Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.04.2017 00:20 Чоп этиш версияси

Имкониятлардан тўла фойдаланиш, янгича дунёқараш билан меҳнат қилиш – халқимиз фаровонлигини янада оширишнинг муҳим омилидир

Имкониятлардан тўла фойдаланиш, янгича дунёқараш билан меҳнат қилиш – халқимиз фаровонлигини янада оширишнинг муҳим омилидир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 14 апрель куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрди.

Самарқанд вилояти ривожланган саноати ва қишлоқ хўжалиги, табиий бойликлари, улкан сайёҳлик салоҳияти билан мамлакатимиз иқтисодий-ижтимоий ва маданий ҳаётида муҳим ўрин тутади.

Жаҳондаги энг юксак стандартлар асосида жиҳозланган Самарқанд автомобиль заводи, “JV Man Auto Uzbekistan” қўшма корхонасида ўнлаб турдаги машиналар ишлаб чиқарилмоқда. “Бритиш-Американ тобакко”, “Сам Антеп Гилам”, "Urg-Gaz Carpet", “Амин Инвест”, "Дака Текс", “Агромир Самарқанд” қўшма корхоналари, "Сино", "Самарқандкимё" акциядорлик жамиятлари, “Шарқ саноати” хусусий концерни сингари йирик ишлаб чиқариш қувватлари вилоятнинг иқтисодий ривожига муҳим ҳисса қўшмоқда.

2016 йилда 19 янги қўшма корхона ташкил этилган ва вилоят бўйича уларнинг сони 263 тага етган. Вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 1 миллиард 195 миллион долларни ташкил этган. Экспорт ҳажми 2015 йилга нисбатан қарийб 1,5 баробар ошган.

Бу кўрсаткичлар Самарқанднинг иқтисодий-ижтимоий тараққиётида ҳам намоён бўлмоқда. 2016 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот 8,7 фоиз ўсгани шундан далолат беради.

Азалдан ҳунармандлик ва ишбилармонлик фазилатлари билан донг таратган самарқандликлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида ҳам улкан натижаларга эришмоқда. Мазкур соҳанинг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотидаги улуши 78 фоиздан ошгани ва меҳнат билан банд аҳолининг 84 фоиздан зиёди шу соҳада фаолият кўрсатаётгани эътиборга лойиқ.

Вилоятда қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш ва модернизациялаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 2016 йилда 2838 кўп тармоқли фермер хўжалиги, 9079 гектар майдонда интенсив боғ ва 1000 гектар ерда токзор ташкил этилган. Ушбу соҳада 11 минг 349 иш ўрни яратилган.

Бугунги кунда сабзавотнинг 33 фоизи, меванинг 38 фоизи, сутнинг 34 фоизи, гўштнинг 27 фоизи вилоятдаги маҳаллий корхоналарда қайта ишланмоқда. Бундай ўсиш суръатлари одамларнинг турмуш шароитида, вилоят шаҳар ва қишлоқлари қиёфасида ўз ифодасини топмоқда.

Туризм Самарқанд вилояти иқтисодиётининг асосий йўналишларидан биридир. Вилоятда сайёҳлик ресурсларидан самарали фойдаланиш, кўрсатилаётган хизмат турларини кўпайтириш ва сифатини замон талабларига мослаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз томонидан яратилган имконият ва имтиёзлар туфайли бугунги кунда Самарқандда юздан ортиқ меҳмонхона ва 80 дан зиёд сайёҳлик фирмаси фаолият кўрсатмоқда. Йилдан-йилга уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, замон талаблари даражасида юқори сифатли хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгаймоқда. Сайёҳликнинг экологик, соғломлаштириш, агро ва фаол турларини ривожлантириш, ички туризмни қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят туманларида янги сайёҳлик йўналишлари очилмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, ижтимоий соҳаларни янада такомиллаштириш, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш борасида улкан режа ва мақсадлар белгиланган. Давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари бу мақсадларни амалга ошириш учун ҳуқуқий асос, ташкилий тизим яратмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифини Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишдан бошлади.

