Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.10.2017 21:00 Чоп этиш версияси

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказда учрашув

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси А.Шаҳид бошчилигидаги делегация аъзолари 2 октябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов билан учрашди.

Учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ дин ва эътиқод эркинлиги, миллатлараро ва диний конфессиялараро тотувлик ҳамда бағрикенглик тамойиллари ҳаётга татбиқ этилаётгани юксак самаралар бераётгани қайд этилди.

Мулоқотда мамлакатимизда турли миллат ва дин вакилларининг ҳуқуқ ва эркинликларини янада мустаҳкамлаш, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқароларнинг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи қонунчиликда кафолатланган. Мамлакатимизда айни пайтда 2 минг 241 диний ташкилот фаолият юритаётгани ҳам буни тасдиқлайди. Ислом, христиан ташкилотлари, яҳудий, баҳоий жамоалари, Кришна жамияти ва Будда ибодатхонаси фуқароларнинг диний ибодат ва маросимларни тўлиқ адо этишига имкон бераётир. Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ва олий таълим муассасалари, Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархиясининг Тошкент православ семинарияси ҳамда Тошкент протестант семинариясида таълим олиш учун зарур шароит ва имкониятлар яратилгани юртимизда ҳукм сураётган бағрикенгликнинг амалий ифодасидир.

Ўзбекистонда истиқлол йилларида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, таълимнинг ўзбек, рус, қозоқ, қирғиз, тожик тиллари, жами етти тилда олиб бориладиган тизими яратилди. Диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш орқали жамият тараққиётини таъминлашда давлат ташкилотлари билан бирга, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар фаолият юритаётгани, Президентимизнинг жорий йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши таъсис этилиб, диний-маърифий масалалар бўйича раис ўринбосари лавозими жорий этилгани ёшларни маърифат, эзгулик ва бағрикенглик руҳида тарбиялашда муҳим омил бўлаётир.

Фуқаролар қонуний манфаатларини таъминлашда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг ҳам алоҳида ўрни бор. Марказ томонидан қатор халқаро ташкилотлар билан биргаликда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришга қаратилган ташаббуслар қўллаб-қувватланмоқда.

Учрашувда мамлакатимизда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури доирасида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ижроси, шунингдек, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси А.Шаҳид бошчилигидаги делегация аъзолари, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ташқи ишлар ва Адлия вазирликларида ҳам музокаралар ўтказди.

Улуғбек Шоназаров, ЎзА
2 688






Все о погоде - Pogoda.uz