ЎзА Ўзбек

04.06.2019 21:03 Чоп этиш версияси

ФОТОТАНҚИД

ФОТОТАНҚИД

Айб таъминотдами, таъминловчиларда?

Жиззах вилояти Дўстлик тумани “Қаҳрамон” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги хонадонлар суюлтирилган газ вақтида етказиб берилмаётганидан қийналмоқда.

2.jpg

Андижон кўчасида яшовчи онахон Болбуви Ҳимматова охирги марта жорий йил 27 мартда 22 минг сўм тўлаб топшириб келган экан. Ўшандан бери ҳали газ ололмаётган кекса онахоннинг оиласи ўчоқдан фойдаланиб келаётир.

3.jpg

– Икки ойдан бери газ йўқ, - дейди Ўзбекистон кўчаси 91-уй 2-хонадонда яшовчи Зулхумор Эшмуродова. — 21 минг сўм пул тўлаганмиз. Яқинда борсам, 92-ўриндасиз, ҳали сизга газ бера олмаймиз,дейишди.Дала ишларидан чарчаб келиб ўчоқда ўт ёқиб овқат тайёрлаймиз. Уйда ёш болалар, кексалар бор. Айниқса, рўза кунлари жуда қийналаяпмиз. Арз қилмаган идорамиз қолмади, аммо натижа йўқ.

4.jpg

Хонадонларнинг кўпчилигида айнан шу аҳвол. Бунинг устига суюлтирилган газ баллонининг бир донаси 21-22 минг сўмдан тўлдирилаётганидан ҳам аҳоли норози.

6.jpg

– Қишлоқда жами 1 минг 200 хонадон суюлтирилган газ олади, – дейди қишлоқни суюлтирилган газ баллони билан таъминловчи Абдусаид Абдукаримов. – Январь ойидан шу кунга қадар ҳаммаси бўлиб 1 минг 861 та газ баллони тарқатдим, холос. Одамларнинг норозилиги тўғри. Кўпчилик тўрт-беш ойда бир марта газ олган.Менга ойлик берилмайди, ҳар бир баллонга 21 минг сўмдан олишимни айтишган. Шундан минг сўми менга қолади. Бундан ҳамманинг хабари бор.

7.jpg

Махсус жой йўқлигидан газ баллонлари А. Абдукаримовнинг ҳовлисида сақланар экан.

8.jpg

Фақат Қаҳрамон қишлоғида эмас, туманнинг суюлтирилган газдан фойдаланувчи 6 та қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида ҳам таъминот яхши эмас.

Масалага янада ойдинлик киритиш мақсадида Пахтакор туманлараро газ таъминоти участкаси Дўстлик туман бўлими устаси Хайрулла Яхшилиқов билан телефон орқали боғланганимизда ойлик белгиланган 70 тонна суюлтирилган газни тўлиқ олишда қийинчилик бўлаётгани, аммо олинаётганини айтди. Лекин истеъмолчилар пулини тўлаб ҳам газ ололмаётгани сабабини аниқ изоҳлай олмади. Бу аҳволга нима сабаб бўлган ёки ким айбдор - таъминотчи, таъминловчиларми, деган саволга газ таъминотнинг Жиззах филиали масъуллари аниқ жавоб беришар деган умиддамиз.

Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА
6 263