ЎзА Ўзбек

21.03.2019 Чоп этиш версияси

Бунёдкор элнинг файзли байрами

Бунёдкор элнинг файзли байрами

Пойтахтимиздаги “Ҳумо арена” мажмуасида Наврўз байрами тантаналари бўлиб ўтди

Қиру адирлар ям-яшил майсалар билан қопланган, атрофни қушлар чуғури-ю анвойи гуллар, гиёҳлар ифори тутган. Инсон ботинидаги энг инжа ҳисларни-да уйғотувчи кўклам насими руҳиятимизга бир тозалик олиб киргандай бўлади. Инсон ҳам, табиат ҳам янгиланиш ва яшариш айёми бўлган Наврўзи оламни ана шундай интиқлик, муштоқлик билан кутиб олади.

Яхши одам кўзидан, яхши йил Наврўзидан маълум, дейди халқимиз. Ота-боболаримизнинг минг йиллик кузатишлари ҳосиласи сифатида дунёга келган бу нақл худди бу йилимиз учун айтилгандек. Она юртимизга кириб келган баҳор йил бўйи келадиган об-ҳаво, шунга мос мўл ҳосил, қут-баракадан дарак бераётгандек...

photo_2019-03-21_19-44-25.jpg

Ҳа, юртимизга Яратганнинг инояти, табиат мўъжизаси бўлмиш кўклам кириб келди. Бу йилги баҳорнинг авжи ўзгача. Эрта баҳордан илиқ насимлар эса бошлади. Бундан руҳланган бободеҳқон яхши ният билан уруғ қадашга шайланди. Шаҳару қишлоқларда, маҳаллаю овулларда кўклам тадориги қизигандан-қизиган: улуғ бунёдкорлик қудрати, ободлик, поклик нафаси, янгиланиш ва яратиш завқи ҳар қадамда сезилади.

21 март. Азим пойтахтимиз марказида яқинда фойдаланишга топширилган муҳташам “Ҳумо арена” мажмуаси байрамона безатилган. Наврўзга хос анъаналаримиз, халқ ўйинлари, дор томошалари ташкил этилган. Сўрилардаги дастурхонларга баҳорий таомлар тортилган.

Карнай-сурнай садолари янграб, байрам бошланаётганидан дарак беради.

photo_2019-03-21_19-44-28.jpg

...Асосий саҳна турфа чироқлар, ранго-ранг тасвирлар билан муҳташам мажмуани янада салобатли кўрсатади. Бу ерга сенаторлар ва депутатлар, ҳукумат аъзолари, фан, маданият, санъат, спорт намояндалари, ишлаб чиқариш илғорлари, тадбиркорлар, пиру бадавлат отахону онахонлар, турли соҳаларда меҳнат қилаётган юртдошларимиз, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари ташриф буюрган.

Тантана иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни қарсаклар билан кутиб олди.

Давлатимиз раҳбари барчани Наврўз байрами билан табриклади.

photo_2019-03-21_19-44-31.jpg

Муаззам майдон узра борлиқ уйғониши, янги кунни мадҳ этувчи наво таралади. Саҳна сатҳида турфа ранглардаги тасвирлар орқали она замин, ҳаёт абадийлиги тимсоли бўлган фаслларнинг эврилиши, юртимизга кириб келган кўклам сурури акс этади. Чаппар уриб гуллаган ўриклар, шўх-шан учаётган қалдирғочларнинг саси юракларда ажиб ҳислар уйғотади.

Наврўз инсониятнинг ўзи қадар қадимий ва боқий байрамлардан. Айни пайтда бу байрам Ер юзида катта шодиёна, хурсандчилик ила қарши олинади. БМТ Бош Ассамблеясининг 2010 йил 23 февралдаги резолюцияси билан 21 март – бутун дунёда Халқаро Наврўз куни сифатида нишонланади.

