Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.12.2017 19:00 Чоп этиш версияси

Давлатимиз раҳбарининг Афғонистон Президенти билан ўтказилган музокаралар якуни бўйича ОАВ вакиллари учун баёноти

Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари!

Ҳурматли оммавий ахборот воситалари вакиллари!


Авваламбор, Афғонистон Президенти Ашраф Ғани Жаноби Олийлари бошчилигидаги нуфузли делегацияни Ўзбекистон заминида муборакбод этишдан ғоят мамнун эканимни изҳор этаман.

Биз ҳозиргина учрашувларимизнинг расмий қисмини якунладик.

Очиқлик, ўзаро ҳамфикрлик, дўстона ва амалий руҳда ўтган музокаралар чоғида муҳокама қилинган барча масалалар бўйича ёндашув ва қарашларимиз яқин ва ўхшаш эканлиги намоён бўлди.

Ҳамкорлигимизнинг долзарб мавзулари кўриб чиқилди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар, хусусан, терроризм, экстремизм ва наркотрафикка қарши кураш, Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишига қаратилган барча амалий ташаббусларни қўллаб-қувватлайди.

Афғонистон муаммосини ҳарбий йўл билан ҳал этиш мумкин эмас. Бу ўлкада тинчлик ва барқарорлик ўрнатишнинг энг тўғри йўли – бу сиёсий музокаралар олиб боришдир.

Донор давлатлар ва ташкилотларнинг молиявий, иқтисодий ва инсонпарварлик ёрдамига таянган ҳолда ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фаол иштирокида умуммиллий ярашувга эришиш муҳимдир.

Биз Афғонистон ҳукуматининг мамлакатда барқарорлик ва тинчлик ўрнатиш, музокаралар орқали умуммиллий ярашувга эришиш, ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини тўла қўллаб-қувватлаймиз.

Қўшни Афғонистондаги тинчлик Марказий Осиёнинг барқарор ва изчил ривожланиш истиқболларини тўлиқ рўёбга чиқариш учун имкон яратади.

Яқинда Самарқанд шаҳрида юқори даражада ўтказилган Халқаро конференцияда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш минтақа ва жаҳон миқёсида муҳим масала экани алоҳида таъкидланди.

Бизнинг биринчи галдаги вазифамиз Афғонистоннинг минтақавий иқтисодий-ижтимоий жараёнларга қўшилиши учун ҳар томонлама кўмаклашишдан иборат.

Бу, ўз навбатида, жаҳон ҳамжамиятининг Афғонистонда тинч тараққиётни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларига уйғун ва ҳамоҳангдир.

Ўзбекистон бундан буён ҳам қўшни Афғонистонни иқтисодий жиҳатдан тиклаш, унинг транспорт ва энергетик инфратузилмасини ривожлантириш, миллий кадрларини тайёрлаш жараёнларида фаол иштирок этади.

Биз халқаро майдонда ўзаро ҳамкорлик ҳар икки мамлакат манфаатларига мос келишини эътироф этиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш тажрибасини давом эттиришга тайёрлигимизни таъкидладик.

Ашраф Ғани Жаноби Олийлари Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ҳамда Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш тўғрисидаги Ўзбекистоннинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаганини биз юксак қадрлаймиз.

Мазкур ташаббуслар ёшларни диний бағрикенглик ва миллий қадриятларимизга мос равишда тарбиялаш, уларни турли зарарли оқимлар ва террорчилик ғоялари таъсиридан ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳурматли дўстлар!

Музокаралар якунига кўра, Қўшма баёнот, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликка оид 20 та ҳужжат имзоланди ва муҳим келишувларга эришилди.

Икки мамлакат ўртасида Хавфсизлик соҳасида ҳамкорликка оид қўшма комиссия тузиш тўғрисида Баённома қабул қилинди.

Биз Термиз шаҳрида Афғонистоннинг консулхонасини очиш тўғрисида ҳам келишиб олдик.