Ислом Каримов руҳига Қуръон тиловат қилинди.

Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ бу борада изчил ишлар амалга оширилмоқда. Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов дафн этилган ҳудудда ёдгорлик мажмуаси барпо этилмоқда.

Лойиҳага кўра, мақбара мармар, гранит ва нақшлар билан безатилади, пештоқларига Қуръон оятлари битилади. Зиёратчилар учун айвон бунёд этилади, кексалар учун лифтлар ўрнатилади.

Давлатимиз раҳбари ушбу мақбара лойиҳаси билан танишди. Уни янада такомиллаштириш, зиёратчилар учун қулайликларни ошириш бўйича тавсиялар берди. Зиналарни пасайтириш, мажмуа атрофини кенгайтириш ва ободонлаштириш, мажмуа тунда ёруғ нур сочиб туришини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Ислом Каримов мустақиллигимизга, халқимизнинг фаровон ҳаётига асос солган, маънавиятимизни тиклаган буюк инсон эди, деди Шавкат Мирзиёев. Мажмуада Биринчи Президентимизнинг буюклиги, пок иймон-эътиқоди, сермазмун ҳаёти акс этиши керак. Шу мажмуа тимсолида Ислом Каримовга бўлган меҳр-муҳаббатимизни кўрсатишимиз зарур.

Давлатимиз раҳбари Биринчи Президентимиз мақбараси Ҳазрати Хизр масжиди билан уйғун бўлиши зарурлигини таъкидлади. Мақбарага монанд зиёратчилар учун баланд айвонлар бунёд этиш, расмий делегациялар учун ҳам кенг шароит яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ушбу мажмуа юксак маънавият, илм-маърифат маскани бўлиши керак. Зеро, бу катта тарбиявий аҳамиятга эга. Мажмуада ҳамиша майин оҳангда Қуръон суралари янграб туриши, мақбара деворларига муқаддас оятлар билан бирга, Ислом Каримовнинг ҳикматли сўзлари ҳам битилиши зарур. Токи зиёратга келганлар ўзига улкан руҳий қувват олсин, халқимизнинг илмига, маънавиятига ҳаваси ортсин.

Президентимиз Жомбой туманидаги “Ғалла Осиё нон” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, вилоятда яқин вақтлар ичида амалга ошириладиган йирик лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Дастлаб "Шарқ саноати" концерни таркибида ташкил этилган интенсив кўчат етиштириш лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. Польшалик мутахассислар янги технологиянинг аҳамияти, афзалликлари ҳақида сўзлаб берди. Мазкур усул асосида етиштирилган кўчатлар касалликка чидамлилиги, тезпишарлиги билан бошқаларидан ажралиб туради.

Самарқандда картошка етиштириш бўйича янги марказ ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. Марказнинг ҳудудлараро филиаллари ташкил қилинади. Вилоятларда мазкур йўналишда лабораториялар очиш кераклиги қайд этилди.

Булунғур туманида ташкил этилаётган “Тоҳир” масъулияти чекланган жамияти лойиҳаси ҳақида сўзлаб берилди. Мамлакатимизда аҳолини йил давомида мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, ташқи бозорларда харидоргир ва рақобатбардош бўлган ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Дунё бозорида юртимизда етиштирилган сархил қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб юқори. Янги ташкил этилаётган жамият мутахассислари бу борада талаб ва таклифларни атрофлича ўрганиб, лойиҳани жорий йилнинг учинчи чорагида фойдаланишга топширишни режалаштирган.

Ўн бир гектар майдонда барпо этиладиган корхона йилига 12 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш қувватига эга бўлади.

Президентимизга тақдим қилинган кейинги учта лойиҳа ҳам шу йўналишда. Булар Булунғур туманидаги “Самарқанд гарден пласт”, Жомбой туманидаги “Грин агро экспорт” масъулияти чекланган жамиятлари ва “Мароқанд мева-сабзавот” фермер хўжалиги томонидан мева-сабзавот маҳсулотларини саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш марказини ташкил этиш лойиҳаларидир.

