ЎзА Ўзбек

14.03.2018 22:30 Чоп этиш версияси

Қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш – юқори ҳосилдорлик омили

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 март куни қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш ва соҳани замонавий техникалар билан таъминлаш бўйича ишлар натижадорлиги, мавжуд муаммолар ва энг долзарб вазифалар таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Мамлакатимиз иқтисодиётининг барча жабҳалари қатори қишлоқ хўжалигида ҳам муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ва сифатли ҳосил олиш, тармоқни илғор усуллар асосида ривожлантиришда соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, машина-трактор паркларини замонавий техника ва агрегатлар билан таъминлаш муҳим ўрин тутади.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 17 ноябрдаги “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тизими тубдан қайта ташкил этилди.

Тармоқнинг техникавий базасини такомиллаштириш мақсадида “Ўзагротехсаноатхолдинг”, қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш бўйича “Ўзагротехмаш”, лизинг асосида етказиш бўйича “Ўзагролизинг”, сервис ва механизация хизматлари кўрсатиш учун “Ўзагросервис” жамиятлари тузилди. Машина-трактор паркларининг бюджет олдидаги қарзларини тўлаш муддати 2 йилга кечиктирилди.

Жиззах, Сирдарё, Тошкент ва Наманган вилоятларида фермерлар учун лизинг муддати 10 йилдан 12 йилга, машина-трактор парклари учун 7 йилдан 10 йилга узайтирилди. Фермерлар ва машина-трактор паркларига қишлоқ хўжалиги техникасини сотиб олиш учун 5 фоизли имтиёзли кредитлар ажратилди.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2017 йилда қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш ва лизинг хизматлари 1,7 баробар, механизация хизматлари 2,5 баробар ортди.

Йиғилишда қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш, сервис хизматини яхшилаш, импортни оптималлаштириш, экспортни кенгайтириш бўйича муайян камчиликлар мавжудлиги, қишлоқ хўжалиги техника билан 85 фоиз таъминлангани, маълум қисми эскиргани, уларни ўз вақтида янгилаш чоралари кўрилмагани қаттиқ танқид қилинди. Белгиланган вазифаларнинг ижросини ўз вақтида назорат қилмагани учун Бош вазир ўринбосари – “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Н.Отажоновга ҳайфсан берилди. Ишда йўл қўйган сусткашлиги ва жиддий хатолари учун “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосарлари – “Ўзагросервис” акциядорлик жамияти бош директори Р.Аҳмедов, “Ўзагролизинг” акциядорлик жамияти бош директори Ҳ.Имомов, Вазирлар Маҳкамаси Ахборот-таҳлил департаменти мудири А.Рафиқов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Бугунги кунда тармоқда 172 мингдан ортиқ техникага талаб бўлгани ҳолда, 146 мингта техника мавжуд ёки 26 мингта техника етишмайди.

Фермер хўжаликларининг юқори унумли ҳайдов тракторлари билан таъминланиши 75 фоизни, ғалла ўриш комбайнлари – 86 фоиз, пахта териш машиналари – 28 фоиз, қўшқатор чигит экиш сеялкалари – 60 фоиз, дон экиш сеялкалари билан таъминланиши 25 фоизни ташкил этади. Умуман, етишмайдиган ва эскирган техникани ҳисобга олганда, жами 82 мингта янги қишлоқ хўжалиги техникасига талаб мавжуд.

Дастурга мувофиқ жорий йилда 16 мингта, жумладан, биринчи ярим йилликда 5 минг 800 техникани кредит асосида етказиб бериш белгиланган.

Йиғилишда қишлоқ хўжалиги техникасига талабни тўлиқ таъминлаш мақсадида “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти, Молия ва Қишлоқ хўжалиги вазирликларига икки ой муддатда 2018-2021 йилларда қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. Бунда қишлоқ хўжалиги техникасини харидорларга етказиб беришни молиялаштириш бўйича чора-тадбирларни ҳам назарда тутиш зарурлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари пахтачилик, боғдорчилик ва узумчиликда баҳорги дала ишлари бошланай деб турган бўлса-да, 5 минг 800 та техникадан фақат 1 минг 200 таси фермерлар ва машина-трактор паркларига етказиб берилганига эътибор қаратди. Шунингдек, Сирдарё, Жиззах ва Тошкент вилоятларида қўшимча ажратилган 4 мингта техниканинг 30 фоизи ўз эгаларига етказилган.

