Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2017 17:31 Чоп этиш версияси

Зукко билимдонлар сараланди

Термизда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида республика фан олимпиадасининг Сурхондарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Ушбу анъанавий билимлар беллашуви истеъдодли ўқувчи-ёшларни аниқлаш, уларнинг изланишларини қўллаб-қувватлаш, фан сирларини пухта эгаллашига кўмаклашиш, интилишларини муносиб рағбатлантиришда муҳим омил бўлмоқда.

Синовларнинг очиқлиги, холислигини таъминлаш мақсадида Термиз давлат университети профессор-ўқитувчилари, умумтаълим мактабларининг тажрибали педагоглари жалб этилди. Ота-оналарнинг олимпиада ўтказилишини кузатиши учун ҳам барча шароит яратилди.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари учинчи босқич ўқувчилари беллашувларида ҳар бир фан бўйича ёзма иш ва тест синовларида етарли балл тўплаган 14 нафар ғолиб олимпиаданинг мамлакат босқичида қатнашиб, ўз билимини яна бир бор синовдан ўтказади.

– Ўзбек тили ва адабиёти фани бўйича ғолиб бўлганимдан хурсандман, – дейди Термиз мактабгача таълим ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Ф.Ҳошимова. – Замонавий таълим муассасамизда биз, ёшларнинг фан сирларини пухта эгаллашимиз учун барча шароит яратилган. Энди олимпиаданинг мамлакат босқичида ҳам муваффақиятли иштирок этиш учун янада пухта тайёргарлик кўраман.

Иккинчи босқич ўқувчилари ўртасидаги беллашувда 5 ўғил-қиз биринчи ўринни эгаллаб, 2017-2018 ўқув йилида ўтказиладиган республика фан олимпиадасининг вилоят босқичида тўғридан-тўғри иштирок этиш учун йўлланма олди.

Фан олимпиадасининг вилоят босқичида энг юқори балл тўплаган бир гуруҳ ўқувчилар биология, математика, кимё ва физика фанлари бўйича вилоят жамоаси таркибида халқаро фан олимпиадасига борувчи мамлакат жамоасини шакллантириш баҳсларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
3 342






Все о погоде - Pogoda.uz