Лойиҳалар ҳақида Президентимизга батафсил маълумот берилди: ташкил этиладиган янги иш ўринлари, экспорт ҳажми, таъсисчи томонидан сарфланадиган маблағлар, банклар томонидан ажратиладиган кредитлар, замонавий ускуналарнинг имкониятлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари ҳар бир лойиҳа бўйича фикр билдириб, уларни янада такомиллаштириш юзасидан зарур тавсиялар берди.

Шавкат Мирзиёев Оқдарё туманидаги "Юнусжон аҳли" оилавий корхонаси томонидан соя оқсили изоляти ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди. Йилига 26 тонна соя донини қайта ишлаш қувватига эга корхона Хитойнинг етакчи компанияларининг замонавий ускуналари билан жиҳозланади. Жорий йилнинг декабрь ойида фойдаланишга топширилиши мўлжалланган корхонада соя ёғи, уни, оқсил изоляти ишлаб чиқарилади. Корхонада 80 кишининг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Биз учун ҳар бир иш ўрни муҳим. Лоақал иккита одамни иш билан таъминлаган тадбиркорни бошимизда кўтаришга тайёрмиз, деди Президентимиз. Чунки инсоннинг иш билан таъминланиши унинг оиласи фаровон бўлишига, эртасига, давлатга ишончи ошишига асос бўлади.

Давлатимиз раҳбари Жомбой туманида вилоятда енгил саноатни ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳалар тақдимотида иштирок этди.

Вилоятда Миллий банк томонидан молиялаштирилаётан енгил саноат соҳасидаги лойиҳалар тўғрисида маълумот берилди. "8 март", “Urgaz textile”, “Urg-Gaz Carpet”, “Arfa Exprod”, “Alnazar orzu servis”, “Samarqand Oqdaryo textil tola” каби масъулияти чекланган жамиятларида йилига 110,4 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Бу корхоналарда тайёр трикотаж, жинси маҳсулотлари, кўйлак ва чойшаблар ишлаб чиқарилади. Корхоналар тўлиқ қувват билан ишга тушгач, беш мингдан ортиқ иш ўрни яратилади.

Шундан сўнг “Асакабанк” томонидан молиялаштирилаётган лойиҳалар тақдимоти бўлди. “Next textile”, “Оқдарё текс”, “Мароқанд сифат” масъулияти чекланган жамиятларининг истиқболдаги фаолияти муҳокама қилинди.

Президентимизга лойиҳаларнинг аҳамияти, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар тури ва сифати, яратиладиган иш ўринлари ҳақида маълумот берилди.

Шавкат Мирзиёев жаҳон бозорида сифатли ип калавадан тайёрланган тўқимачилик маҳсулотларига талаб ортиб бораётгани, пахта толасини қайта ишлашни янада кенгайтириш ва аҳолини мамлакатимизда ишлаб чиқарилган сифатли кийим-кечак билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Соҳани янада ривожлантириш ва корхоналарнинг истиқболдаги режаларини аниқ белгилаш, янги ташқи бозорларни топиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Булунғур туманидаги “Интер лего” масъулияти чекланган жамиятида ип-калава, трикотаж мато ва матони бўяш ҳамда тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ташкил этилади. Мазкур лойиҳанинг қиймати 37 миллион евро бўлиб, корхона ишга тушгач, йилига 31 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилинади, 700 киши иш билан таъминланади.

Мамлакатимизда енгил саноатни изчил ривожлантириш, тармоққа замонавий технологияларни кенг жорий этиш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2016 йил 21 декабрдаги “2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори соҳа ривожи учун кенг имкониятлар яратмоқда.

Давлатимиз раҳбарига Самарқанд вилоятида 2017-2018 йилларда енгил саноат соҳасида амалга ошириладиган манзилли дастур тақдим қилинди.

Жанубий кореялик инвесторлар томонидан ташкил қилинаётган “Samarkand apparel” корхонасида эркаклар, аёллар ва болалар учун тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳақида сўзлаб берилди.

