ЎзА Ўзбек

10.06.2019 Чоп этиш версияси

Ядро физикаси институти 20 йирик муассаса қаторидан жой олган

Ядро физикаси институти 20 йирик муассаса қаторидан жой олган

Институт радиофармацевтик препаратлари ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги 20 йирик муассаса қаторидан жой олган.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институти 1956 йилда ташкил этилган. 

У Ўрта Осиёдаги энг йирик илмий тадқиқот даргоҳи ҳисобланади. 63 йиллик фаолияти давомида институт ўзининг ядро технологиялари соҳасидаги тажрибаси ва илмий мактабини яратди. 315 гектар майдонига эга мазкур институт ҳудудида айни чоғда 7 ноёб ядро физикавий қурилма мавжуд.

1959 йилнинг сентябрь ойида ишга туширилган «ВВР-СМ» ядро тадқиқоти реактори улардан биридир. Дастлаб унинг қуввати 2 МВт ни, ҳозир эса 10 МВт ташкил этади. Жорий йилда реакторнинг ишга туширилганига 60 йил тўлади. Мамлакатимизда бу реактордан ядро физикаси соҳасида фундаментал тадқиқотлар, нейтрон физикаси, моддалар тузилиши, қаттиқ жисмлар физикаси, материалшунослик, тиббиёт изотопларини ишлаб чиқаришда унумли фойдаланиб келинмоқда.

Бугунги кунда институтда қандай илмий тадқиқотлар амалга оширилаётгани ва янгиликлар амалиётга татбиқ этилгани барчага қизиқ. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзатом» агентлиги ва «Росатом» давлат корпорацияси ҳамкорлигида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ташкил этилган медиа-тур ушбу мақсадга қаратилди.

0_45.JPG

Унда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев сўзга чиқиб, ушбу илмий даргоҳнинг бугунги кундаги илмий-амалий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. Унинг маълум қилишича, институтда нафақат илмий тадқиқотлар, балки бу каби таҳлиллар натижаси амалиётга татбиқ этилмоқда. Бу даргоҳ мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, биотехнология каби соҳалари фаолиятида муҳим роль ўйнайди. Масалан, бу ерда тиббиёт ва илмий мақсадлар учун ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар 60 турдан зиёддир. Яна бир эътиборли жиҳати, институт радиофармацевтик препаратлари ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги 20 та йирик муассаса қаторидан жой олган. Шу билан бирга, у мамлакатимизда онкология, кардиология, эндокрин ва юқумли касалликлари диагностикаси учун иммун тест-тизими препаратларини етказиб бермоқда ва жаҳоннинг 13 мамлакатига турли радиофармпрепаратларни экспорт қилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш мақсадга мувофиқдир.

– Албатта, бундай ютуқлар 1976 йил институтимиз ҳузурида ташкил этилган «Радиопрепарат» давлат корхонаси фаолияти билан боғлиқ, – деди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институти директори биринчи ўринбосари Илҳом Содиқов. – Корхона тиббиёт, биотехнологиялар, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалар учун радионуклидлар, онкология, кардиология ва эндокрин касалликлар, инфекция касалликлари диагностикаси учун иммун тест-тизими радиофармацевтик препаратлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Институтга қарашли яна бир корхона мавжуд бўлиб, у радицион чиқиндилар билан шуғулланса, ядро материаларини йиғиш ва сақлаш учун махсус лаборатория ҳам мавжуд. 

Бугунги кунда институт мамлакатимизда атом электр станцияси қурилиши бўйича танланган майдонда радиологик тадқиқотларни амалга оширмоқда. Ядро физикаси ва радиацион технологиялар соҳасида тўпланган бу каби тажрибалардан биринчи АЭС лойиҳасини амалга оширишда фойдаланилади.

Таъкидлаш керакки, институтда эришилган муваффақиятлардан бири – бу ярим қимматбаҳо ва қимматбаҳо тошларга радиациявий ранглар беришдир. Бу ерда ҳар йили бир тоннадан ортиқ тошларга радиациявий ранглар берилади. Бунинг натижасида институт йилига 300-500 минг доллар миқдорида даромад олади. Умуман олганда, институтнинг йиллик экспорт кўрсаткичи 3 миллион долларни ташкил этмоқда.

0_48.JPG

0_54.JPG

18 982
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА