Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.01.2017 14:37 Янги қонунларга шарҳлар

Ижтимоий хизматнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида жамиятимизда амалга оширилган демократик ислоҳотлар жараёнида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, имконияти чекланган шахслар, ёлғиз кексаларни тиббий-ижтимоий ҳимоялашга қаратилган доимий эътибор жамият тараққиётини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Мамлакатимизда бу соҳадаги ишларни ташкил этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган. “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида” “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар ҳамда ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди ва ҳаётга жорий этилмоқда.

Мазкур қонун ҳужжатларида белгиланган вазифалар изчиллик билан ижро этилаётгани, ҳар йили давлат бюджетининг салмоқли қисми ижтимоий соҳага сарфланаётгани бу борадаги ишларни тизимли асосда ташкил этиш, инсон манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг эртанги кунга ишончи ва интилишини янада кучайтиришда катта роль ўйнамоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 26 декабрдаги «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Ўрол Ҳайитов билан суҳбатимиз мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти, жамиятимизда инсон манфаатларини муҳофазалаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни янада ривожлантиришдаги аҳамиятига бағишланди.

– Кексалар, жисмоний имконияти чекланган инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш халқимизнинг азалий қадриятидир. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган ва дунёда “ўзбек модели” дея эътироф этилган тараққиёт стратегиясининг муҳим тамойилларидан бири – кучли ижтимоий сиёсат юритиш эканлиги бу борада муҳим омил бўлди. Мамлакатимизда халқимизни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатиш бўйича замонавий тизим яратилди. Бу ногиронларни, ёлғиз кексаларни ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд қатламини тиббий-ижтимоий ҳимоялаш, жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашда ўз самараларини бераётир.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳозирга қадар аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва юқорида қайд этилган бир қатор қонунлар асосида амалга ошириларди. Глобаллашув жараёнининг тобора чуқурлашуви, ҳуқуқий муносабатларнинг такомиллашаётгани бу йўналишда алоҳида қонун ишлаб чиқиш заруратини юзага келтирди.

Қонунни тайёрлаш жараёнида тараққий этган илғор мамлакатларнинг бу йўналишдаги қонунчилик тажрибаси ўрганилди. Халқимизнинг миллий қадриятлари ва истиқлол йилларида бу соҳадаги ишларни ташкил этишда орттирилган илғор тажрибалар таҳлил этилди. Қонун лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди.

Олти боб, ўттиз моддадан иборат қонунда ижтимоий хизмат соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ўз ифодасини топган. Бу жараёнда шахснинг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашга асосий эътибор қаратилган бўлиб, бу вазифани тўлақонли амалга ошириш учун ижтимоий хизматларга муҳтожларни ўз вақтида аниқлаш, ҳисобга олиш, уларга хизмат кўрсатиш билан чекланиш кифоя қилмайди. Ижтимоий хизматлардан фойдаланувчиларнинг оила ва жамият билан алоқаларини сақлаш, уларнинг қулай муҳитда бўлиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳам муҳим вазифадир. Давлат органларининг бу соҳадаги фаолияти очиқлигини, ижтимоий хизмат кўрсатиш бўйича стандартларга риоя этилишини таъминлаш, ижтимоий шерикликни ривожлантириш ҳам белгилаб қўйилган.

Шу ўринда ижтимоий хизматлар қандай йўналишларни қамраб олишига аниқлик киритиш лозим. Қонуннинг бешинчи моддасида бу тушунчага батафсил изоҳ берилган. Ижтимоий хизматлар шахснинг турмуши сифатини оширишга, унга жамият ҳаётида иштирок этишнинг бошқа фуқаролар билан тенг бўлган имкониятларини яратишга ва (ёки) ўзининг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган хизматларга муҳтож шахсга ёрдам кўрсатиш бўйича ҳуқуқий, иқтисодий, психологик, таълимга оид, тиббий, реабилитация чора-тадбирлари ва бошқа чора-тадбирлар мажмуидир.

Қонунда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектларининг аҳоли ана шундай эҳтиёжманд тоифаларига ижтимоий хизматлар соҳасидаги ваколатлари ўз ифодасини топган.

– Янги қонунга мувофиқ, кимлар ижтимоий хизмат олиши мумкин ва уларга қандай шаклда хизмат кўрсатилади?

– Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар, I ва II гуруҳ ногиронлари, ногирон болалар, муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқаролар, ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган шахслар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари ҳисобланади. Улар ижтимоий кузатув ва маслаҳат бериш хизматлари, уйда парваришлаш бўйича ижтимоий хизматлар, кундузи ва (ёки) қисқа муддат бўлиш муассасаларидаги ижтимоий хизматлар, интернат муассасаларидаги ижтимоий хизматлардан фойдаланиши мумкин.

Ижтимоий кузатув ва маслаҳат бериш хизматлари қуйидаги турларни ўз ичига олади: ижтимоий хизматлар кўрсатиш масалалари бўйича маслаҳатлар бериш, тегишли органлар ва ташкилотларга юбориш, ишга жойлашишда кўмаклашиш, ҳомийлик ва васийликни белгилаш, фарзандликка олиш, етим болаларни ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилада тарбиялаш (патронат), болалар интернати муассасаларига қабул қилишда кўмаклашиш бу борадаги фаолиятнинг муҳим йўналишидир. Болалар интернати муассасалари тарбияланувчисини оилага қабул қилишга ота-оналарни ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни тайёрлаш, уй-жой, маиший жиҳатдан жойлашиш ва моддий ёрдам олиш, протез-ортопедия буюмларини ва реабилитация техник воситаларини олишда кўмаклашиш каби вазифаларни қамраб олади.

Маиший хизмат кўрсатиш, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотларини, гигиена товарларини, дори воситаларини ва тиббиёт буюмларини харид қилиш ва уйга етказиб бериш, овқат тайёрлаш, хоналарни йиғиштириш-тозалаш, шахсий гигиена тадбирларини амалга ошириш, зарур тиббий ёрдам кўрсатилишида кўмаклашиш, тиббиёт кўрсатмаларига кўра протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш уйда парваришлаш бўйича ижтимоий хизматларнинг асосий турларидир.

Қонунда кундузи ва (ёки) қисқа муддатда бўлиш муассасаларидаги ҳамда интернат муассасаларидаги ижтимоий хизматларнинг турлари ва йўналишлари ҳам аниқ ифода этилган.

Орамизда ижтимоий хизматга муҳтож инсонлар учраб турса-да, ҳамма ҳам бу борада тегишли ташкилотларга мурожаат қилавермайди. Шу жиҳатлар эътиборга олиниб, қонунчилигимизда бундай эҳтиёжманд инсонларни аниқлаш ва уларга замонавий хизмат кўрсатиш бўйича аниқ механизмлар яратилган.

Ижтимоий хизматга муҳтож шахснинг турмуш шароити баҳоланади. Унга хизмат кўрсатиш бўйича якка тартибдаги дастур ишлаб чиқилади ва амалга оширилади, дастурнинг ижроси бўйича мониторинг юритилади. Мониторинг натижалари якка тартибдаги дастурни қайта кўриб чиқиш ёки тугатишга асос бўлади. Ижтимоий хизмат олувчининг оилавий ҳолати ўзгариши натижасида унинг турмуш шароити яхшиланиши ёки бундай хизмат олишни рад этганлиги, бошқа жойга кўчиб кетгани, доимий яшаш жойида узоқ муддат бўлмаслиги ёки тақдим этилган маълумотлар қалбаки бўлиб чиқиши ва бошқа ҳолатлар ижтимоий хизматлар якка тартибдаги дастури тугатилишига асос бўлади.

Инсон тақдирига эътиборсиз бўлмаслик, шахснинг ҳуқуқларини таъминлаш, барча учун тенг шароитлар яратиш устувор йўналиш этиб белгиланган мазкур қонунда соҳадаги ишларни тизимли асосда ташкил этиш билан бир қаторда бу жараёнда давлат ва жамоат назоратини юритиш йўналишлари ўз ифодасини топгани қонуннинг ҳаётийлигини таъминлашга хизмат қилади.

Бу борада давлат назорати давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан бажарилса, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жамоатчилик назоратини амалга оширади. Қонунда давлат органлари ва ташкилотлари жамоатчилик назоратини ўтказишга кўмаклашиши ҳамда жамоатчилик назорати натижалари тегишли давлат органлари томонидан кўриб чиқилиши шартлиги белгилаб қўйилгани бу соҳадаги ишларнинг очиқ-ошкоралигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар бундай хизматлардан ўз вақтида фойдаланиши учун тенг шароит яратиш, жамиятда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик муҳитини янада кучайтиришга замин бўлади.

Баҳор Хидирова, ЎзА






Все о погоде - Pogoda.uz