Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.02.2017 15:23 Чоп этиш версияси

Чехия делегацияси учрашувлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Чехия Республикаси парламенти Депутатлар палатаси раиси Ян Гамачек бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов Ўзбекистон билан Чехия ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч, ҳурмат ва манфаатдорлик асосида изчил ривожланаётгани, мазкур ташриф парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш, маданий-гуманитар, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Учрашувда Ўзбекистон ва Чехиянинг қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг турли йўналишларига оид масалалар юзасидан фикр алмашилди. Икки томонлама муносабатларнинг ҳуқуқий асосини янада мустаҳкамлашда парламентлараро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

– Жадал суръатлар билан тараққий этаётган Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – деди Ян Гамачек. – Мамлакатларимиз ўртасидаги парламентлараро алоқаларнинг мустаҳкамланиши, ижтимоий-сиёсий йўналишдаги ўзаро мулоқотларнинг мунтазамлик касб этгани бошқа соҳалардаги ҳамкорлик ривожига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Дўстлик ва ўзаро манфаатдорлик тамойилларига асосланган алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш, истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан мамнунмиз.

Тадбирда меҳмонларга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, қўмиталар, фракциялар ва депутатлик гуруҳларининг фаолияти тўғрисида маълумот берилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида ҳам Чехия делегацияси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев Ўзбекистон ва Чехия ўртасида ўзаро ишонч, манфаатдорлик ҳамда очиқ мулоқотга асосланган муносабатлар ривож топаётганини қайд этди.

Учрашувда мамлакатларимиз ўртасида кўплаб соҳаларда, хусусан, иқтисодиёт, тиббиёт, маданият ва таълим, илм-фан, қишлоқ хўжалиги йўналишларида йўлга қўйилган ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари ҳақида фикр алмашилди.

Чехия делегацияси аъзолари турли вазирлик ва идораларда учрашувлар ўтказди, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари бизнес-форумида қатнашди, Темурийлар тарихи давлат музейи билан танишди.

Севара Алижонова, ЎзА
2 863






Все о погоде - Pogoda.uz