ЎзА Ўзбек

27.04.2019 20:13 Чоп этиш версияси

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар мамлакатлар ва халқлар келажаги учун янги истиқболлар очади

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар мамлакатлар ва халқлар келажаги учун янги истиқболлар очади

“Бир макон, бир йўл” иккинчи халқаро форуми 27 апрель куни "Яньци" халқаро конференциялар марказида делегация раҳбарларининг давра суҳбати тарзида давом этди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Халқаро ва минтақавий ўзаро боғлиқлик масалалари Марказий Осиё, жумладан, денгиз портларига бевосита чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатимиз учун долзарб бўлиб келган ва ҳозир ҳам шундай. Ўзбекистон мамлакатларимизнинг барқарор тараққиётида муҳим омил бўладиган “Бир макон, бир йўл” ташаббусини илк кунларданоқ қўллаб-қувватлаган, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари форум давра суҳбатининг Қўшма баёноти қабул қилинишини маъқуллаб, бу минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, умумий мақсадларга эришиш, иқтисодий юксалишнинг янги манбаларини кашф этиш, натижада халқларимиз турмуш даражаси ошишига хизмат қилишини таъкидлади.

Президентимиз Марказий Осиёнинг транспорт ва логистика имкониятларини ошириш, “яшил иқтисодиёт” орқали озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш, туризмни ривожлантириш, экологик муаммоларни биргаликда бартараф этиш ва бошқа долзарб масалалар бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.

Марказий Осиё минтақасининг транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда Хитой – Марказий Осиё – Ғарбий Осиё иқтисодий йўлагини шакллантириш долзарб аҳамиятга эга экани таъкидланди. Тошкент – Андижон – Ўш – Иркиштом – Қошғар автомобиль йўли, Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой ва Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темир йўли лойиҳалари бу борада катта истиқболлар очиши қайд этилди. Шунингдек, Сариқ денгиз портлари – Марказий Осиё – Европа йўналиши бўйлаб темир йўлда юк ташишга бир хил тариф ўрнатиш ҳам иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ.

Президентимиз “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш учун қишлоқ хўжалигига замонавий технологиялар ва илғор ечимларни жорий этиш масалаларига эътиборни қаратди.

Орол денгизи қуриши оқибатида юзага келган экологик вазиятни бартараф этиш умумий вазифа эканини таъкидлар экан, Шавкат Мирзиёев шерикларни БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Траст фонди ҳамда Оролбўйи ҳудудида экологик инновациялар ва технологиялар зонаси фаолиятида иштирок этишга чақирди.

Туризм соҳасида алмашинувларни ривожлантириш, бунинг учун “Ипак йўли” бренди остида қўшма дастур ва маҳсулотларни илгари суриш бўйича долзарб таклифлар билдирилди.

Давлатимиз раҳбари Афғонистон масаласига ҳам эътибор қаратиб, ушбу мамлакатда тинчлик ўрнатилиши Марказий ва Жанубий Осиёда янги тараққиёт манбалари яратишини таъкидлади. Шавкат Мирзиёев бу борадаги долзарб масалалар жорий йилнинг кузида Тошкентда бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича Минтақавий иқтисодий ҳамкорлик конференциясида (RECCA) муҳокама этилишини маълум қилди.

