Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.10.2017 18:21 Чоп этиш версияси

Янги ихтисослаштирилган мактабда кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабда кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди. Имтиҳон натижаларига кўра, мазкур мактабнинг илк ўқувчилари саралаб олинади.

Қабул комиссияси аъзоси, Тошкентдаги Инҳа университети ректори С.Бобохўжаевнинг айтишича, ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ривожланаётгани нафақат ахборот технологиялари мутахассислари касб маҳоратини оширишни талаб этади, балки янги касблар пайдо бўлишига ҳам олиб келади. Натижада АКТ-лойиҳалар менежери, тизим маъмури, веб-дизайнер, 3D-моделлари дизайнери, дастурий таъминотни синаш бўйича мутахассис, ахборот тизимлари конструктори каби мутахассисликлар нуфузи ортиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 14 сентябрдаги «Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ташкил этилган мактабда АКТ мутахассисларининг ёш авлоди таълим-тарбия олади. Янги ўқув даргоҳи қобилиятли ёшларни топиш ва уларга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратишга хизмат қилади.

Ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиларига математика, физика, информатика ва чет тиллари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади, улар дастурлаш, маълумотлар базасини тузиш кўникмасини ўзлаштиради ва ахборот хавфсизлиги бўйича бошланғич билимларни эгаллайди. Мактаб синф хоналари ва аудиториялари энг замонавий техника ва ускуналар билан жиҳозланади, бу эса машғулотлар давомида ўқув жараёни сифатини оширишга хизмат қилувчи илғор ахборот ва педагогик технологияларни қўллаш имконини беради.

Кириш имтиҳонларида ихтисослаштирилган ва умумий таълим мактабларининг 190 га яқин ўқувчиси иштирок этди.

Имтиҳонлар натижасига кўра, энг кўп балл тўплаган 60 нафар бола 2017-2018 ўқув йилида 5-синфдан ўқиш учун Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабга қабул қилинади.

Роман Бондарчук, ЎзА
2 679






Все о погоде - Pogoda.uz