ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистоннинг 10 та олий таълим муассасаси 2030 йилга бориб халқаро ташкилотлар мингталигидан жой олади

Ўзбекистоннинг 10 та олий таълим муассасаси 2030 йилга бориб халқаро ташкилотлар мингталигидан жой олади

Президент “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади. 

photo5819874904957364552.jpg
Собир ТУРСУНОВ, 
педагогика фанлари доктори 

Мамлакатимизда барча жабҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар таълимнинг барча бўғини, айниқса, олий таълим тизимида яққол кўзга ташланмоқда. Бу жиҳатлар ўқитиш сифатини тубдан такомиллаштириш, билим масканларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, олий таълим масканларига ёшларнинг қамровини тобора ошириш кабиларда ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда. 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда миллий таълимни бошқариш механизмларини такомиллаштириш муаммоларини тизимли-инновацион ёндашув билан ҳал этишга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда. 

Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларга мос ҳолда, халқаро стандартлар даражасида олий малакали мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратишга хизмат қиляпти. 

Қарорга кўра, олий таълим тизимини 2017 – 2021 йилларга мўлжалланган комплекс ривожлантириш дастурини амалга ошириш учун йўналтириладиган молиявий маблағлар 1,7 триллион сўмликдан зиёд бўлиб, унинг 500 миллиард сўмликдан ортиғини таълим даргоҳларини ўқув-лаборатория ускуналари, мебель ва инвентарь билан таъминлаш, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга сарфланиши кўзда тутилган. 

Шунингдек, Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 5 июндаги “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори таълим тизимини янги босқичга олиб чиқди, десак муболаға бўлмайди. Кадрлар тайёрлашдаги муҳим қадам саналмиш мазкур ҳужжат олий таълим тизимини ривожлантириш учун етарли шарт-шароитлар яратилишига асос бўлди. Жумладан, қарорда олий таълим муассасалари (ОТМ)да таълим сифатини оширишга тўсиқ бўлиб келаётган бир қатор муаммолар, бугунги кунда учраётган оғриқли нуқталарни бартараф этиш чоралари белгилаб берилди. 

Қолаверса, Ҳаракатлар стратегиясида ҳам кадрлар тайёрлашнинг маъно-мазмунини тубдан янгилаш, халқаро стандартлар даражасида олий малакали мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратишга доир муҳим масалалар белгиланган. 

Президентимизнинг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, Ўзбекистонда олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Шунингдек, ушбу ҳужжатда назарда тутилган мақсадлар олий таълимни модернизация қилиш билан бирга, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиради. 

Жумладан, олий таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик ривожланиши ҳудудларда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари кенгаяди. Бу эса соҳада соғлом рақобат муҳитини ривожлантиради. Рақобат бор жойда сифат яхшиланади. Пировардида, мамлакатда малакали кадрлар кўпаяди, аҳолининг олий маълумотли қатлами ортади. Бозор иқтисодиёти шароитида нарх-наво мўтадиллашади. 

Ҳужжатда Ўзбекистондаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига, шу жумладан, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритилиши белгиланди. Ушбу мақсадларнинг муваффақиятли амалга оширилиши Ўзбекистонда таълим туризмининг ривожланишига ҳам замин яратади. Мамлакатимизнинг ОТМлари нуфузли таълим муассасалари билан турли меморандумлар имзолаб, давлатлар ўртасида талабалар ва ўқитувчилар алмашинувини ривожлантиради.

Фармонда олий таълим мазмунини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшадиган, меҳнат бозорида ўз ўрнини топа оладиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш белгиланди. Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтказиш назарда тутилаётгани ушбу мақсадларга эришишда айни муддаодир. Чунки ўқитиш жараёнида кредит тизими асосида таҳсил олган талаба эртага касбий компетентлилик ва ноодатий вазиятларда қарор қабул қила оладиган, жамоада ишлаш, ахборотни мустақил олиш, таҳлил қилиш, самарали фойдаланиш, ўзгарувчан вазиятларга мослашувчан мутахассис кадр бўлиб етишиши шубҳасиз. 

Хўш, кредит-модуль тизимининг афзаллиги нимада? Ўзбекистон олий таълимида кредит тизимини жорий этиш қандай самара беради? 