Тарихий ва маданий меросимиз, олдимизда турган мақсад ва вазифаларнинг ўхшашлиги ҳамда интилишларимиз муштараклиги келажакка катта ишонч билан қарашга имкон беради. Халқларимиз биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизнинг ижобий натижаларини албатта сезиши керак, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбарининг фикр ва ташаббуслари катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Форумда қуруқлик ва денгиз йўлларини ривожлантириш, савдо алоқалари ва давлатлараро ҳамкорлик механизмларини кенгайтиришга қаратилган йирик иқтисодий коридорлар очиш масаласи муҳокама этилди. Бунинг учун транспорт-логистика, энергетика ва телекоммуникация инфратузилмаларини интеграциялаш, макроиқтисодий сиёсатни мувофиқлаштириш, савдо ва инвестиция соҳасидаги тўсиқларни бартараф этиш, саноат кооперациясини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Таъкидланганидек, “Бир макон, бир йўл” лойиҳасида мамлакатларнинг ягона иқтисодий маконни барпо этиш йўлидаги биргаликдаги маслаҳатлашув, барпо этиш ва фойдаланиш формати йўлга қўйилди. Очиқлик, “яшил иқтисодиёт" ва инновациялардан фойдаланган ҳолда узоқ муддатли тараққиётнинг янги манбаларини излаб топиш, йирик инфратузилмавий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш мазкур ташаббуснинг асосини ташкил этади.

Ташқи бозорларга чиқишни кенгайтириш, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, товарлар ва хизматлар экспортини ошириш, макроиқтисодий сиёсатнинг мувофиқлаштирилишини яхшилаш глобал иқтисодий жараёнларни тезлаштириши қайд этилди.

Евроосиёдан Африка, Америка ва Океаниягача чўзилган "Бир макон, бир йўл"нинг қурилиши дунё иқтисодиёти ўсиши учун янги имкониятлар эшигини очди, халқаро савдо ва сармоявий фаолият учун янги платформа яратиб берди, глобал иқтисодий бошқарувни такомиллаштириш бўйича янги амалий фаолиятни кенгайтириб, турли мамлакатлар аҳолиси фаровонлигини оширишга ҳисса қўшди. "Бир макон, бир йўл" янги имкониятлар ва тараққиёт йўлидаги умумий йўлдир.

Оммавий ахборот воситалари учун брифингда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин форумда иштирок этаётган давлат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамкорликни янада ривожлантириш, шериклик ўрнатиш ва мавжуд алоқаларни мустаҳкамлаш, БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган барқарор ривожланиш дастурини амалга ошириш каби масалалар юзасидан музокаралар ўтказганини таъкидлади.

Биз “Бир макон, бир йўл” ташаббусини амалиётга изчил татбиқ этиш борасида кўплаб келишувларга эришдик. Делегациялар раҳбарларининг қарашлари давра суҳбати якунида қабул қилинган Қўшма баёнотда ўз аксини топган. Унда “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида ўзаро ҳамкорликда амалга ошириладиган қатор лойиҳалар қамраб олинган. Ушбу йирик ташаббус иштирокчи давлатлар тараққиётига хизмат қилаётгани барча томонидан алоҳида таъкидланди. Биз “Бир макон, бир йўл” концепциясини бойитдик ва уни янада ривожлантиришга келишиб олдик. Мазкур лойиҳага қизиқиш билдирадиган давлатларни қўллаб-қувватлаймиз, деди Си Цзиньпин.

Давлат раҳбарлари кўп томонлама ўзаро манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлаш, автомобиль, денгиз ва ҳаво йўли орқали алоқаларни ривожлантиришга келишиб олгани қайд этилди. Юксак сифатли, барқарор, инклюзив ва кенг кўламли инфратузилмани тараққий эттириш, иқтисодий йўлаклар ва зоналар фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Бунда корхоналарнинг тутган ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Бу лойиҳаларнинг янада барқарор бўлишини, хорижий инвесторлар учун адолатли муҳитни таъминлайди.

Форум доирасида томонлар 283 та амалий натижага, давлатлараро келишувлар ва ҳамкорлик лойиҳаларига эришди. Форум доирасида ишбилармонлар қиймати 64 миллиард доллардан зиёд бўлган битимлар имзолади. Буларнинг барчаси “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасидаги ҳамкорлик ўзаро манфаатли ва кенг кўламли тус олганидан далолат беради.

Шу билан “Бир макон, бир йўл” иккинчи халқаро форуми ниҳоясига етди.

Матназар Элмуродов, ЎзА
6 684