Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.07.2017 18:24 Чоп этиш версияси

Улкан мақсадлар йўлидаги биринчи синов

Улкан мақсадлар йўлидаги биринчи синов Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртида абитуриентлар давлат тест синовларини топширди.

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида ҳарбийлик шарафли касбга айланиб, ёшларнинг қизиқиши тобора ортмоқда. Ҳарбий соҳани танлаган ёшлар орасида истиқлол меваси бўлган Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртини танлаганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Бу йил ушбу олий ҳарбий таълим муассасасига ўтган йилга қараганда кўпроқ абитуриент ҳужжат топширди. Орзу қанча юксак бўлса, унга етишиш йўлидаги синовлар ҳам шунча машаққатли бўлади. Бу ерда ҳам шундай, абитуриентлар белгиланган тартибда синовлардан ўтганидан сўнг давлат тест имтиҳонларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

– Тест олди синовлари абитуриентларнинг жисмоний кўрсаткичлари, билими ва дунёқараши ўтган йилги тенгдошларига нисбатан анча ўсганини кўрсатди, – дейди Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти бошлиғи ўринбосари, подполковник М.Қўчқоров. – Абитуриентлар орасида ҳарбий йўналишдаги академик лицейлар, касб-ҳунар коллежларини битирган, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, қисм қўмондонлиги тавсияномасини олган ёшлар ҳам кўп.

Билим юртида давлат тест синовларига пухта тайёргарлик кўрилгани абитуриентлар учун катта қулайлик яратди. Барча аудиторияларда тестлар белгиланган низом ва тартибга тўлиқ мос ҳолда ўтказилди.

– Болалигимдаги учувчи бўлиш орзуим ҳарбий хизмат даврида қатъий мақсадга айланди, – дейди Қашқадарё вилояти Китоб туманидан келган Ш.Шуҳратжонов. – Ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномаси билан Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртига тест синовларини топшириб, дастлабки мақсадимга эришдим. Етарли балл тўплаб, офицер бўлиш орзуимга етишимга ишонаман.

Тошқул Бекназаров, Шерзод Назаров (сурат), ЎзА
1 905






Все о погоде - Pogoda.uz