– Замонавий техника деҳқонга сув ва ҳаводек зарур бўлиб турган шу кунларда бу борадаги эҳтиёж бор-йўғи 25 фоиз таъминланганини қандай тушуниш мумкин, – деди Президент. – Техника – фермернинг қўл-қаноти. Унга талаб таъминлансагина моддий манфаатдорлик ошиб, харажатларни кескин камайтиришга эришилади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, баҳорги агротехник тадбирлар учун режалаштирилган техникани 15 апрелга қадар тўлиқ етказиб бериш бўйича кунлик назорат ўрнатиш ва ижроси ҳақида ахборот бериш топширилди.

– Айни пайтда машинасозлик корхоналари томонидан бутловчи қисмлар ва материалларнинг муайян қисми четдан олиб келиниб, “йирик узелли йиғиш” асосида қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарилмоқда. Ҳайдов трактори, плуг, сеялка каби техникани тайёр ҳолда импорт қилса, бизда ишлаб чиқарилганига нисбатан арзон бўлишини тармоқ раҳбарлари нима деб тушунтиради, – деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз раислигида импорт бўйича яқинда ўтказилган йиғилишда 2018 йилда қишлоқ хўжалик машинасозлигида импортни 160 миллион долларга қисқартириш, бу борада экспорт салоҳиятини ошириш бўйича аниқ топшириқ берилган эди.

Шундан келиб чиқиб, “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти ва “Ўзагротехмаш” механика заводи билан ҳамкорликда бир ой муддатда трансмиссия, турли корпус деталлари ва агрегатларни юртимизда ишлаб чиқариш орқали қишлоқ хўжалиги техникасини маҳаллийлаштиришни 45 фоизга етказиш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиб, ижросини таъминлаш топширилди.

Давлатимиз раҳбари 2018 йилда лизинг ва кредит асосида жами 3,2 триллион сўмлик 16 мингта қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб беришни молиялаштириш масаласига ҳам алоҳида тўхталди.

Ҳозирги кунда 5 минг 800 техника учун Молия вазирлиги томонидан 1,5 триллион сўм ажратилган. Қолган 1,7 триллион сўмни ажратиш, жумладан, лизинг асосида 1,5 триллион сўмлик техникани молиялаштириш манбаларини аниқлаш масаласини ҳал этиш зарурлиги қайд этилди.

Қишлоқ хўжалиги техникасини экспорт қилиш муҳим мезон ҳисобланади. Аммо бу борада кўрилаётган чоралар ҳам қониқарсизлиги кўрсатиб ўтилди.

Ўтган йили 19 миллион долларлик 844 та техника экспорт қилинган. Йиғилишда “Ўзагротехмаш” акциядорлик жамиятига бундан тегишли хулоса чиқариб, 2018 йилда камида 30 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги техникасини экспорт қилиш, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон, Покистон, Озарбайжон, Афғонистон бозорларига кириш бўйича ишларни жадаллаштириш топшириғи берилди.

“Ўзагросервис” тизимидаги машина-трактор паркларининг мамлакатимиз бўйича жами механизация хизматларидаги улуши 2016 йилда 14 фоизни ташкил этган бўлса, 2017 йилда 26 фоизга етган, жорий йилда 41 фоиз бўлиши кутилаётир. Бу соҳада ижобий ўсишга эришилаётганидан далолатдир. Бироқ бу натижалар билан қаноатланиб қолмай, механизация хизматлари ҳажмини ошириш, бунда қишлоқ хўжалиги техникасига сервис хизмати кўрсатиш, эҳтиёт қисмларни махсус шохобчалар орқали ўз вақтида етказиб бериш учун жамиятнинг жойлардаги филиалларини кўпайтириш кераклиги қайд этилди.

Йиғилишда фермер хўжаликларига қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш учун бериладиган имтиёзли кредит таркибида механизация хизмати улушини ошириш бўйича асосланган таклифларни киритиш топширилди.

Шунингдек, машина-трактор парклари томонидан кўрсатилган хизматлар учун ҳисоб-китоб тизимини такомиллаштириш, механизация хизматларининг ҳар бир йўналиши бўйича қатъий нархларни белгилашга оид меъёрий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш, тармоқни жадал ривожлантириш учун долзарб масалаларни ўз вақтида ҳал қилиш, энг муҳими, фермерларни замонавий техника ва агрегатлар билан узлуксиз таъминлаш, уларнинг манфаатдорлиги ва розилигини ошириш юзасидан кўрсатма ва топшириқлар берилди.

ЎзА
11 055