Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.03.2017 16:23 Чоп этиш версияси

Ерик Утембаев: Шарқ халқларининг энг гўзал байрами

Қозоғистон Ўзбекистоннинг яқин қўшниси ва ишончли ҳамкоридир. Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳурмат, ишонч ва манфаатдорликка асосланган ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.

Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаев ЎзА мухбирига интервью берди.

– Жаноб элчи, суҳбатимиз баҳор ва янгиланиш байрами – Наврўз арафасида ўтмоқда. Ушбу айёмнинг Ўзбекистон ва Қозоғистон халқлари ҳаётидаги аҳамияти ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Наврўз – Шарқ халқларининг энг эъзозли, энг гўзал байрамидир. Халқларимиз учун умумий бўлган бу айём Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Тожикистонда расман байрам куни, деб эълон қилинган.

Наврўз қарийб беш минг йиллик тарихга эга қадимий байрамдир. Одатда, бу кунда низолар тўхтатилган. Оқсоқолларимиз ундан бир-бирига адовати, гина-кудурати бўлган томонларни яраштиришда фойдаланган. Наврўзда арғимчоқ – алтибакан учиш каби халқ ўйинлари, полвонлар, оқинлар беллашуви, айтишувлар, от пойгалари, болалар ўйинлари ва бошқа тадбирлар ўтказилган. Шарқона янги йил ҳисобланган ушбу байрамни бугунги кунда ҳам Қозоғистон ва қардош Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари биргаликда кенг нишонлайди.

Маълумки, БМТ Бош ассамблеясининг 2010 йил 19 февраль куни ўтказилган 64-сессиясида 21 мартни Халқаро Наврўз куни, деб эълон қилиш тўғрисида резолюция қабул қилинган.

22 мартга ўтар кечаси Қозоғистон халқи Наврўз келишини кутади ва у "шукроналик кечаси" деб аталади. Анъанага кўра, шу куни оқсоқоллар элимиз, юртимиз тинчлигини, нурафшон кунлар кўп бўлишини, тўкин-сочинлик, фаровонлик бардавомлигини, барча ёвузликлар барҳам топиши, аждодларимиз руҳи ҳамиша мададкор бўлиб, ҳар бир уйда тинчлик-тотувлик ҳукм суришини тилаб, дуо қилади.

Халқларимиз Наврўзда амалга оширилган эзгу ишлар, байрам шукуҳи йил бўйи давом этишига ишонади. Шу боис байрам кунлари одамлар бир-бирининг қарзидан кечади, гина-кудуратлар унутилади, аҳил-иноқ яшашга чақирилади. Ривоятларга кўра, байрам куни уйга ким биринчи бўлиб келиши муҳимдир. Негаки, янги йилда келадиган бу меҳмон самимий, хушчақчақ, ҳурмат-эътиборли ва энг муҳими, қадами қутлуғ бўлиши лозим.

Қозоғистонда Наврўз байрами тантаналари 22 мартда бошланади. Шу куни хонадонларда албатта оқ рангли, яъни сутли таомлар пиширилади. Умуман, оқ ранг ниятлар поклиги рамзидир.

Етти саноғи ҳам Наврўзнинг муқаддас белгисидир. Байрам кунлари етти хонадонга кирилади, тинчлик-омонлик ва авлодлар бардавомлигини тилаб, дуо қилинади. Байрам дастурхонига етти хил таом тортилади.

Қозоқларда шу куни Наврўз гўжаси энг асосий таом ҳисобланади. Бу таом етти масаллиқ – сув, қуритилган гўшт, туз, ёғ, ёрма, кўкат ва қатиқдан тайёрланади. Ушбу таомни еган кишига йил давомида омад кулиб боқади, соғлом, оиласи тотув бўлади. Ўзбекистонда шу кунлари дошқозонларда тонггача сумалак қайнайди. Одамлар ўйин-кулги қилиб, Янги йил кириб келишини кутади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 февраль куни “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ушбу ҳужжатга мувофиқ кўмакка муҳтож инсонларга ёрдам бериш ва уларни қўллаб-қувватлаш, ёши улуғ инсонларни эъзозлаш ва ғамхўрлик кўрсатиш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошириш, миллати, тили ва динидан қатъи назар, Ўзбекистон халқининг энг ардоқли байрами – Наврўз руҳи ва фалсафасида ўз аксини топган меҳр-мурувват, аҳиллик ва тотувликни янада мустаҳкамлаш кўзда тутилган.

Шубҳасиз, Ўзбекистон заминида Наврўзнинг кенг нишонланиши Марказий Осиё халқлари дўстлигининг мустаҳкамлиги ва барқарорлигидан далолатдир. Бундан буён ҳам халқларимиз фаровонлиги йўлида кенг кўламли ишларни амалга оширишимиз зарур.

– Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида фикрингизни билдирсангиз.

– Табиий ресурсларга бой Марказий Осиё минтақаси жаҳонда ҳамиша катта қизиқиш уйғотиб келган. Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ҳар доим "Биз қозоқлар ва ўзбеклар – битта халқмиз" деб таъкидлайди. Бу ерда гап икки халқнинг азалдан қондош ва қардошлиги, урф-одат ва анъаналари муштараклиги, бир оила бўлиб ёнма-ён яшаб келгани ҳақида бормоқда. Биз аждодларимиз анъаналарини давом эттириб келмоқдамиз. Бизни бирлаштириб турган бу анъаналар бугунги кунда янада бойимоқда.

Қозоғистондан Ўзбекистонга асосан буғдой, жавдар, ун, темир ёки ишлов берилмаган пўлат таркибий қисмлари, руда ва руҳ концентратлари, алюминий экспорт қилинади.

Ўзбекистондан Қозоғистонга табиий газ, автомобиллар, мева-сабзавот ва бошқа кўплаб маҳсулотлар етказиб берилмоқда.

Президентлар Нурсултон Назарбоев ва Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил сентябрь ойидаги учрашувида йиллик товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард АҚШ долларига етказишга келишиб олинди.

– Мамлакатларимиз ҳамкорлигининг устувор йўналишлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– Қозоғистон ва Ўзбекистон давлатларимиз ўртасида муносабатлар ўрнатилгандан буён икки томонлама серқирра ҳамкорликнинг барча масалалари юзасидан ҳамфикр бўлиб келмоқда. Бу борада мамлакатларимизнинг товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва уларнинг турини кўпайтириш, манфаатдор компаниялар ва ишбилармон доиралар ўртасида узоқ муддатли ҳамда манфаатли алоқаларни йўлга қўйишга кўмаклашиш, икки давлат ҳудудида Қозоғистон ва Ўзбекистон корхоналари фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш мўлжалланаётгани бунинг ёрқин мисолидир.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик икки томонлама муносабатларда ҳамиша устувор масала бўлган. 2016 йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард долларни ташкил этди.

Ўзбекистонда қозоғистонлик шериклар иштирокида ташкил этилган 230 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Шу йил 22-23 февраль кунлари бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссия мажлисида аввало, савдо, инвестициявий-технологик ва транспорт-коммуникация соҳаларида аниқ лойиҳалар ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш орқали икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди. Айниқса, икки давлат ҳудудлари ўртасида яқин алоқалар ўрнатиш ва уни янада мустаҳкамлаш зарурлиги алоҳида қайд этилди. Бу савдо ва маданий алоқаларни янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратади.

Икки давлат эркин иқтисодий зоналари ўртасида ҳамкорлик ўрнатишга доир инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, транспорт коммуникацияларини ривожлантириш, мамлакатларимиз ҳудудлари орқали юк ва йўловчи ташиш, транзит ҳажмини ошириш муҳим масалалар сирасига киради. Шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликни амалга оширишда қўшма корхоналар, чегарадош ҳудудларда савдо марказлари, саноат ва қишлоқ хўжалиги кластерлари ташкил этиш каби самарали шакллардан фойдаланилади.

Туризм, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳам ҳамкорлигимиз кенгаймоқда.

Қозоғистон билан Ўзбекистон бугун нафақат стратегик муносабатлар, балки кенг кўламли ҳамкорлик, бир-бирини чуқур ҳурмат қилиш ва биргаликда ҳаракат қилишга тайёрликка асосланган шериклик муносабатларини намойиш қилмоқда. Барча минтақавий ва халқаро масалалар бўйича фикр ва ёндашувлар муштараклиги, икки томонлама муносабатларни кенгайтириш бўйича қатъийлик Қозоғистон – Ўзбекистон ҳамкорлигининг ўзига хос хусусиятлари ҳисобланади.

– Наврўз байрами муносабати билан Ўзбекистон халқига тилакларингиз.

– Қардош Ўзбекистон халқини Наврўз айёми билан самимий табриклайман. Ушбу баҳор кунларида табиат, ер ва барча тирик мавжудот уйғонади. Шарқ халқларининг энг гўзал байрами бўлган Наврўз тинчлик, бирдамлик, эзгулик ва бахт-саодат айёмидир. Буюк Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик ва фаровонлик тилайман. 2017 йил Ўзбекистон ва унинг халқи учун тараққиёт ва юксалиш йили бўлсин!

Севара Алижонова, ЎзА
4 107






Все о погоде - Pogoda.uz