Дунёда шунча миллий байрамлар бўлатуриб, нима учун айнан халқимизнинг шарқона янги йили – Наврўз миллий сарҳадлардан чиқиб, дунё байрамига, умумбашарий қадриятга айланди? Чунки Наврўз ҳамма даврда тинчлик, тотувлик, дўстлик, юртга, она табиатга меҳр-муҳаббат ифодаси бўлиб келган. Аждодларимиз минг йиллардан бери бу кунни эзгулик, бағрикенглик ва тенглик ифодаси сифатида нишонлаб келганлар.

photo_2019-03-21_19-44-34.jpg

– Оққан дарё оқаверади, деган гапда теран маъно бор, – дейди Қашқадарё вилояти Китоб туманидан келган 75 ёшли Рўзиқул ота Ҳақбердиев. – Шундай замонлар ҳам ўтдики, бу байрамни биздан олмоқчи, Наврўзни ёдимиздан ўчирмоқчи бўлдилар. Шукрки, Наврўзимиз яна ўзимизга қайтди, элимизнинг энг севимли, фараҳбахш, қувончли байрамларидан бири сифатида ҳар йили янгича маъно ва мазмун билан кенг нишонланиб келмоқда.

Наврўз ободлик, меҳр-оқибат, хайру саховат айёмидир. Халқимиз бу йил ҳам Йилбошини ана шу эзгу тамойилларга мувофиқ кутиб олмоқда. Баҳорнинг дастлабки кунларидан юртимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари авжига чиқди. Ҳашарлар ташкил этилиб, маҳаллалар, кўчалар, аҳоли турар жойлари ободонлаштирилди, мевали ва манзарали дарахтлар, гул кўчатлари ўтқазилди.

Байрам кунларида серғайрат ёшлар, қўли очиқ тадбиркорлар кўмакка муҳтожларга беминнат ёрдам берди. Беморларнинг ҳолидан хабар олинди. Қўни-қўшнилар бир-бирларига Наврўзнинг тансиқ таомларини илинди.

photo_2019-03-21_19-44-36.jpg

Наврўз биз учун бунёдкорлик ва яратувчилик байрами сифатида ҳам қадрлидир. Наврўздан Наврўзгача мамлакатимизда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. Бу эзгу анъана бу йил ҳам давом этди. Юзлаб уй-жойлар, замонавий корхоналар, маданият ва спорт саройлари қурилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм ва бошқа соҳаларда стратегик лойиҳалар амалга оширилди. Иқтисодиётни барқарор қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида ўтган йили аҳолининг реал умумий даромадлари 2017 йилга нисбатан 12 фоизга ошди.

Инсон қадр-қимматини эъзозлаш, унинг манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйиш барча бўғиндаги ислоҳотларнинг бош шиори этиб белгилангани эришилаётган натижаларда ҳам яққол ифодасини топмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида бошланган бунёдкорлик тўлқини бутун мамлакатимизни қамраб олди. Бу халқимиз эртага, узоқ келажакда эмас, бугун яхши яшаши керак, деган олижаноб ғояни рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.

Биргина ўтган йилнинг ўзида бу борадаги қурилиш ва ободонлаштириш ишларига 3 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Натижада 416 та қишлоқ янгича қиёфа касб этди. Бир сўз билан айтганда, одамларнинг турмуши ўзгарди, ҳаётига мазмун кирди.

...Эртамиз эгалари бўлган болаларнинг чиқишлари, уларнинг шўх-шодон кулгулари, мустақил юртнинг баркамол фарзандлари ижросидаги она Ватанни, кўкламни, бахтиёр болаликни мадҳ этувчи жарангдор куй-қўшиқлар, жозибадор рақслар барчага завқ-шавқ улашади. Наврўз, ёшлик ва баркамолликнинг нақадар уйғунлиги кўз ўнгингизда гавдаланади.

Ўтган йилда ҳаётимизнинг бошқа жабҳаларида, жумладан, илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва санъат, спорт соҳаларини ривожлантириш йўлида ҳам муҳим қадамлар қўйилди. Айниқса, юртимиз ёшлари Индонезияда бўлиб ўтган Осиё ва Параосиё ўйинларида, Аргентинада ўтказилган ўсмирлар Олимпиадасида юқори ўринларни эгаллагани барчамизни қувонтирди.

