ЎзА Ўзбек

18.10.2019 Чоп этиш версияси

Шавкат Мирзиёев: Термизийлар меросини ўрганишни мактаб давридан бошлаш керак

Шавкат Мирзиёев: Термизийлар меросини ўрганишни мактаб давридан бошлаш керак

Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўз фаолиятини бошлади.

Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. Муқаддас заминимиз азалдан инсоният тамаддуни, айниқса, ислом дини ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ мутафаккирларга бешик бўлган. Айниқса, IX-XII асрларда юртимиздан кўплаб олимлар, муҳаддислар етишиб чиққан. Ана шундай буюк алломалардан бири Абу Исо Муҳаммад Термизий (Имом Термизий)дир. 

Имом Термизий ҳозирги Шеробод туманида милодий 824 йилда дунёга келиб, 892 йилда вафот этган. 

Ул зот Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳадисларини тўплаш билан шуғулланган. Чунки ўша даврларда ислом динининг асосий манбалари бўлган Қуръони карим ва Ҳадиси шарифни ўрганиш ҳаётий зарурат эди. 

Абу Исо Термизий ўндан ортиқ асар яратган. Улар орасида энг машҳури «Сунани Термизий» («Саҳиҳи Термизий») китобидир. Бу бошқа ҳадислар тўпламлари орасида тартиби энг ихчам асардир. 

IX аср ҳадис илмининг олтин даври саналади. Бу даврда юзлаб муҳаддислар орасида энг юқори мартабага эришган олти улуғ имом энг машҳур ҳадис китобларини ёзган. Бу асарлар Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манбалардир. Мазкур «кутуби ситта», яъни энг саҳиҳ (энг тўғри, ҳаққоний) олти ҳадис китобларининг икки мусаннифи буюк ватандошларимиз Имом Бухорий ва Имом Термизийдир. 

Алломанинг яна бир асари – «Аш-Шамоил ан-набавиййа» Пайғамбаримизга бағишланган бўлиб, 409 та (баъзи манбаларда 410 та) китобдан иборат. 

Шу пайтгача Имом Термизийнинг ҳаёти деярли ўрганилмаган. Кейинги йилларда миллий-диний қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, алломаларимиз меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялашга қаратилган юксак эътибор туфайли аллома бобомиз мероси ҳам қадр топди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бундан икки йил аввал Шеробод туманидаги ул зот мангу қўним топган зиёратгоҳда улкан қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Натижада зиёратчиларга барча шароит яратилган муҳташам мажмуа барпо этилди. 

Президентимизнинг 2017 йил 14 февралдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур қарор асосида Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази қад ростлади. Марказда ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳияти, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асослари, Имом Термизий ҳамда термизий алломалар, юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир зотлар мероси чуқур ўрганилади, ёзма манбалари тизимли асосда тадқиқ этилади. Улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланишга қаратилган дарсликлар ва ўқув қўлланмалари, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрланади.

Давлатимиз раҳбари марказга ташриф буюриб, бу ерда яратилган шароитлар билан танишди. Буюк муҳаддис Имом Термизий ҳаёти ва асарларини чуқур ўрганиш, ёш авлодга етказиш, халқимизга тушунарли тилда китоблар чоп этиш бўйича тавсиялар берди. Бу ерда илмий тадқиқотлар олиб бориш учун муносиб шароитлар яратиш, олимларнинг халқаро илмий конференцияларда иштирокини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Ушбу марказда тадқиқотчиларга барча шароит яратилган. Марказ ёнида Ҳаким ат-Термизий номидаги жомеъ масжиди барпо этилди. 

Юртимизда “жаҳолатга қарши - маърифат” шиори асосида амалга оширилаётган эзгу ишларга ҳамоҳанг қад ростлаган марказ алломаларимиз меросини илмий нуқтаи назардан ўрганишда муҳим қадам бўлди. 

Марказга ёш тадқиқотчилар, салоҳиятли олимларни жалб этиш, термизийларнинг дунё бўйлаб тарқаб кетган асарлари нусхаларини олиб келиб тадқиқ этиш, муассасанинг муҳим вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланди.

Шу ерда Султон Саодат мажмуасини реконструкция қилиш, унинг ҳудудида ихчам масжид, автомобиллар турар жойи ва мажмуага келаверишдаги йўл бўйида намунавий уйлар барпо этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

d8e0a222-848c-6ec7-2fd4-f82211656e0c.jpg

8ba59efc-1351-f61e-e3c0-6af97b9db348.jpg

d997dfb4-ae91-3d18-f28d-c3b12c0a4bb0.jpg

88df0058-d7a0-dd87-3546-2238a81ebaa3.jpg

7763fcfd-a5df-f403-d1fd-f705cf126fa9.jpg

80379325-4f9c-0656-02cf-bdc26f0db8ca.jpg

5 923
Матназар Элмуродов, ЎзА