ЎзА Ўзбек

01.01.2018 11:45 Чоп этиш версияси

Қирғизистонлик эксперт: Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар минтақадаги бошқа давлатлар ва МДҲ мамлакатлари учун андоза бўла олади

Халқаро ишлар бўйича эксперт Эдил Осмонбетовнинг фикрича, 2017 йил Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда тарихий босқич бўлди. “Чунки биз икки томонлама алоқалар нуқтаи назаридан 26 йилда бажарилмаган ишларни бир йил ичида фазовий тезликда амалга оширдик, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар яхшиланишига эришдик”, дейди у.

Қирғизистон Миллий ахборот агентлиги – «Кабар» томонидан ЎзА учун махсус тайёрланган мақолада қирғизистонлик сиёсатшунос икки мамлакат ўртасида сўнгги бир йилда юз берган ўзгаришлар ҳақида ўз нуқтаи назарини баён этган.

Сиёсатшуноснинг фикрича, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар минтақадаги бошқа давлатлар ва МДҲ мамлакатлари учун андоза бўла олади.

“Агар биз Ўзбекистон билан барча иқтисодий, чегарага оид, транзитни диверсификация қилиш масалаларига миллий манфаатларимиз нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда ечим топсак, қўшни мамлакат билан алоқаларимиз тенг ҳуқуқли бўлади. Минтақадаги бошқа давлатлар бунга эътибор қаратиб, уни асос қилиб олади ва Марказий Осиёда 2018-2019 йилларда тамоман бошқа муҳит кузатилади”, деб таъкидлайди Э.Осмонбетов.

Сиёсатчининг фикрича, Сооронбай Жээнбеков Қирғизистон Республикаси Президентлигига сайланганидан сўнг хорижга илк расмий ташрифини Ўзбекистонга уюштиргани мамлакат раҳбариятининг Ўзбекистон билан ўзаро алоқаларга алоҳида эътибор қаратаётганидан далолатдир.

Шавкат Мирзиёевнинг “Қирғизистон ва Ўзбекистон муносабатларида чегара бўлмаслиги керак”, деган сўзлари сўзнинг асл маъносида эмас, муносабатлардаги барча йўналишларда чегара бўлмаслигини англатади. Яъни ҳар икки мамлакат ижтимоий ҳаёт ва иқтисодиётнинг барча соҳаларида бир-бири билан ҳамкорлик қилиши зарур, деб таъкидлайди эксперт.

Бу икки томонлама алоқалар бутунлай янги, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг тараққиёт босқичига кўтарилганидан гувоҳлик беради.

“Бунда мамлакатлар раҳбарлари ва ҳукуматлар, энг асосийси – халқларимиз ўртасидаги ишонч ва самимийлик муҳим ўрин тутади”, деб таъкидлайди сиёсатшунос.

Э.Осмонбетов мамлакатларимиз ўртасидаги товар айланмаси 250 миллион АҚШ долларига етгани икки томонлама алоқалар тарихида ҳали кузатилмаганини, бу давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада юксалтирувчи кўрсаткичлардан эканини таъкидлади.

“Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон Ўзбекистоннинг энг яқин қўшниси, деган сўзлари биз минтақада стратегик шериклик даражасига кўтарилганимизни англатади”, деб қўшимча қилади эксперт. 

ЎзА
12 849