Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.09.2017 16:55 Чоп этиш версияси

Янги ўқув йили – замонавий бинода

Бухоро давлат университетининг жисмоний маданият факультети талабалари янги ўқув йилини инвестиция дастури асосида реконструкция қилинган бинода бошлади.

Шу муносабат билан ўтказилган маросимда мамлакатимизда таълим тизимига қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида олий ўқув юртлари моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, талабаларнинг ўз мутахассислиги бўйича ҳар томонлама пухта билим олиши учун замонавий шароитлар яратилаётгани таъкидланди.

Лойиҳа қиймати 4,6 миллиард сўмга тенг реконструкция ишларидан сўнг бино буткул замонавий қиёфа касб этди. 750 ўринли ўқув биносида бакалавр ва магистрлар ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда билим олиши учун барча шароит яратилган. Факультет спорт залида бир пайтнинг ўзида 90 киши шуғулланиши ва ўз маҳоратини ошириши мумкин.

– Факультетимизда бокс бўйича, икки карра жаҳон чемпиони Аббос Атоев, дзюдо бўйича икки карра жаҳон чемпиони, Пекин, Лондон ва Рио-де-Жанейро Олимпиадалари бронза медали совриндори Ришод Собиров, ХХI ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиси, оғир атлетикачи Сардор Дўстмуродов каби таниқли спорт усталари таҳсил олганидан фахрланамиз, – дейди бокс бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати кумуш медали совриндори Сулаймон Латипов. – Замонавий қулайликлар уларга муносиб издошлар етишиб чиқишига хизмат қилади. Айни пайтда факультетимизда кураш, эркин кураш, дзюдо, бокс, бадиий гимнастика турлари бўйича мамлакат терма жамоалари аъзолари, ўнлаб миллий ва халқаро тоифадаги спорт усталари таълим олмоқда.

Факультет ҳаётидаги қувончли кун шодиёнаси яқинда Германиянинг Гамбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида 69 килограмм вазнда олтин медални қўлга киритган ва чемпионатнинг энг яхши боксчиси, деб топилган Шаҳрам Ғиёсов ва унинг мураббийи Равшан Хўжаевни шарафлаш маросимига уланиб кетди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
3 565






Все о погоде - Pogoda.uz