ЎзА Ўзбек

30.04.2019 Чоп этиш версияси

​Бойсун туманида янги газ-кимё мажмуаси барпо этилади

​Бойсун туманида янги газ-кимё мажмуаси барпо этилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил апрель ойида Россия Федерациясига ташрифи асносида россиялик инвесторлар билан Бойсун туманидаги Мустақилликнинг 25 йиллиги газ конида дастлабки қидирув, уни ишлатиш ва газ-кимё мажмуаси қуриш бўйича маҳсулот тақсимотига оид битим имзоланган эди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 5,2 миллиард АҚШ доллари бўлиб, икки босқичда амалга ошириш кўзда тутилган. 

2018-2022 йилларга мўлжалланган биринчи босқичда йилига 5 миллиард куб метр газни қайта ишлаш қувватига эга завод қурилади. Жумладан, “Эрта газ” дастури доирасида 2020 йилдан бошлаб 2 минг 800 метр чуқурликдаги газ қатламидан йилига 1 миллиард куб метргача табиий газ қазиб олинади. 2023 йилда яна 15 та қудуқ фойдаланишга топширилиб, газни қайта ишлаш заводининг иккинчи линияси ишга туширилади, натижада газ қазиб олиш йилига 5 миллиард куб метрга етказилади. 

2023-2025 йилларга мўлжалланган иккинчи босқичда 1,5 миллиард куб метр газни қайта ишлаш ҳисобига йилига 500 минг тонна полимер маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга газ-кимё мажмуаси барпо этилади. Лойиҳа амалга оширилгандан сўнг жами 2 минг 200 юқори малакали иш ўрни яратилади.

Газ конининг 160 квадрат километр майдонида Хитойнинг “BJP” компанияси томонидан 3Д сейсмик қидирув ишлари ўтказилди, “Эриелл” компанияси томонидан 7 та баҳолаш қудуғи бурғуланмоқда. Объектда жами 1 минг 125 ишчи, жумладан, “Бейкер Хюз”, “Халибёртон” ва “Шлюмберже” хорижий компаниялари мутахассислари меҳнат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари вилоятга ташрифи чоғида ушбу битим доирасидаги ишларнинг бориши билан танишди. Лойиҳа ҳамкори, “Altmax Holding LTD” компанияси таъсисчиси россиялик инвестор Андрей Филатов билан дастлабки геология-қидирув ишлари натижалари, газни қайта ишлаш мажмуасини лойиҳалаштириш ва қуриш ҳақида суҳбатлашди. Ушбу инвестор Бойсун туманидаги 10-мактабгача таълим муассасасини реконструкция қилишда ҳам қатнашган. 

Кейинги йилларда ёқилғи-энергетика соҳасида амалга оширилган йирик лойиҳалар натижасида Устюрт газ-кимё, Қандим газни қайта ишлаш мажмуалари барпо этилиб, рақобатбардош маҳсулотлар номенклатураси ва ишлаб чиқариш ҳажми кенгайди. Бойсун туманида бошланган навбатдаги лойиҳа мамлакатимизнинг жанубий ҳудудини комплекс ривожлантириш, ёқилғи-энергетика, кимё, қурилиш саноати ва транспорт инфратузилмаси корхоналари қувватларини ошириш имконини беради. 

Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда газ-кимё мажмуалари қуриш бўйича катта тажриба тўплангани, ушбу лойиҳа Сурхондарё заминидаги углеводород захираларини ўзлаштириш ва қайта ишлашда катта имконият яратишини таъкидлади. Лойиҳани амалга оширишни жадаллаштириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Термиз туманида 900 мегаватли иссиқлик электр станцияси барпо этиш, вилоятда саноатни ривожлантириш, муҳандислик тармоқларини модернизация қилиш, Бойсун туманида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, Сариосиё туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишлар тақдимотлари ўтказилди.

Президентимиз Сариосиё ва Бойсун туманларида мева-сабзавот экишни кўпайтириш, хонадонларда чорва боқишни ташкил этиб, оилаларнинг ўзини ўзи таъминлашга ўтиш лозимлигини таъкидлади.

– Туман ҳокимлари кичик-кичик инвестиция лойиҳаларини жалб қилиб, экспорт ва солиқ тушумини кўпайтиришни ўйлаши керак. Шунда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича марраларимиз ва эришадиган натижаларимиз бугунгидан ўн карра баланд бўлади, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари шу ерда вилоят оқсоқоллари билан суҳбатлашди. Мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари, халқимиз манфаатини ҳимоя қилиш, ёшларни билимли қилиб тарбиялаш масалалари ҳақида сўз борди. Янги газни қайта ишлаш мажмуаси ва иссиқлик электр станцияси қурилиши сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш, одамларни бой қилишга йўл очиши қайд этилди. Одамлар ҳам бунга жавобан белни маҳкам боғлаб, яхши яшаш учун ўзлари ҳаракат қилиши лозимлиги таъкидланди.

dde1e744-c053-dde3-5c40-0641f43963ca.jpg

087b4604-bf23-7c42-cca0-c91aba3c973a.jpg

4d59e8b1-bcfb-f395-6f97-37f5c23b9408.jpg

d40fad46-2e23-1d9f-a4b6-39625f2ce662.jpg

7 650
Матназар Элмуродов, ЎзА​