Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.03.2018 17:20 Чоп этиш версияси

Тошкент кимё-технология институтида янги факультет очилади

Тошкент кимё-технология институтида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб виночилик соҳаси учун олий малакали кадрларни тайёрловчи факультет ташкил этилади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 февралдаги “Виночилик соҳасини ва алкоголли маҳсулотларни реализация қилишни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган.

Қарорга кўра, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, “Ўзшаробсаноат” АЖ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда икки ой муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Тошкент кимё-технология институтида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб виночилик соҳаси учун олий малакали кадрларни тайёрловчи факультетни тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш бўйича таклифлар киритади.

Касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари виночилик соҳасида мутахассислик йўналишлари бўйича амалиётни тизимли асосда бевосита ишлаб чиқариш ва ўзга корхоналарда, шу жумладан “Ўзшаробсаноат” АЖда ўтайди.

Шунингдек, қарор билан “Ўзшаробсаноат” АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан Тошкент кимё-технология институти ҳузурида Виночилик соҳасида мутахассисларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

фан ва техниканинг замонавий ютуқларидан, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, таълимнинг самарали интерактив услубларини қўллаб виночилик корхоналари ходимларининг билим ва кўникмалари даражасини ошириш;

виночилик иқтисодиётнинг устувор йўналиши ҳисобланган хорижий мамлакатларнинг виночилик корхоналари иш тажрибаси билан таништириш, шу жумладан у ерда мамлакат мутахассисларининг тажриба ўрганишини ташкил этиш, виночилик соҳасини ривожлантириш учун малакали хорижий экспертларни жалб этиш;

виночилик соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда маҳаллий ва хорижий илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасалар билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш, инновацион ёндашувлар асосида виночилик соҳаси ходимлари учун биргаликдаги ўқув машғулотлари ва курслари ўтказилишини ташкил этиш.

Қарорнинг тўлиқ матни билан ушбу ҳаволада танишиш мумкин.

ЎзА
11 779