Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.06.2017 12:54 Янги қонунларга шарҳлар

Конституциявий одил судлов асослари мустаҳкамланмоқда

Конституциявий судлар инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти тармоқлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини барпо этиш, Конституциянинг устунлигини таъминлаш ҳамда уни махсус муҳофаза қилиш мақсадида яратилган.

Миллий ва хорижий экспертларнинг фикрича, конституциявий одил судлов демократик давлатчиликнинг муҳим сифат белгисидир. Конституциявий одил судлов конституциявий назоратнинг олий шакли, замонавий демократик давлатнинг алоҳида талаби, зарурий институтидир. Конституциянинг устунлигини таъминлаш ҳамда мамлакатимизда қонунийлик муҳитини, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларини яратишнинг ишончли гаровидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди суд ҳокимиятининг алоҳида тармоғи бўлиб, унинг фаолияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатлари Конституцияга қанчалик мослигини назорат қилишга қаратилган.

2017 йил 1 июнда матбуотда эълон қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида (80, 93, 108 ва 109-моддаларига)» ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги қонунлар конституциявий судловни замон талабига мувофиқ такомиллаштиришга қаратилган. Зеро, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилаётир. Бу жараёнда Конституциявий суд фаолиятини такомиллаштиришга ҳам эҳтиёж туғилди.

Соҳага оид янги қонун Конституциявий суд фаолиятининг самарадорлигини ва нуфузини ошириш, мустақиллигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Чунки шу асосда мазкур суднинг ваколатлари кенгайтирилиб, уни шакллантириш тартиби янада демократлаштирилди.

Янги қонун “конституциявий қонун” мақомига эга бўлди. Қонунда Конституциянинг устунлиги, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги каби янги принциплар ўз ифодасини топди. Ҳар бир принципнинг мазмун-моҳияти алоҳида моддаларда очиб берилди.

Конституциянинг устунлиги принципига тўхталадиган бўлсак, Конституциявий суд ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг устунлигини, қонун чиқарувчи ҳамда ижро этувчи ҳокимиятнинг ҳужжатларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигига доир конституциявий принципнинг ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бошқа нормаларининг рўёбга чиқарилишини таъминлашга даъват этилгандир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳаётимизнинг ўзи Конституциямизда ифодасини топган энг асосий мақсад – инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда, деган эди. Шу маънода қонун чиқарувчи ҳамда ижро этувчи ҳокимиятнинг ҳужжатларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигига доир конституциявий принципнинг рўёбга чиқарилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилгани муҳим аҳамият касб этади.

Жаҳон конституциявий судлари тарихидан маълумки, мазкур судларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ўрни, давлат ҳокимияти тизимида мувозанатни таъминлашдаги роли, амалга оширадиган ваколатларининг сиёсий-ҳуқуқий аҳамиятидан келиб чиқиб, унинг аъзоларига бошқа судлар судьяларига нисбатан ёш ва малака талаблари юқори қўйилади.

Янги қонунда Конституциявий суд судьясининг судьялик лавозимида бўлишига оид ёш цензи белгиланди. Демак, бу борада энг юқори ёш – етмиш ёшни ташкил этади. Конституциявий суднинг судьяси лавозимига номзодга қўйиладиган талабларга кўра, сиёсат ва ҳуқуқ соҳаси мутахассиси бўлган, юксак маънавий фазилатларга ва зарур малакага эга бўлган, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин.

Ёш цензининг 30 ёшдан 35 ёшга ўзгартирилгани ўзига хос аҳамиятга эга. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ёшда шахснинг билим ва тажрибаси янада ошган, ҳаётга бўлган қарашлари ҳам тўлақонли шаклланиб, муайян ҳажм ва мазмундаги ишларни маромида амалга ошириш имконияти ортган бўлади.

Қонунга мувофиқ, айни бир шахс икки мартадан ортиқ Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин эмас.

Ўзгаришлардан яна бири Конституциявий суд судьяларининг сайланиши билан боғлиқ. Аввал судьялар Президентнинг тақдимига биноан Сенат томонидан суд раиси, раис ўринбосари ва Конституциявий суднинг аъзоларидан иборат таркибда сайланган. Эндиликда Конституциявий суд судьяси Президентнинг тақдимига биноан Сенат томонидан Судьялар олий кенгаши тавсия этган шахслар орасидан сайланади.

Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари Конституциявий суд мажлисида унинг судьялари орасидан сайланади. Яъни Конституциявий суднинг раиси ва унинг ўринбосари Сенат томонидан сайланмайди. Раис ва унинг ўринбосарини судьяларнинг ўзлари ичларидан сайлашлари янада демократик табиат касб этади. Бундай ҳолат халқаро стандартларда юксак эътироф этилади.

