Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.05.2017 00:08 Чоп этиш версияси

Ишонч ёрлиқлари топширилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 май куни Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси раҳбари этиб тайинланган Эдуардс Стипрайс, Қирғизистон Республикаси, Франция Республикаси, Италия Республикаси, Чехия Республикаси, Япония, Миср Араб Республикаси, Туркия Республикаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчилари этиб тайинланган Данияр Сидиқов, Виолен де Вильмор, Андреа Бертоцци, Ярослав Сиро, Нобуаки Ито, Амани ал-Итр, Аҳмет Башар Шен, Ҳишам бин Мишал ал-Сувейлимдан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.

Президентимиз дипломатик миссиялар раҳбарларини самимий қутлар экан, Ўзбекистон ушбу давлатлар билан ҳамкорликни изчил ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратишини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган дастлабки кунлардан бошлаб пухта ўйланган ташқи сиёсатни изчил амалга ошириб келмоқда, деди Шавкат Мирзиёев. Унинг замирида халқимизнинг кўп асрлик тарихи, маданияти, анъана ва қадриятлари, эзгу орзу-интилиш ва манфаатлари мужассамдир.

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомида мустаҳкамлаб қўйилган асосий ҳуқуқий тамойилларга ва Конституциямизга, мамлакатимиз ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга тўлиқ мос ҳолда амалга оширилмоқда.

Биз бундан буён ҳам ташқи сиёсатимизни олиб боришда Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият концепциясида белгиланган стратегик вазифалар ва устувор йўналишларга таянамиз.

Биз ўзимиз танлаган, тинчликпарварликка асосланган, юзага келадиган зиддият ва қарама-қаршиликларни фақат тинч, сиёсий воситалар билан ҳал этишга қаратилган йўлга доимо содиқмиз, деди давлатимиз раҳбари.

Ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, бошқа давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектларининг Ўзбекистон ҳудудида жойлашувига, ҳарбийларимизнинг чет эллардаги операцияларда иштирок этишига йўл қўймаслик давлатимизнинг қатъий сиёсий позицияси бўлиб қолади.

Ташқи сиёсат соҳасидаги барча ҳамкорларимизга нисбатан очиқлик ва хайрихоҳлик руҳида, прагматик сиёсат олиб борамиз, деб таъкидлади Президентимиз Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан самарали муносабатларни юксак қадрлайди. Бунинг мустаҳкам ҳуқуқий негизини Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ташкил этади. Ушбу ҳужжат асосида кўп қиррали муносабатларнинг таъсирчан механизмлари – Ҳамкорлик кенгаши ва қўмитаси, Парламентлараро ҳамкорлик қўмитаси ва бошқа тузилмалар фаолият кўрсатмоқда.

“Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” форматидаги вазирларнинг навбатдаги учрашуви шу йил кузда Ўзбекистонда ўтказилиши ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Ўтган йили “Тўқимачилик битими”нинг Европа парламенти томонидан тасдиқлангани савдо-иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш учун янги истиқболлар очмоқда.

Мамлакатимиз Ўзбекистон – Европа шериклигининг кенг кўламли инвестиция дастури доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича фаол иш олиб бормоқда.

Ўзбекистон дунёдаги барча давлатлар, аввало, қўшни мамлакатлар билан яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Халқимизда “Ён қўшни – жон қўшни”, “Қўшнинг тинч – сен тинч” деган мақоллар бор. Булар тарих тажрибасидан келиб чиқиб, неча минг йиллик яхши қўшничилик муносабатларини инобатга олиб айтилган буюк ҳикматли сўзлардир.

Ўзбекистон Республикаси Қирғизистон Республикаси билан ўзаро манфаатли алоқаларни янги босқичга кўтаришни муҳим вазифа деб билади. Халқларимиз ўртасидаги замонлар синовидан ўтган қардошлик ришталари ўзаро ҳурмат ва дўстлик муносабатлари, муштарак маданий қадриятлар орқали узвий боғланиб кетган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоевнинг Самарқанд шаҳрида ўтказган музокаралари икки томонлама ҳамкорлик соҳасида янги саҳифа очди. Мамлакатимиз Қирғизистон билан ўзаро ҳурмат, бир-бирининг манфаатларини тан олиш асосида ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ тарзда янада самарали ҳамкорлик қилишга тайёр.

Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги кенг кўламли алоқалар изчил ривожланиб бормоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоси сифатида Франция Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд яратиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлаган.

Давлатларимиз ўртасида фаол сиёсий мулоқот олиб борилмоқда. Шу йил март ойида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Парижга, апрель ойида эса Франция ташқи ишлар вазири Тошкентга ташриф буюрди.

Франция компанияларининг мамлакатимиз иқтисодиётидаги иштирокини, икки томонлама савдо ҳажми ўсиб бораётганини алоҳида қайд этиш зарур. Ўзбекистонда Франция тараққиёт агентлигининг тузилмаси иш бошлади.

Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ўзаро алоқаларнинг муҳим йўналиши ҳисобланади. Ёшларимизнинг француз тилини пухта ўрганиши учун “Француз альянси”нинг мамлакатимиздаги фаолияти қўллаб-қувватланмоқда.

Ўзбeкистoн билан Итaлия ўртасидаги муносабатлар изчил ривoжлaниб бормоқда. Икки давлат пaрлaмeнтлaри орасида яқин ва самарали ҳамкорлик йўлгa қўйилгaни эътиборга сазовордир.