Президентимиз вилоятда терини қайта ишлаш, чарм ва махсус пойабзаллар ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди. “Каттақўрғон чарм” қўшма корхонасида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Самарқанд вилоятида тери хомашёсини тайёрлаш ва қайта ишлаш, чарм-пойабзал соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Хитойлик инвесторлар мазкур соҳани янада ривожлантириш, вилоятда сифатли ва жаҳон андозалари даражасидаги маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича ўзларининг таклифларини баён қилди, Президентимизга Ўзбекистонда хорижлик инвесторлар учун яратилган қулай инвестициявий муҳит учун миннатдорлик билдирди.

Шавкат Мирзиёев ушбу лойиҳаларнинг самарадорлигини таъминлашга эътибор қаратди. Қишлоқ жойларда аҳоли, айниқса, ёшларни муқим иш билан таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, ҳудудларда етиштирилаётган пахта толасини ўша ернинг ўзида қайта ишлаш учун яратилаётган қулай имкониятлар тадбиркорларга кенг қулайликлар яратиб, янги иш ўринлари кўпайиши, аҳоли даромадлари ошишида муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари вилоятда енгил саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди.

Президентимиз Имом Бухорий ёдгорлик мажмуини зиёрат қилди.

Шавкат Мирзиёев 2016 йил 18 октябрь куни пойтахтимизда ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси очилиш маросимида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида ислом маданияти, умумбашарий цивилизация ривожига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Президентимиз мазкур марказ қурилиши лойиҳаси билан танишди.

Марказ Имом Бухорий ва бошқа алломаларимизнинг бебаҳо илмий-маънавий меросини ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, мамлакатимиз ва хорижий давлатлардаги кутубхоналар, архив фондларида сақланаётган қўлёзмаларнинг электрон нусхаларини тўплаш, уларни халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш билан шуғулланади.

Президентимиз мазкур халқаро марказнинг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратди. Бу муассасада ислом маданияти тарғиботи бўйича комплекс тадбирлар ишлаб чиқиш кераклигини таъкидлади. Бино хоналарида буюк алломаларимизнинг маънавий қудрати ва салоҳияти намоён бўлиб туриши, бунинг учун ҳар бир хонани муайян аллома номи билан аташ ва шунга яраша жиҳозлаш зарурлиги қайд этилди.

Буюк мутафаккир бобомиз, барча муҳаддислар пешвоси Имом Бухорий мангу қўним топган ушбу масканда ўзига хос маънавий-руҳий муҳит мавжуд, деди давлатимиз раҳбари. Мажмуага зиёратга келган одам бу марказга ҳам кириб, ўзига катта маънавий озуқа олсин, боболаримиз ҳикматларидан ўрганиб кетсин. Шунда уларнинг қалбида улуғ аждодларимиз билан фахрланиш туйғуси юксалади, айни пайтда шундай буюк зотларнинг авлоди деган масъулиятни ҳис этади.

Шавкат Мирзиёев олимлар ва уламолар билан суҳбатда ушбу марказда тадқиқотчиларга Қуръони карим оятларини қироат билан ўқиш, тўғри талаффуз этиш, араб имлосида ёзиш – каллиграфия бўйича мамлакатимиз етакчи олимлари дарсларини йўлга қўйиш, хорижлик тадқиқотчилар учун стажировкалар таъсис этиш лозимлигини таъкидлади.

Пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида Ислом тараққиёт марказини ташкил этамиз. Ушбу масканда ҳам Имом Бухорий халқаро маркази каби халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий дунёсини бойитишга, буюк аждодларимиз ислом таълимотига беқиёс ҳисса қўшганини аниқ мисоллар билан кўрсатишга алоҳида эътибор қаратиш керак, деди давлатимиз раҳбари.

Имом Бухорий мажмуаси атрофида жойлашган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини реконструкция қилиш лойиҳаси ҳақида ҳам маълумот берилди. Бу зиёратчилар учун қўшимча қулайлик яратиб, ҳудуд инфратузилмасини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбари Махдуми Аъзам зиёратгоҳидан Имом Бухорий мажмуасигача бўлган йўл бўйида икки қаватли замонавий уйлар ва ижтимоий объектлар қуриш, ҳудудни ободонлаштириш бўйича мутасадди раҳбарларга топшириқлар берди.

