Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.04.2017 14:51 Чоп этиш версияси

Ёш ҳуқуқшунослар бандлиги таъминланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Тошкент юридик коллежида битирувчиларни юридик хизматлар фаолиятига жалб этиш масалаларига бағишланган тадбир ташкил этилди.

Тошкент юридик коллежи директори Н.Темирова, Адлия вазирлиги юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштиш ва методик таъминлаш бошқармаси бошлиғи Ш.Саидов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида ёш авлоднинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, истеъдод ва салоҳиятини кенг намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 мартдаги "Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишлаб чиқариш амалиётига фаол жалб этиш, эгаллаган касби бўйича ишга жойлаштиришга кўмаклашиш вазифаси белгилаб берилган.

Айни пайтда Нукус, Самарқанд, Жиззах, Наманган, Фарғона ва Тошкент шаҳридаги ҳуқуқшунослик йўналишига ихтисослашган коллежлар ҳамда Бухоро юридик ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежида ёш ҳуқуқшунос кадрлар тайёрланмоқда. Адлия вазирлиги томонидан битирувчиларни эгаллаган касби бўйича ишга жойлаштиришга кўмаклашиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. 2015-2016 ўқув йилида ҳуқуқшуносликка ихтисослашган касб-ҳунар коллежларини битирган 3551 ўқувчидан 3454 нафарининг бандлиги таъминланган.

Ҳозиргача жорий йилда ҳуқуқшуносликка ихтисослашган коллеж битирувчиларининг 2628 нафари билан туман, шаҳар хокимликлари – корхона – битирувчи – коллеж ўртасида тўрт томонлама шартномалар имзоланган.

Бугунги тадбир ҳам бу йўналишдаги амалий саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомидир. Унда тегишли вазирлик ва бошқармалар раҳбарлари, етакчи мутахассислари томонидан давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 январдаги "Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг мазмун-моҳияти, соҳа мутахассислари учун яратилаётган имкониятлар, шунингдек, "Ягона дарча" марказлари фаолияти ва бу борадаги сўнгги янгиликлар, адлия органлари ва муассасаларига ишга қабул қилиш тартиби, ёш ҳуқуқшунос мутахассисга қўйиладиган талаблар юзасидан атрофлича маълумот берилди.

– Таълим ва амалиёт уйғунлиги замонавий билим ва ишлаб чиқариш кўникмасига эга ёш мутахассисларни тайёрлашда аҳамиятга эга, – дейди Тошкент юридик коллежи ўқувчиси Дилноза Муҳиддинова. – Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда соҳа мутахассислари, кекса ҳуқуқшунослар берган ўгитлар, йўл-йўриқлар бизда катта таассурот қолдирди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
3 180






Все о погоде - Pogoda.uz