Сaвдo, иқтисoдиёт вa саноат сoҳaсидaги ҳaмкoрлик ҳамда экспoрт крeдитлари бўйича Ўзбекистон – Италия ҳукуматлараро ишчи гуруҳининг шу йил Рим шаҳридаги нaвбaтдaги йиғилиши икки тoмoнлaмa сaвдo-сотиқ ҳажмининг ўсиши, иқтисодиётимизга Италия сармоялари ортиши учун қулай шарт-шароит яратади.

2009 йилда Тoшкeнт шаҳридa oчилгaн Турин пoлитexникa унивeрситeти Ўзбекистон ёшлари ҳавас билан интиладиган олий ўқув юртларидан биридир. Иқтисoдиётнинг реал сeктoридаги тaлaбни инобатга олган ҳолда, жорий йилда мазкур унивeрситeт учун қaбул квoтaлaрини oшириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Ўзбeкистoн Республикаси билан Чехия Республикаси ўртасидаги дўстона муносабатлар мустаҳкамланмоқда. 2015 йилда Чехия Сенати раиси М.Штех, жорий йил февраль ойида Депутатлар палатаси раиси Я.Гамачек бошчилигидаги делегациялар мамлакатимизда бўлди. Томонлар турли даражадаги, жумладан, олий мақомдаги ташрифларни амалга оширишдан манфаатдор.

Савдо, инвестиция ва туризм соҳаларида ҳали ишга солинмаган катта имкониятлардан келгусида Ўзбекистон ва Чехия равнақи, халқларимиз фаровонлиги йўлида кенг фойдаланиш мумкин.

Япония Ўзбeкистoннинг ташқи сиёсатида алоҳида ўрин тутадиган стратегик ҳамкоридир. Япония нафақат иқтисодий ривожланган, балки глобал муаммоларни ҳал этишда тобора сезиларли роль ўйнаётган қудратли давлатдир.

Япония Бош вазири Синдзо Абэнинг 2015 йил октябрда Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи кўп қиррали ҳамкорлигимизни стратегик шериклик руҳида ривожлантириш йўлида янги қадам бўлди.

Ўзбекистон Япония билан инвестициявий ва молиявий-техник ҳамкорликни янада кенгайтириш, юқори технологиялар, транспорт инфратузилмаси, коммуникация, машинасозлик каби истиқболли тармоқлар бўйича лойиҳа ва дастурларни биргаликда амалга оширишга тайёр.

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети қошида ташкил этиладиган Ўзбекистон – Япония ёшлар инновация марказининг ишга туширилиши мўлжалланмоқда. Мазкур марказ саноат тармоқларига энг илғор инновацион ғоя ва технологияларни кенг татбиқ этиш, соҳа ривожини янги босқичга кўтаришда катта аҳамиятга эга бўлади.

Ўзбекистон ва Миср халқларини кўп асрлик ришталар, муштарак маданий қадриятлар боғлаб туради. Нил дарёсида сув ҳажмини ўлчайдиган ноёб қурилма – ниломер ускунасини яратган буюк аждодимиз Аҳмад Фарғонийнинг бой илмий мероси билан халқларимиз бирдек фахрланади.

Аллома бобомизнинг Қоҳира шаҳрида барпо этилган муаззам ҳайкали тимсолида Миср халқининг ўзбек халқига бўлган юксак ҳурмат-эҳтироми ифодасини кўрамиз.

Ўзбекистон нафақат минтақада, балки араб ва мусулмон оламида катта обрў-эътиборга эга Миср Араб Республикаси билан анъанавий дўстона ҳамкорликни янги босқичга кўтаришдан манфаатдор.

Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган давлатлардан. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг Самарқандда ўтган музокаралари давлатларимиз ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш жараёнини бошлаб берди.

Ўзбeкистoн икки томонлама келишувларни амалга ошириш бўйича барча соҳаларни қамраб олган Амалий ҳаракатлар режасини, яъни ўзига хос “йўл харитаси”ни қабул қилди. Ўзаро савдо ҳажмини кўпайтириш ва истиқболли инвестиция лойиҳаларни амалга оширишда Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия фаолиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Яқинда Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг Туркияга ташрифи чоғида савдо ва сармоявий, туризм, транспорт коммуникациялари, логистика ва бошқа соҳаларда эришилган келишувлар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

Туркия ташқи ишлар вазирининг яқинда Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи доирасида ана шу масалалар муҳокама қилинди.

Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан ҳамкорлик Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этади.

Сўнгги йилларда ҳаж амалини адо этишни истаётган юртдошларимиз ортиб бораётганини инобатга олиб, 2017 йилда мамлакатимиздан ҳаж зиёратига борувчилар сони оширилди.

Ўзбекистон Саудия Арабистони билан халқаро ташкилотлар доирасидаги алоқалар, жумладан, Ислом ҳамкорлик ташкилоти билан ўзаро муносабатларга алоҳида аҳамият қаратади. Ўзбекистон ҳозирги вақтда ушбу ташкилотнинг Ташқи ишлар вазирлари кенгаши фаолиятига раислик қилмоқда.

Ўзбекистон Саудия Арабистони билан ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли муносабатларни савдо-иқтисодий, сармоявий ва молиявий соҳаларда янада фаоллаштириш тарафдори.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев элчиларни мамлакатимизда иш бошлаётгани билан самимий табриклаб, уларнинг масъулиятли фаолиятига муваффақият тилади.

ЎзА
5 319






Все о погоде - Pogoda.uz