ЎзА Ўзбек

21.03.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон армиясида Наврўз айёми кўтаринки руҳда кутиб олинмоқда

Ўзбекистон армиясида Наврўз айёми кўтаринки руҳда кутиб олинмоқда

Бугун, 21 март куни Мудофаа вазирлиги спорт мажмуасида Наврўз айёмига бағишланган байрам тантаналари кенг нишонланди. Унда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги раҳбарияти, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳамда юртимизнинг таниқли хонандаю созандалари иштирок этди.

Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Карнай-сурнай садолари остида бошланган сайлда ҳарбий хизматчилар томонидан миллий урф-одат ва анъаналар, бетакрор қадриятларимиз, садоқат, юртни кўз қорачиғидек асраш, ватанпарварлик туйғулари акс эттирилган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли, ҳарбий оркестрларнинг чиқишлари, Шарқона янги йил тарихига оид бадиий чиқишлар барчага кўтаринки кайфият улашди.

photo_2019-03-21_18-27-21.jpg

Сумалак, ҳалим, кўк сомса каби баҳорий таомлардан иборат дастурхонлар кўргазмаси, халқ ўйинлари, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳамда бугунги тинч-осуда ҳаётимиз, турли соҳаларда эришилаётган ютуқ ва марралар ҳақида ҳикоя қилувчи кўргазмалар ташкил этилди.

– Наврўз – янгиланиш, яшариш байрами. Бу каби байрамлар тинчлик ҳукмрон сураётган юртга ярашади. Шундай экан Ўзбекистонимиз доимо тинч, юртимиз фаровон бўлсин. Барчамизнинг жамики яхши ниятларимиз рўёбга чиқсин, – дея сайлга йиғилганларни мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов муборакбод этди.

photo_2019-03-21_18-27-23.jpg

Байрам давомида Мудофаа вазирлиги марказий аппарати бошқармалари ўртасида “Моҳир ошпазлар”, “Баҳорий гуллар”, “Сумалак сайли” номли кўрик-танловлар ўтказилган бўлса, Наврўз сайлида ташкил этилган шахмат-шашка, стол тенниси, арқон тортиш, волейбол, миллий кураш каби мусобақалар барчага олам-олам завқ бахш этди.

Сайлда Мудофаа вазирлиги марказий аппарати шахсий таркиби томонидан лапар, ялла, айтишувлар ижро этилди. Наврўз сайлининг барча иштирокчилари полвонлар беллашувини кузатиш, “Ёр-ёр” ва “Ўланлар” айтишувларида қатнашиш имконига эга бўлди.

photo_2019-03-21_18-27-32.jpg

photo_2019-03-21_18-27-34.jpg

Таъкидлаш керакки, бу каби байрам сайллари республикамизнинг барча вилоятларида кенг нишонланмоқда. Байрам тадбирлари дала ўқув машғулотлари майдонида ҳам бир неча кун бўлиб ўтади.

7 247
ЎзА