Президентимиз Қўшработ туманида ҳам бўлди. Тумандаги “Оқтепа” қишлоқ фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган учрашувда тоғолди ҳудудларида 2017-2018 йилларда ёнғоқзорлар, токзорлар барпо этиш, 2017-2021 йилларда чорва боқишни ташкил қилиш, туманда ичимлик суви таъминотини яхшилашга оид лойиҳалар билан танишди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 мартдаги “Деҳқон хўжаликлари ва аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, сувга чидамли, экспортбоп дарахт плантацияларини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Жомбой, Иштихон, Каттақўрғон, Пастдарғом, Пайариқ, Самарқанд, Ургут ва Қўшработ туманларининг тоғолди ҳудудларида 2017-2018 йилларда 4 минг 211 фермер хўжалиги ташкил этилади. Фермер хўжаликларида 5,7 минг гектар ёнғоқзор ва 13 минг гектар токзор барпо этиш режалаштирилган.

2017 йилда 2,5 минг гектар ёнғоқзор, 6,6 минг гектар токзор барпо этилиши мўлжалланган.

Бу лойиҳаларни амалга ошириш учун 271 миллиард сўм ва 8,4 миллион доллар маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Бу қўшимча 15 минг тонна ёнғоқ, 50 минг тонна узум ва узум маҳсулотлари экспорт қилиш имкониятини яратади. 2017-2018 йилларда 26 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

Шундай ёнғоқзорлардан бири Қўшработ туманидаги «Оқтепа унумдор замин» фермер хўжалигида барпо этилади. Президентимиз бу ерга ёнғоқ кўчати ўтқазди.

Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани сингари Самарқанд вилоятида ҳам ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўп. Уларни ишга солиб қўшимча даромад топиш, халқимиз фаровонлигини янада ошириш мумкин. Бунинг учун одамларда тадбиркорликка қизиқишни кучайтириш, томорқадан унумли фойдаланиш керак, деди давлатимиз раҳбари.

Қўшработ туманида 2017-2021 йилларда аҳоли, фермер ва деҳқон хўжаликларида 10 минг эчки ва 5 минг қўй боқишни ташкил қилиш лойиҳаси ҳам йирик лойиҳалардан. Қиймати 7,7 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳада Россиядан 10 минг наслли эчки, Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий вилоятларидан 5 минг ҳисори қўй олиб келиш мўлжалланган.

Биринчи Президентимизнинг 2015 йил 18 декабрдаги қарорига мувофиқ, ОПЕК ҳамда Саудия Арабистони тараққиёт жамғармалари томонидан Ўзбекистон иштирокида 2016-2018 йилларда Қўшработ туманида ичимлик суви таъминотини яхшилашга қаратилган умумий қиймати 36,4 миллион долларлик лойиҳанинг амалга оширилиши белгиланган.

Лойиҳа амалга оширилгач, 77 қишлоқ фуқаролар йиғинида 49 сув олиш иншооти қурилади, 6 таси реконструкция қилинади. 408,1 километр магистрал сув қувурлари ва тармоқлари барпо этилади.

Бундан ташқари, лойиҳага 110 сув олиш қудуғини бурғулаш ва реконструкция қилиш, 16,1 километр узунликдаги сув иншоотларини ҳимоя деворлари билан ўраш, 164 қудуқ насосини ўрнатиш, 14 автоматлаштирилган насос станциясини қуриш, 55 трансформатор, 3 қуёш генератори ҳамда 52 дизель генератори ўрнатиш, 24,5 километр узунликдаги ташқи электр таъминоти тизими билан таъминлаш киритилган.

Давлатимиз раҳбари Қўшработда экспортбоп мевалар экиш, чорвачиликни ривожлантириш, бунинг учун аҳолига кредит маблағлари ажратиш зарурлигини таъкидлади.

Қўшработда жунни қайта ишлаш фабрикаси қуриш, Самарқанд ва Оқдарё туманларида 2017 йилда қурилиши режалаштирилган замонавий иссиқхона мажмуалари лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.

