Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.10.2017 18:30 Чоп этиш версияси

Замонавий таълим тизими тараққиётга хизмат қилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригида Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар муваффақияти, мамлакатимизнинг ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши, аввало, илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи билан боғлиқ экани алоҳида таъкидланди.

Шу нуқтаи назардан, кейинги бир йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг таълим-тарбия соҳасига оид 74 фармони, қарор ва фармойиши қабул қилингани бежиз эмас. Мақсад фарзандларимизнинг замон талаблари даражасида, халқаро андозаларга мос таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар эгаллашига эришиш ҳамда етук мутахассис кадрлар тайёрлаш орқали мамлакатимиз тараққиётини таъминлашдир.

Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам ушбу соҳадаги ислоҳотларни амалга оширишнинг муҳим ҳуқуқий асосларидан бири бўлди. Мазкур қарор олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларга мос ҳолда, кадрлар тайёрлашнинг маъно-мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш, халқаро стандартлар даражасида олий малакали мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Қарорда белгиланган вазифаларнинг самарали ечимини таъминлаш мақсадида олий таълим даражасини сифат жиҳатидан ошириш ва тубдан такомиллаштириш, олий таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш, уларни замонавий ўқув-илмий лабораториялари, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш чоралари кўрилмоқда. Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланди. Дастурда ҳар бир олий таълим муассасаси бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар, чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Жумладан, 2017-2021 йилларда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ўқув-лаборатория базасини модернизация қилишга 7 миллиард 561 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилади. Таълим жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш учун 208 компьютер, 185 проектор ва 350 дан ортиқ бошқа техник ускуналар олинади. Бунинг учун 1 миллиард 910 миллион сўм йўналтирилиши режалаштирилган.

Бакалавриат ўқув режаси тузилмаси ва уларнинг мазмуни ҳам такомиллаштирилади. Масалан, ўқув режасида махсус фанлар блоки соатлари ҳажмини 15-20 фоизга ошириш, яъни амалдаги 906 соат ўрнига 1254 соат этиб белгилаш, гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар блоки соатлари ҳажмини эса 5-10 фоизга камайтириш, билим соҳалари доирасида математик ва табиий-илмий фанлар блокидаги фанларни заруратга қараб унификация қилиш белгиланган.

Магистратурада таълим ва илмий-методик жараённи ташкил этишда ҳам муайян ўзгаришлар кўзда тутилган. Амалдаги тизимда магистрантларга 2 йил давомида 15 фан ўқитилган бўлса, янги тизимда бу фанлар сони 9 тани ташкил этиб, уларнинг илмий фаолият билан шуғулланишига кўпроқ шароит яратилади. Яъни магистрантларнинг 1-курсдаги илмий фаолият билан шуғулланиш вақти 70 фоизга, 2-курсда эса 80 фоизга ошади.

Дастурни амалга ошириш даврида институтда бакалавр ва магистрлар тайёрлаш бўйича қабул кўрсаткичлари ҳам босқичма-босқич оширилади. 6 янги бакалавриат йўналиши ва 8 магистратура мутахассислиги очилади. Бунинг натижасида 2021 йилга бориб институтда талабалар сони ҳозиргидан 1200 нафарга кўпайиб, 6100 нафардан ошади.

Қарор талабларидан келиб чиқиб, педагог ва илмий кадрлар малакасини ошириш, стажировкаси ҳамда битирувчиларнинг PhD ва магистратурада ўқитиш бўйича 5 йил давомида 111 нафар профессор-ўқитувчининг хорижда таълим олиши режалаштирилган.

Профессор-ўқитувчилар меҳнатини рағбатлантириш бўйича ректор жамғармасини ташкил этиш ва унинг ҳисобидан педагогнинг ўқув жараёнига ҳиссаси ва касб маҳорати, ишидаги сифат кўрсаткичлари ва тарбия жараёнидаги самарали меҳнатига қараб ойлик маошининг 40 фоизигача устама бериш кўзда тутилган.

Институт бинолари ва талабалар турар жойларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2018 йилда 580 ўринли иккита талабалар турар жойи биносини, 2018-2019 йилларда бош ўқув биносини капитал таъмирлаш режалаштирилган. Шунингдек, 2019-2021 йилларда қурилиш, қурилишни бошқариш, архитектура факультетларининг ўқув бинолари ҳам таъмирланиб, замонавий шароитлар яратилади. Қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 39 миллиард 174 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратилиши ҳам вазифалар кўлами ва салмоғи нечоғли юқори эканидан далолат беради.

Давлатимиз томонидан олий таълим тизимини ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор, албатта, соҳада меҳнат қилаётган ҳар бир профессор-ўқитувчи, ходим масъулиятини ошириб, зиммасидаги бурчни сидқидилдан адо этишга, ислоҳотлар жараёнида фаол қатнашишга ундайди. Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти жамоаси бугун ана шундай истак билан меҳнат қилмоқда.

Султон Аҳмедов,
Самарқанд давлат архитектура-қурилиш
институти ректори.

ЎзА
5 592






Все о погоде - Pogoda.uz