Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.04.2017 20:45 Чоп этиш версияси

Тошкент молия институтида инновацион-ўқув лабораторияси ташкил этилди

Тошкент молия институтининг кредит-иқтисод факультети томонидан Халқ банки ва “Фидо-Бизнес” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган инновацион-ўқув лабораториясининг тақдимоти ўтказилди.

Институт ректори Б.Бегалов, Халқ банки раиси ўринбосари Ш.Отабоев ва бошқалар мамлакатимизда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўқув жараёнини тубдан яхшилаш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг интеграциясини таъминлаш, инновацион ишланмаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришда муҳим омил бўлаётганини қайд этди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 февралдаги “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тошкент молия институтида етакчи тижорат банклари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, бакалавр ва магистратура босқичларини тамомлаётган битирувчиларни ишга жойлаштириш, талабаларнинг малака амалиётларини банк муассасаларида ташкил этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бундай ҳамкорлик натижасида 2016 йилда Халқ банки тизимига институтнинг 120 га яқин битирувчиси ишга қабул қилинди. Банк ходимлари институтда ўтказилаётган малака ошириш курсларида мунтазам иштирок этаётир.

– Инновацион-ўқув лабораторияни ташкил этишдан кўзланган мақсад талабаларнинг мутахассислиги бўйича зарур амалий кўникма ва касб малакасини оширишга қаратилган, – дейди институтнинг кредит-иқтисод факультети декани Н.Обломуродов. – Бу ерда улар тижорат банкларининг дастурий таъминотлари, электрон тўловлар ва интерактив банк хизматлари бўйича билимини бойитади. Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида тадқиқотлар олиб бориш ва инновацион ишланмалар яратишда ҳам мазкур лаборатория талабалар учун муҳим илмий база вазифасини ўтайди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
4 889






Все о погоде - Pogoda.uz