Шавкат Мирзиёев шу ерда бир гуруҳ нуронийлар билан суҳбатлашди. Нуронийлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлардан, рўй бераётган ўзгаришлардан одамлар рози эканини қайд этди.

Президентимиз Каттақўрғон сув омбори ҳавзасида балиқчиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.

Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга, аҳолига арзон ва сифатли маҳсулотлар етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда балиқчилик, паррандачилик, қуёнчилик ва бошқа турдаги хўжаликлар тобора ривожлантирилмоқда.

“Каттақўрғон жайхун” фермер хўжалиги ва “Каттақўрғон балиқчилик” хусусий корхонаси томонидан карп, оқ амур, оқ ва чипор дўнгпешона ҳамда бошқа турдаги балиқларни, балиқ чавоқларини етиштиришда Вьетнам технологиясидан фойдаланиш мўлжалланган. Ушбу илғор технология самарадорликни беш баробаргача оширади. Ҳудудда балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ҳам режалаштирилмоқда.

Лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш учун 5,1 миллиард сўм маблағ сарфланади ва натижада балиқчилик хўжаликларига йилига 2 миллион дона чавоқ, 500 миллион дона личинка, минг тонна омихта ем етказиб берилади. 400 тонна балиқ қайта ишланади, 200 тонна қадоқланган, 50 тонна дудланган балиқ маҳсулотлари аҳолига етказиб берилади. Хўжаликда 40 янги иш ўрни яратилади.

Давлатимиз раҳбари Пайариқ, Самарқанд туманларида “Мароқанд балиқ саноат агро” агрофирмаси ва “Оқ амур балиқлари” фермер хўжалиги томонидан “Ипотека-банк” билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларни кўздан кечирди. Мазкур лойиҳаларга кўра 450 гектар сув майдонида балиқ чавоқларини кўпайтириш ва балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш йўлга қўйилади. Ушбу лойиҳалар учун 12 миллиард сўм маблағ жалб этилади.

Лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида балиқчилик хўжаликларига 10 миллион дона чавоқ, 300 тонна омихта ем етказиб берилади, 500 тонна балиқ қайта ишланади. 300 тонна қадоқланган, 50 тонна дудланган балиқ маҳсулотлари халқ истеъмоли учун бозорларга чиқарилади. Лойиҳада 50 кишини иш билан таъминлаш кўзда тутилган.

Президентимиз мазкур лойиҳалар билан танишар экан, халқимиз “луқмаи ҳалол” деб таърифлайдиган балиқ етиштиришни янада кўпайтириш, бунда замонавий технологиялардан унумли фойдаланиш, маҳсулотларни нафақат ички бозорга, балки экспортга ҳам йўналтириш бўйича зарур кўрсатмалар берди.

Давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятида сув ресурсларидан унумли фойдаланиш, сув тармоқларини модернизация қилиш лойиҳаларини кўздан кечирди.

Вилоятда сўнгги йилларда бир неча сув иншоотлари қурилди. Ургут туманида “Камангарон”, Қўшработ туманида “Оқчобсой” сув омборлари, Нуробод туманида “Омондара” сув тўғонининг барпо этилиши ҳудудларда сув ресурсларини бошқаришда самарадорликни янада оширди, минглаб гектар майдонларда сув танқислигининг олдини олди.

Келгуси уч йилда вилоятда 55 насос станциясини тўлиқ таъмирлаш режалаштирилган. Натижада 60 минг 619 гектар майдонда сув таъминоти яхшиланади, йилига 29,9 миллион кВт соат электр энергияси ҳамда 720 миллион сўм эксплуатация харажатлари иқтисод қилиниб, 6,4 миллиард сўм маблағ тежалади.

Сувни самарали ишлатиш минтақамиздаги долзарб масалалардан бири, деди Президентимиз. Шу боис ушбу ресурсдан фойдаланишни замон талаблари асосида ташкил этиш лозим.

Давлатимиз раҳбари вилоятда 2017 йилда молиялаштирилиши кўзда тутилаётган йирик чорвачилик лойиҳалари билан танишди.

