Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.09.2017 22:36 Чоп этиш версияси

Дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик

Дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик Бишкек, 5 сентябрь. ЎзА махсус мухбири Абу Бакир Ўрозов хабар қилади.

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоевнинг таклифига биноан 5 сентябрь куни давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга келди.

Бишкек шаҳридаги «Манас» халқаро аэропортида мамлакатимиз Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбарини Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев кутиб олди. Икки давлат байроқлари билан безатилган аэропортда олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат мадҳиялари янгради. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги анъанавий ҳамкорлик янада бойиб, ўзаро алоқалар сезиларли равишда фаоллашди. Давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари, ҳукуматлар ва ҳудудлар даражасида делегациялар ташрифи амалга оширилди.

Халқларимиз азалдан бир дарёнинг икки қирғоғида, яқин қўшни сифатида яшаб келган. Тарихимиз умумий, маданий ва диний қадриятларимиз муштарак, анъана ва урф-одатларимиз ўхшаш. Машҳур адиб Чингиз Айтматов айтганидек, "Халқларимизнинг қони бир, тили бир".

Бишкек шаҳридаги Ала-Арча қароргоҳида Президентларнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари, мамлакатларимизнинг чегараолди ҳудудлари алоқаларини фаоллаштириш, шунингдек, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар муҳокама қилинди.

Президентимиз Қирғизистон Республикаси Президентига самимий қабул ва Ўзбекистон делегациясига кўрсатилган юксак эҳтиром учун миннатдорлик билдирди.

Халқларимиз ўртасида тарихан шаклланган қардошлик ва аҳил қўшничилик муносабатларини юксак қадрлаймиз. Айнан мана шу муносабатлар икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда, деди давлатимиз раҳбари.

Алмазбек Атамбоев Шавкат Мирзиёевни Қирғизистонга давлат ташрифи билан қутлаб, бу икки давлат ўртасида олий даражадаги мулоқотларнинг мантиқий давоми, томонларни қизиқтирган масалаларни муҳокама этиш учун қулай имконият эканини таъкидлади. Икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини қайд этди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари музокаралари расмий делегациялар иштирокида давом эттирилди.

Музокараларда икки ва кўп томонлама муносабатларга оид долзарб масалалар муҳокама қилинди. Сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш хусусида атрофлича фикр алмашилди.

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақаси асосий йўналиш сифатида устуворлик касб этади. Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоевнинг ўтган йил декабрь ойида Самарқандга ташрифи бугунги мулоқотларга дебоча бўлиб, музокаралар «Самарқанд учрашуви руҳи» асосида давом эттирилди.

2017 йилнинг ўтган даврида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 60 фоиз ўсди.

Учрашувда Президентлар сув ресурсларидан давлатларимиз умумий манфаатларига мос равишда оқилона фойдаланиш борасида ҳам келишиб олди.

Икки давлат раҳбарлари аввалги мулоқотларида минтақада самарали транспорт йўлларини ривожлантириш, Қирғизистон ҳудуди орқали Хитой билан боғлайдиган қисқа масофали темир йўл барпо этиш бўйича музокаралар олиб борган эди. Бу галги учрашувларда унинг ҳуқуқий асосларини яратишни жадаллаштириш бўйича келишиб олинди.

Қисқа вақт ичида ҳудудларимиз ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланди. Қирғизистоннинг Баткен, Жалолобод, Ўш вилоятлари вакилларининг Андижон шаҳрига, Ўзбекистон делегациясининг Ўш шаҳрига ташрифи амалий натижалар тасдиғидир.

Президентимиз шартномавий мажбуриятларни амалиётга изчил татбиқ этиш мақсадида чегараолди ҳудудларда Ҳокимлар кенгаши тузишни таклиф қилди.

Икки давлат ўртасида маданий-гуманитар соҳалардаги яқин ҳамкорлик, дўстлик ва қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу маънода, жорий йил февраль ойида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш давлат ўзбек мусиқали академик драма театрининг Фарғона водийсига ижодий сафарини, июнь ойида эса Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри жамоасининг Ўш, Ўзган, Аравон, Новқат, Қорасув, Жалолобод шаҳарларига ижодий сафарини алоҳида қайд этиш лозим.

Ўзбекистон кўмагида Ўш шаҳрида қурилаётган умумтаълим мактаби халқларимиз дўстлигининг ёрқин намунаси бўлди. Мазкур мактаб замонавий ўқув жиҳозлари ва анжомлари, дарсликлар, бадиий адабиётлар билан таъминланади.

Жорий йил октябрь ойида Қирғизистонда Ўзбекистон маданияти кунлари, 2018 йил Ўзбекистонда Қирғизистон маданияти кунларини ўтказишга келишиб олинди.

Яқинда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида Қирғизистон вакиллари муваффақиятли иштирок этиб, иккинчи ўринни қўлга киритди.

Бугун Ўзбекистонда 300 мингга яқин қирғиз миллатига мансуб юртдошларимиз истиқомат қилади. Уларнинг ўз маданияти, тили, анъана ва урф-одатларини ривожлантириш учун барча имкониятлар яратилган. 6 та қирғиз миллий маданий маркази фаолият кўрсатмоқда, 56 мактабда таълим қирғиз тилида олиб борилади.

Музокаралар ўзаро муносабатлар изчил ривожланаётгани ва устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликнинг истиқболи порлоқ эканини ёрқин намоён этди.

Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида Қўшма баёнот ва Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегараси тўғрисида шартномани имзоладилар. Андижон ва Ўш, Тошкент ва Бишкек шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида, икки давлат Савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида, Солиқ қонунчилигига риоя қилиш масалалари бўйича ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида, Минтақалараро ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро, илмий-техникавий ҳамкорлик, Олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битимлар, Чегарадош минтақалар ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича 2017-2019 йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлар режаси, Парламентлараро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ва бошқа муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев музокаралар ўзаро ҳурмат, ишонч ва амалий руҳда ўтганини, эришилган тарихий келишувлар Ўзбекистон Қирғизистон ҳамкорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришини таъкидладилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон Республикасига давлат ташрифи давом этмоқда.

Фарҳод Қурбонбоев (сурат), ЎзА
4 111






Все о погоде - Pogoda.uz