Конституциявий суднинг судьялари аввал Ўзбекистон Республикаси Президенти олдида қасамёд қилиши белгиланган бўлса, энди Сенат мажлисида Конституциявий суднинг судьяси сайланган пайтда қасамёд қилади. Бу оқилона ечим бўлиб, судьянинг қасамёд қилиш вақти аниқлаштирилгани ушбу таомил вақтида бажарилишини таъминлайди. Аввал судьялар қачон қасамёд қилиши аниқ белгилаб қўйилмаган эди.

Янги қонунда раиснинг ваколатлари баён этилган. Бунда алоҳида таъкидлаш жоизки, раиснинг бошқа судьялардан устунлик томони мавжуд эмас. Фақатгина овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Конституциявий суд аввал фақат Президент фармонининг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш ваколатига эга бўлган бўлса, эндиликда бунга қарорлар ва фармойишлар ҳам киритилди. Шунингдек, Конституциявий суд конституциявий қонунлар, халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларнинг имзолангунига қадар Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш ваколатига эга бўлди. Олий суднинг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатларини кўриб чиқади. Ҳар йили Олий Мажлис палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади.

Жаҳон конституциявий судлари амалиётига назар ташласак, улар “ex-ante”, яъни ҳужжат имзоланмасидан аввалги ва “ex-post”, яъни ҳужжат кучга кирганидан кейинги назоратни амалга оширади. Ўзбекистонда Конституциявий суд аввал ҳужжат кучга кирганидан кейинги назоратни амалга ошириб келаётган эди. Эндиликда конституциявий қонунлар, халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунлар имзолангунига қадар дастлабки назоратдан ўтказилади.

Мамлакатимизда Олий суд фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи бўлиб, қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳамда Конституциявий судга масала киритиш ҳуқуқларига эга. Шундан келиб чиқиб, умумий юрисдикция судларида шундай эҳтиёж туғилганида Олий суд орқали Конституциявий судга мурожаат қилиш имконияти қонунан мустаҳкамланди.

Конституциявий судга ҳар йили Олий Мажлис палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш ваколатининг киритилиши ҳар томонлама тўғри бўлди.

Мазкур ахборот Олий Мажлисга қонунлар сифатини оширишда ҳамда уларнинг бажарилиши устидан парламент назоратини амалга оширишда, давлат бошлиғига эса кафиллик функциясини бажаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Қонундаги муҳим жиҳатлардан яна бири – Конституциявий судга масала киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доирасига ўзгартириш киритилди. Эндиликда Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳам бундай ҳуқуққа эга бўлди.

Олий Мажлис палаталари коллегиал орган эканлиги ҳамда палаталар масала киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъект сифатида қайд этилганлиги, бундан ташқари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари ҳам муайян миқдордаги (камида тўртдан бир қисми) депутатлар гуруҳи, сенаторлар гуруҳи билан масала киритиш ҳуқуқига эга эканликларини ҳисобга олиб Қонунчилик палатасининг Спикери, Сенатнинг Раиси масала киритувчи субъектлар қаторидан чиқарилди. Агар аввал Олий суд раиси масала киритиш ҳуқуқига эга бўлган бўлса, мазкур органнинг коллегиал идора эканлигидан келиб чиқиб, эндиликда Олий суд бундай ҳуқуққа эга эканлиги белгилаб қўйилди.

Конституциявий суднинг фаолиятини молиялаштириш Давлат бюджетида алоҳида сатрда назарда тутилиши белгиланганди. Бу ҳам Конституциявий суднинг давлат ҳокимияти тизимида тутган ўрнидан далолат бўлиб, суднинг молиявий мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.

Қонунда юқоридагилардан ташқари Конституциявий суд судьясининг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш асослари “Судлар тўғрисида”ги қонундаги умумий юрисдикция судлари судьяларининг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш асослари билан бирхиллаштирилди. Конституциявий суд девони, Конституциявий суд ҳузурида тузиладиган илмий-маслаҳат кенгаши ҳуқуқий мақоми қонунан мустаҳкамланди. Конституциявий суднинг қарорлари, хулосалари ва бошқа ҳужжатлари мазкур суднинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси Конституциявий суднинг ҳужжатлари эълон қилинадиган расмий манбага кириши, Конституциявий суд судьялари кийим-бошининг тавсифи ва намунаси Сенат томонидан тасдиқланиши белгилаб қўйилди.

Хулоса қилиб айтганда, бу меъёрлар Конституциявий суд фаолиятининг самарадорлигини ва нуфузини оширишга хизмат қилади. Конституциянинг устунлигини таъминлашга оид фаолиятни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга замин яратади.

Миравзал Миракулов,

юридик фанлари доктори.

ЎзА






Все о погоде - Pogoda.uz