Вилоятда жорий йилда “Чортут”, “Чорва сут сервис” фермер хўжаликлари, “Наслли чорва импорт”, “Самарқанд милк”, “Айкан савдо”, “Чорва насл бирлашма” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан бир қатор лойиҳалар амалга оширилиши мўлжалланмоқда. Ушбу корхоналарда йилига 14 минг 250 тонна сут, 875 тонна гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, 230 иш ўрни яратилади.

Мамлакатимизда аҳолини арзон ва сифатли паррандачилик маҳсулотлари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ургут туманида “Чўпонота парранда” масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий технологиялар асосида парранда озуқасини ишлаб чиқариш режалаштирилган. "Ургут" эркин иқтисодий зонаси ҳудудида фаолият олиб борадиган мазкур корхона 3 миллион АҚШ доллари қийматига тенг. У 2018 йилнинг биринчи чорагида ишга туширилади. Натижада вилоятдаги паррандачилик хўжаликлари ва аҳоли хонадонларида боқилаётган паррандалар учун йилига 8-10 минг тонна озуқа маҳсулотлари етказиб берилади. Лойиҳада 30 иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

“Афросиёб парранда” масъулияти чекланган жамияти томонидан паррандачилик, балиқчилик ва чорвачилик хўжаликлари учун омихта ем ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдим этилмоқда.

Лойиҳага мувофиқ корхонага соатига ўн тонна компонентлари электрон аниқлик билан дозалаштирилган юқори сифатли омихта ем ишлаб чиқариш қувватига эга Голландия технологиясини ўрнатиш режалаштирилмоқда. Тайёр маҳсулотлар мамлакатимиздаги хусусий тадбиркорлар ва аҳоли эҳтиёжлари учун, шунингдек, экспортга йўналтирилади.

“Зарафшон парранда” хусусий ишлаб чиқариш тижорат фирмаси лойиҳасига кўра, Жомбой туманидаги Манғит қишлоғида 39 гектар ҳудудда жўжа ва тухум етиштириш комплекси ташкил этилади. Бунга 12 миллиард сўм маблағ жалб этиш мўлжалланган. Лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида йилига 5 миллион дона жўжа аҳоли хонадонлари ва паррандачилик корхоналарига етказиб берилади.

“Сиёб Шавкат Орзу” фермер хўжалиги томонидан Тайлоқ тумани Пайшанбасиёб қишлоғидаги ўн гектар ҳудудда парранда боқиш ва парранда гўшти етиштириш режалаштирилган. Лойиҳага 3 миллион 518 минг доллар сарфланади.

Корхонада йилига 800 минг дона парранда боқиш ва 12 минг тонна парранда гўшти етиштириш йўлга қўйилади. Етиштирилган маҳсулот ички бозорга чиқарилади, муайян қисми экспорт қилинади. Ушбу лойиҳа 60 янги иш ўрни яратиш имконини беради.

Самарқанд вилоятида кейинги йилларда куркачилик ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Ушбу йўналишда ҳаётга татбиқ этилаётган комплекс чора-тадбирлар куркаларни илғор технологиялар асосида кўпайтириш, боқиш, тухумни сифатли сақлаш имконини бермоқда.

“Мароқанд парранда” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган лойиҳага мувофиқ йилига 3 миллион тухум ва 2 миллион дона курка жўжаси етиштирилади. Лойиҳага 39,6 миллиард сўм ажратилиши мўлжалланган.

Президентимиз мазкур лойиҳалар билан танишар экан, вилоятда паррандачиликни ривожлантириш учун табиий иқлим, хомашё ва ишчи кучи мавжудлигини таъкидлади. Улардан унумли фойдаланиш, тармоқ тадбиркорларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга зарур топшириқлар берди.

Самарқанд шаҳрида вилоят фаоллари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят иқтисодиётини янада ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш, аҳолини иш билан таъминлаш ва турмуш даражасини янада ошириш, тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига ташрифи давом этмоқда.

Фарҳод Қурбонбоев (сурат), ЎзА
4 997






Все о погоде - Pogoda.uz