Сизларга яхши маълум, Афғонистон делегациясининг ташрифи арафасида биринчи марта Тошкент ва Кобул ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновлари йўлга қўйилди. Бу воқеа нафақат чуқур рамзий маънога, айни пайтда катта амалий аҳамиятга эгадир.

Энди икки мамлакат расмий вакиллари, ишбилармон доиралари, энг асосийси – оддий фуқаролари Тошкент ёки Кобулга бевосита бориб-келиш имкониятига эга бўлишди.

Минтақа давлатлари ҳамда Ўзбекистон ва Афғонистон учун стратегик аҳамиятга эга транспорт ва энергетика инфратузилмаларини барпо этиш бўйича ўта муҳим келишувларга эришдик.

Хусусан, «Сурхон–Пули-Хумри» электр узатиш линиясини қуриш лойиҳаси Ўзбекистон мутахассислари томонидан амалга оширилади.

Биз, шунингдек, «Мозори Шариф–Шибирғон–Маймана–Ҳирот» темир йўлини барпо этиш бўйича битимни ҳам имзоладик.

Афғонистон шимолида фойдали қазилмалар, жумладан, углеводород захираларини излаб топиш ва уларни ўзлаштириш бўйича қўшма лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш борасида фикр алмашдик.

Савдо ва транзит соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги имзоланган битимлар иқтисодий алоқаларимиз кўламини янада кенгайтиришга қаратилган.

Ўзбекистонда икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш учун амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Жумладан, темир йўл, транзит ва бошқа тўловларнинг тариф нархлари туширилиб, савдо айирбошлаш ҳажмини ошириш учун энг қулай шароитлар яратилмоқда.

Ушбу ташриф доирасида умумий қиймати ярим миллиард долларга тенг буғдой, қора металл прокати, минерал ўғитлар, қурилиш моллари, дуккакли ва бошқа маҳсулотлар экспорти бўйича келишувлар бу йўлда катта қадам бўлади.

Биз Афғонистон бозорига машинасозлик, электротехника, кимё ва текстиль маҳсулотлари, замонавий енгил ва юк машиналари, автобуслар, қишлоқ хўжалиги техникаси, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб беришга тайёрлигимизни билдирдик.

Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари билан давлатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам келишиб олдик.

Афғонистонликлар учун ўзбек тилини ўргатиш, темир йўл ҳамда бошқа соҳалар мутахассисларини тайёрлаш мақсадида Сурхондарё вилоятида махсус таълим марказини ташкил этдик. Афғонистон фуқаролари учун барча зарур шароитлар яратдик.

Афғонистон учун керак бўлган мутахассисларни мамлакатимиз олий ўқув юртларида ўқитиб беришга тайёрмиз.

Шунингдек, Термиз шаҳридаги ихтисослашган шифохонада Афғонистон фуқароларига тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар яратилди.

Умумий маданий меросимиз рамзи бўлган Абу Райҳон Беруний (Ғазнада), Алишер Навоий (Ҳиротда), Заҳириддин Муҳаммад Бобур (Кобулда) каби буюк сиймолар қадамжоларини биргаликда қайта тиклаш, таъмирлаш ва ободонлаштириш бўйича ҳам келишиб олдик.

Биз Афғонистоннинг яқин қўшниси сифатида бу жафокаш заминда тинчлик-осойишталик барқарор бўлишидан ҳаммадан кўра кўпроқ манфаатдор эканимизни яна бир бор таъкид-лайман.

Айни шу мақсадда бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили фаолият олиб бормоқда.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли муносабатларимиз бундан кейин янада ривожланади, ўзаро борди-келдилар кучаяди ва буларнинг барчаси икки халқ манфаатларига жавоб беради, деб ишонаман.

Аминманки, бўлиб ўтган самарали музокараларимиз ва имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси ўртасидаги ўзаро манфаатли ва узоқ муддатга мўлжалланган алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Эътиборингиз учун раҳмат.


1 632






Все о погоде - Pogoda.uz