонлаштирилган, болалар майдончалари кичкинтойлар билан гавжум.

– Президентимизнинг шаҳримизни Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳомийлигига ўтказиш ҳақидаги ташаббуси кўнглимиздаги гап бўлди, – дейди “Саховат” маҳалла фуқаролар йиғини раиси вазифасини бажарувчи Раъно Мирзабоева. – Чунки маҳалламизда комбинат ишчи-хизматчилари истиқомат қиладиган уйлар комбинат оталиғида бўлгани сабабли ичкариси ҳам, ташқи томонлари ҳам таъмирланган, ҳамиша саранжом-саришта, атрофи кўкаламзорлаштирилган, болалар майдончаларида ҳамма шароит яратилган. Аксарият хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига қарашли кўп қаватли уйларда бундай қулайликларга ҳамиша ҳам гувоҳ бўлавермайсиз.

Маҳалла фаоллари билан аҳолининг яшаш шароитларини ўрганар эканмиз, жажжигина қизалоқнинг қўлидан тутганча кўп қаватли уйларнинг биридан чиқиб келаётган йигитни гапга тутдик:

– Саховат маҳалласи профилактика инспектори Жавлонбек Нурматовман. Яқинда мана шу 3 хонали хизмат уйига кўчиб ўтдим. Шу пайтга қадар ҳар куни 20 чақирим йўл босиб, ишга қатнаган хизматчи сифатида шуни ишонч билан айтаманки, Президентимизнинг профилактика инспекторлари яшаш шароитини яхшилашга қаратилган ташаббуслари биз учун ҳам, маҳалла-кўй учун ҳам катта қулайлик бўлди. Чунки энди оилам ёнимда, ҳудуднинг осойишталигини таъминлаш учун керак бўлса, суткасига 24 соат ишлашим мумкин.

Инсоннинг хотиржам яшаши ва ишлаши, энг аввало, у яшаб турган хонадон, уй ва маҳалланинг тинч-тотувлиги, қулай яшаш муҳити билан боғлиқ. Шу маънода Саховат маҳалласида истиқомат қилаётганлар бундай ташвишлардан фориғ бўлиб, иш унумдорлигини янада ошираётган бўлса, Бирдамлик кўчаси фуқаролари қимматли вақтини турли маиший муаммоларни ҳал этиш учун аризабозликка сарфлашга мажбур бўлмоқда.

– Тўртинчи қаватда яшайман, – дейди Бирдамлик кўчаси 18"а"-уй, 16-хонадон бекаси Нигора Рамазонова. – Уйимиз томидан тинмай чакка ўтади. Ўтган йили ширкатга мурожаат қилганимизга қарамай, шу пайтга қадар ҳеч қандай таъмирлаш ишлари бошланмади. Канализация ишламаслиги оқибатида уйимиз ертўласи оқова сув билан лиқ тўла.

Айрим амалдорларнинг халқнинг оғирини енгил қилишдан кўра, идорада ўтириб олиб мажлисбозлик ва қоғозбозлик ишлари билан кўпроқ банд бўлаётгани оддий одамларнинг давлат идораларига бўлган ишончига путур етказмоқда. Президентимизнинг ҳоким, прокурор, солиқ ва ички ишлар идоралари бошлиқлари ҳар уч ойда аҳоли хонадонларига бирма-бир кириб чиқиши ҳақидаги фикрлари нафақат Олмалиқ аҳли, балки барча юртдошларимизнинг айни кўнглидаги гап бўлди.

– “Мухлиса Баҳор Гули” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ҳудудидаги 3-чиқинди йиғиш шохобчаси кўчирилса ёки ҳеч бўлмаганда чиқиндилар ҳар куни олиб чиқиб кетилса, яхши бўларди, – дейди Амир Темур кўчасидаги 18"а"-уйда истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар. – Тўртта контейнер бир кунда тўлади, лекин чиқинди фақат уч-тўрт кунда бир марта олиб кетилади. Чиқиндихона уйимиздан атиги бир неча метр нарида жойлашгани сабабли атрофни бадбўй ҳид тутиб кетади, турли зараркунандалар уйга ёпирилиб киради. Устига-устак болалар майдончасига ҳам яқин. Мутасадди ташкилотларга мурожаат қилсак, отанг яхши, онанг яхши қабилида иш тутишмоқда. Президентимизнинг шаҳримизга ташрифидан кейин бизни қийнаётган шу каби муаммолар ниҳоят узил-кесил ечим топишига ишонамиз.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг вилоят ва туманларга ташрифи ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жойларда ечимини кутаётган муаммоларни очиқ мулоқотлар орқали бартараф этиш, энг муҳими, халқимиз учун муносиб турмуш шароити яратишда юксак самаралар бермоқда. Олмалиқ шаҳрига ташриф давомида билдирилган фикрлар, илгари сурилган таклифлар, амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳа ва ташаббуслар мамлакатимиз иқтисодий тараққиётини янги босқичга кўтариш билан бирга, одамларда адолатга, давлатга ишончни мустаҳкамлаб, уларни янги марралар сари руҳлантирмоқда.

Абу Бакир Ўрозов, Матназар Элмуродов, Беҳзод Бозоров, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА
4 420






Все о погоде - Pogoda.uz