Мамлакатимизда барча соҳада олиб борилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар самарасида иқтисодиётимизнинг рақобатбардошлиги мустаҳкамланиб, Ватанимизнинг халқаро майдондаги нуфузи юксалиб бораётганида намоён бўлмоқда. Жумладан, мамлакатимизнинг очиқ ва фаол ташқи сиёсати жаҳон давлатларининг эътиборига тушди. Бугун Ўзбекистонни ишончли ҳамкор деб билган мамлакатлар сафи кенгайиб, халқаро муносабатларда мамлакатимизнинг дўстлари тобора ортиб бормоқда.

2018 йилда ана шундай ҳамкор давлатлар билан қарийб йигирмата расмий ташрифлар амалга оширилди ва 52 миллиард долларлик 1 минг 80 та лойиҳа бўйича келишувларга эришилди. Президентимизнинг жорий йилда Ҳиндистон Республикаси ва Германия Федератив Республикасига расмий ташрифлари бу борадаги марралар сари қўйилган янада дадил қадамлар бўлди.

– Наврўз байрамининг ўзига хос шукуҳи халқларни бирлаштиради, – дейди Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У. – Корейслар ҳам Ўзбекистон халқи сингари табиат билан боғлиқ удумларни жуда қадрлайди. Бундай муштараклик халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар янада мустаҳкамланишида муҳим омиллардан биридир.

Ўтган йили “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури доирасида 21 триллион сўм ва 1 миллиард долларга тенг 76 мингта лойиҳа амалга оширилиб, мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш йўлида улкан қадамлар ташланди. Бу борадаги ишлар кўлами Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилида ҳам изчил давом эттирилмоқда.

Жорий йилги Инвестиция дастури доирасида мамлакатимизга жами 4,2 миллиард доллар қийматидаги тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ҳисобидан иқтисодиётимизни жадал ривожлантириш кўзда тутилган. Бу, ўз навбатида, ҳар бир оила, ҳар бир жамоа ҳаётида янги-янги ўзгаришларга олиб келади, халқимизнинг байрамларни шоду хуррамликда, тинчлик-хотиржамликда тантана қилишига замин яратади.

Президентимиз Наврўз умумхалқ байрами арафасида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Бу ҳам халқимизга хос эзгулик, бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси бўлди.

...Саҳна ортидаги йирик мониторларда юртимиз табиати, халқимизнинг фаровон ҳаёти, кейинги йиллардаги бунёдкорлик ишлари акс этган тасвирлар байрам иштирокчилари қалбида эришган ютуқларимиздан фахрланиш ва мамнуният туйғуларини жўш урдиради...

Бу йилги Наврўз тантаналарида бадиий-фольклор ва этнографик жамоаларининг чиқишларига кенг ўрин берилди. Ҳар бир ҳудуднинг ранг-баранг анъаналари, лапару ўланлари ижро этилди. Ҳур диёримизда бир тану бир жон бўлиб яшаётган барча миллат ва элат вакилларининг бадиий чиқишлари қалбларни фахрга тўлдирди.

Нияти улуғ халқнинг – иши ҳам улуғ, ҳаёти ёруғ ва келажаги фаровон бўлади. Халқимиз фарзандларимизнинг бахтини, камолини ўйлаб, обод ва фаровон келажакни кўзлаб ёруғ ният билан олға интилмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, бугун она табиат бағрида янгиланиш ва яшариш фасли бошланмоқда. Жонажон Ўзбекистонимиз ҳам бугун ўз миллий тараққиётининг янги даврига қадам қўймоқда.

Файзли мажмуадаги шукуҳли тантанада бу яна бир бор ифодасини топди. Санъат усталари, ёш ижрочиларнинг она юртни, истиқлолни, янгиланиш ва яшариш айёмини мадҳ этган чиқишлари қалбларни тўлқинлантирди. Мусиқий оҳанглар, дилтортар рақслар, бетакрор саҳна манзаралари барчага завқ-шавқ бағишлади. Бундай дамларда Ватанга муҳаббат ва садоқат, ўзгаларга меҳр-оқибат кўрсатиш туйғуси жону танимизга янада теранроқ сингаётгандек.

Наврўз сайиллари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, туман, қишлоқ ва овулларда давом этмоқда.

22 360
Матназар Элмуродов, ЎзА