Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.09.2017 16:37 Чоп этиш версияси

Узлуксиз малака ошириш механизми жорий этилади

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида Халқ таълими вазирлиги томонидан “Методист ўқитувчилар мактаби” фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича ўқув-семинар ўтказилди. Унда таълим муассасалари раҳбарлари ва масъул ходимлари, фанлар бўйича методист ўқитувчилар қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари С.Турғунов ва бошқалар давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида 2017 йил 2 август куни умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўртасида ўзаро интеграцияни таъминлаган ҳолда 11 йиллик ўрта таълим тизимини жорий этиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашда Халқ таълими вазирлиги томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Мазкур мажлисда берилган кўрсатмалар асосида вазирлик томонидан тизимдаги раҳбар ва педагог ходимларнинг узлуксиз малакасини ошириш жараёнларини ташкил этиш механизми ишлаб чиқилди.

Ушбу механизм фанлар бўйича ҳар бир туман ва шаҳарда методист ўқитувчилар мактаби фаолиятини йўлга қўйиш асосида ёш ўқитувчилар билан ишлаш жараёнларини такомиллаштиришга қаратилган. Бундан кўзланган мақсад ташаббускор, фидойи раҳбар ва педагоглар тажрибасини оммалаштириш, соҳада олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини таъминлаш, халқ таълими тизими раҳбар ва педагог ходимлари касбий компетентлигини ривожлантириш ва замонавий таълим муассасалари сафини кенгайтиришдан иборат.

Узлуксиз малака ошириш жараёнида ҳар бир ўқув фанлари бўйича барча туман (шаҳар)ларда методист ўқитувчилар мактаби ташкил этилмоқда. Унда хорижий ва миллий илғор педагогик тажрибаларни ўрганиш асосида методик тавсиялар ва ишланмалар ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш, ҳар бир фан бўйича яратилган янги дарсликлар, ўқув методик қўлланмалар, электрон ахборот таълим ресурслари ва методик тавсияларнинг тақдимотларини ташкил қилиш каби қатор вазифалар бажарилади. Шунингдек, вазирлик томонидан янги жорий этилаётган мазкур тизимга кўра, мамлакатимиз бўйича ҳар бир туман (шаҳар)да биттадан замонавий таълим муассасаси ҳам ташкил этилмоқда.

Замонавий таълим муассасаси барча таълим муассасаларига ўрнак бўладиган, раҳбар ва педагог кадрлари салоҳияти юқори бўлган, таълим сифати рейтинги бўйича туман (шаҳар)да юқори ўринларни эгаллаган таълим муассасалари орасидан танлаб олинади.

Фан ва технологиялар ютуқларини, замонавий инновацияларни таълим жараёнига кенг татбиқ этиш, илмий-тадқиқотлар асосида янги ишлаб чиқилган инновацион ишланмаларни, илмий-тадқиқот натижалари самарадорлигини аниқлаш йўналишларида педагогик тажриба-синов жараёнларини ташкил этиш билан шуғулланувчи инновацион тажриба-синов муассасаси ҳам ташкил этилмоқда.

Ўқув-семинарда ҳар бир туман ва шаҳарда “Методист ўқитувчилар мактаби” ва “Методист мураббийлар муассасаси”, “Замонавий таълим муассасалари”, “Инновацион тажриба-синов муассасалари”ни ташкил этиш бўйича маълумот берилди. Шунингдек, 10-синфларда ўқитиладиган фанларнинг мазмун-моҳияти, дарс жараёнида ўқитишнинг замонавий илғор шакллари, янги педагогик ва ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш бўйича методик тавсиялар берилди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА
2 590






Все о погоде - Pogoda.uz