Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.05.2017 16:24 Чоп этиш версияси

Украина делегацияси Ўзбекистонда

Украина Миллий Фанлар академиясининг Украин тили институти директори, профессор Павел Гриценко раҳбарлигидаги делегация мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идораларида музокаралар ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице­-президенти Баҳром Абдуҳалимов билан учрашувда Ўзбекистон билан Украина ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб соҳалар қатори илм-фан ва таълим йўналишида ҳам изчил ривожланаётгани таъкидланди. Бунда мамлакатларимиз ўртасида имзоланган 140 дан зиёд ҳужжат ҳуқуқий асос бўлмоқда. Фан ва таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси фаолияти, илм-фан соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва қўлга киритилаётган ютуқлар ҳақида сўзлаб берилди.

Учрашувда Ўзбекистон билан Украина ўртасида илм-фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Украина делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Алишер Навоийнинг украин тилига таржима қилинган “Фарҳод ва Ширин” достони тақдимоти бўлди. Икки мамлакат олим ва мутахассислари, “Адеф-Украина” нашриёт уйи ҳамда мамлакатимизнинг Украинадаги элчихонаси ҳамкорлигида амалга оширилган ушбу лойиҳа маҳсулини келгусида инглиз ва бошқа тилларга таржима қилиш режалаштирилган.

– Жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган Алишер Навоий ижоди улкан маънавий бойликдир, – деди Павел Гриценко. – Бу мерос бутун дунёда, хусусан, Украинада катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Навоий ижодида донишмандлик, борлиқ оламни гуманистик англашнинг жуда улкан, битмас-туганмас хазинаси мужассам. Ўзбекистон билан илм-фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, халқларимиз ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашдан манфаатдормиз.

Украина делегацияси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида ҳам учрашув ўтказди. Темурийлар тарихи давлат музейида бўлиб, Соҳибқирон ва унинг авлодлари ҳақида ҳикоя қилувчи ранг-­баранг экспонатлар билан танишди.

Нодира Манзурова, ЎзА
5 440






Все о погоде - Pogoda.uz