Маълумки, кредит тизимида дарс интерфаол шаклда ўтилади ва ҳафта давомида талабани мустақил ишлашга йўналтиради. Ҳафта охирида ҳар бир ўқитувчи машғулот натижаларини жамлайди ва талабалар ҳафталик рейтинги билан танишади. Талаба ўз йўналиши муваффақиятидаги ўсиш ёки тушишни кўриши мумкин. Талаба бир марта яхши тайёрланмай, кам балл олса, унинг ўртача баҳоси тушиб кетади. Талабанинг маъруза, семинар машғулотларига келмасдан, имтиҳондан аввал эса ҳамма материалларни ёдлаб ёки имтиҳонда тасодифан таниш савол тушиб, имтиҳондан ўтиши ҳолатлари учрамайди. 

Кредит технологияси таълим олувчиларга ишчи ўқув режага киритилган танлов фанларини танлаш, бу орқали индивидуал ўқув режасини шакллантиришда бевосита иштирок этиш ҳуқуқини беради. Нафақат фанлар, балки профессор-ўқитувчиларни ҳам танлаш эркинлиги берилади. 

Қулай ва самарадор мазкур тизим меҳнат бозорининг ўзгарувчан эҳтиёжини қопловчи механизм сифатида намоён бўлади, яъни олий ўқув юртлари битирувчиларининг академик ҳаракатчанлигини таъминлайди. Кредит тизимининг аҳамияти шундаки, академик дастурлар меҳнат бозори талабларига мос ҳолда тузилади. Ўқув режадаги фанларнинг 50 фоизи танлов фани бўлиб, ўқув жараёнига ахборий тизимлар жорий этилади. Шунингдек, талабаларни ўқитиш ва меҳнат бозорига тайёрлашга индивидуал ёндашилиб, улар мустақил таълим олишга йўналтирилади. Индивидуаллашган ва дифференцияллашган ўқитиш тизими таълим муассасаларининг муқобиллиги, ўқув-дастурий ҳужжатларнинг ҳаракатчанлиги, ўзгарувчан ижтимоий-иқтисодий шароитга мослашувчанлигига асосланган. 

Ўзбекистон таълим тизими динамик равишда ривожланиши ҳамда глобаллашув ва ахборотлашув жараёнига муносиб жавоб бера олиши керак. Шу сабаб зарур ахборотни мустақил топадиган, унга ишлов бериб, таҳлил қиладиган ва ундан самарали фойдаланадиган мутахассисларни шакллантиришда ўқитишнинг кредит тизими кенг татбиқ этилмоқда. 

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, кредит технологияси мураккаб тизим. Унинг муваффақиятли ишлаши, аввало, ўқув-моддий таъминот, халқаро стандартларга жавоб берадиган таянч дарслик, талабаларнинг мустақил ишлашини ташкил этиш учун муайян шарт-шароит(компьютер синфлари, видеозаллар)га боғлиқ. Ўқитишнинг кредит тизимида олий таълим муассасаси ўқув жараёнида барча зарур ахборот манбалари – ўқув ва услубий қўлланма, электрон дарслик, тарқатма материаллар, тармоқ таълим ресурсларига кира олиш имконияти мавжудлиги муҳим ҳисобланади. 

Фармонда белгиланган амалга оширилиши лозим бўлган мақсад ва вазифалар замирида ана шу жиҳатлар ҳам назарда тутилгани эътиборлидир. Хусусан, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, пуллик хизматлар кўламини кенгайтириш ва бошқа бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига олий таълим муассасаларида технопарк, форсайт, технологиялар трансфери, стартап, акселератор марказларини ташкил этиш ҳамда уларни тегишли тармоқ, соҳа ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини тадқиқ қилувчи ва прогнозлаштирувчи илмий-амалий муассасалар даражасига олиб чиқиш шулар жумласидандир. 

Бундан ташқари, таълим сифатини яхшилаш борасидаги илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш жараёнларини жадаллаштириш мақсадида республика олий таълим муассасалари раҳбар ходимларининг хорижий мамлакатларга хизмат сафарига чиқишини амалга ошириш тартиби жорий қилинмоқда.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳамда Ўзбекистон олий таълим муассасалари ректорлари кенгаши негизида нодавлат нотижорат ташкилот шаклидаги Республика олий таълим кенгаши ташкил этилиши белгиланди. Аҳамиятлиси, мазкур кенгаш сўровлар ўтказади, жамоатчилик фикрини ўрганиш орқали олий таълим сифатини ошириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқади. 

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган таълим соҳасидаги ислоҳотлар замирида Ватанимизни янада тараққий эттириш, ёшларни ҳар жиҳатдан баркамол шахс этиб вояга етказиш, соҳалар учун юқори билимга эга мутахассисларни тайёрлашдек мақсадлар мужассамдир.

2 429
ЎзА