ЎзА Ўзбек

10.10.2018 15:55 Чоп этиш версияси

Йод танқислигини даволовчи миллий дори воситаси яратилди

Йод танқислигини даволовчи миллий дори воситаси яратилди
Уни ишлаб чиқишда Тошкент фармацевтика институтининг Фармация йўналиши 5-босқич талабаси Суннатулло Фазлиев ҳам иштирок этди.

photo5321285040761579932.jpg

– Ҳозирга қадар йод танқислигида тавсия этиладиган дори воситалари четдан олиб келинади, – дейди С.Фазлиев. – Албатта, устига қўшимча нархлар қўшилгач, қимматлашади. Ҳамма ҳам сотиб ололмайди. Ўзбекистонда эса бундай дори воситаси ишлаб чиқарилмайди.
Биринчи босқичдан буён устозлар кўмагида ишлаб, маҳаллий препаратни яратдик. У арзон ва самарадор. Агарда хориждан кириб келаётган бундай дорилар 20-30 минг сўм бўлса, янги дорининг нархи 12-13 минг сўм оралиғида бўлади. Мазкур дори воситасининг субстанцияси “мезбон-меҳмон” усулида олинган. Инсон танаси учун ортиқча бўлган йод моддаси бошқа моддалар била бирлашиб, нохуш таъсир кўрсатмайди.

Айни вақтда ишланма ЎзР ССВ Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартизацияси давлат маркази давлат унитар корхонасига кўриб чиқиш учун тақдим этилган.

Биламизки, йод танқислиги Марказий Осиё аҳолиси учун долзарб масалалардан бири. Ваҳоланки, бу модда етишмаслиги туфайли ёш болалар ақлий ривожланишдан ортда қолиб кетиши мумкин.

Ҳозирда Суннатулло Ноорганик, физик ва коллоид кимё кафедрасида амалга оширилаётган “Йод-β-циклодекстрин субстанцияси ҳамда капсула дори шаклини олиш технологиясини ўзлаштириш ва ишлаб чиқаришга тайёрлаш” мавзусидаги инновацион лойиҳада фаол иштирок этмоқда.

Бунга қадар у бир қатор босқичларни босиб ўтди. Энг аввало у халқаро Д.И.Менделеев олимпиадасининг ғолиби сифатида ўқишга имтиҳонсиз қабул қилинган эди.

2014 йилда “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. 2017 йилнинг март ойида Беларусда ўтказилган кимё, физика, биология ва математика фанларидан комплекс тузилган “СТЕНД” олимпиадасида бронза медали соҳиби бўлди.

Ўтган йили ҳаммуаллифликда ўрта ҳамда ўрта-махсус таълим тизимида таҳсил олаётган ўқувчиларга мўлжалланган “Кимё. Тез ва осон ўрганиш” номли китоб чоп этилди.

Сайёра Шоева, ЎзА​​
2 653