ЎзА Ўзбек

07.03.2018 20:40 Чоп этиш версияси

Таълим сифатини ошириш йўлидаги эзгу ташаббуслар

Ёки 11 йиллик таълимнинг афзалликлари ҳақида

Президентимизнинг ташаббуси билан, кўплаб ота-оналар, педагоглар, ёшлар, кенг жамоатчилик таклифларини ўрганган ҳолда, юртимизда 11 йиллик ўрта таълимнинг қайта тиклангани ёшларнинг билим олишга бўлган иштиёқи кучайишида, улар тарбиясини тўғри шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Педагогларнинг эътироф этишича, бу эртамиз эгаларининг билимли, касб-ҳунарли бўлиб улғайиши, маънавияти, одоб-ахлоқи, бўш вақти устидан маҳалла-кўй ва жамоатчилик назоратининг ўрнатилишига кенг имконият яратди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 январдаги “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб мажбурий умумий ўрта таълим узлуксиз 11 йиллик таълим негизида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, бугунги кунда умумтаълим мактабларининг 9-синфини битирган 467 минг нафар ўқувчидан 284 минг нафари 10-синфда таълим олмоқда. 11 йиллик таълимнинг жорий этилиши муносабати билан тезкор давр талабидан келиб чиққан ҳолда олимлар, амалиётчи ўқитувчилар ҳамда кенг жамоатчиликнинг фикрига таяниб, 10-11-синфлар учун 12 та умумтаълим фани бўйича ўқув режалари қайтадан тайёрланиб, уларга бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, 11-синфда касб таълими орқали 50 га яқин касбни ўргатиш билан бирга, “Тадбиркорлик асослари” фани ҳам ўқитилади. Ўқув дастурлари асосида 10-синф ўқувчиларига умумтаълим фанларидан 18 номдаги дарсликлар 7 тилда, жами 9 миллион 53 мингдан ортиқ тиражда чоп этилиб, жойларга етказилди.

10-11-синф ўқувчиларининг таълим олиши билан бирга, уларга касб-ҳунар ўргатиш, ёшларнинг қизиқиш ва қобилиятини назарда тутган ҳолда келажакда уларни таълимни давом эттириши ёки эгаллаган касби бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланиши учун шароит яратиш долзарб аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 октябрдаги "Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори айни мақсадларни кўзлайди.

Ҳозир 10-синф ўқувчилари юртимиз бўйича 470 та мактаб ва 1018 та касб-ҳунар коллежида ташкил этилган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида 50 дан ортиқ касбни ўрганмоқда. Касблар рўйхатини тайёрлашда ҳудудларнинг шароити ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари инобатга олиниб, мутасаддилар ва иш берувчи ташкилотлар мутахассислари билан биргаликда, реал вазиятни холис баҳолаган ҳолда иш олиб борилди. Яъни 11-синф ўқувчиси мактабни тамомлагандан кейин эгаллаган ҳунари бўйича ўз ишини топа олишига жиддий эътибор қаратилди.

Келгусида жамиятда, оилада ва кундалик турмушда ҳамиша зарур бўлган кичик тиббий ҳамшира, оилавий кичик ҳамшира, тарбиячи ёрдамчиси, ижтимоий соҳа кичик мутахассиси, дастурчи, тармоқ бошқарувчиси, веб-сайт дизайнери, компьютер графикаси мутахассиси ва шу каби бошқа касбларнинг ўргатилиши йўлга қўйилади. Жойларда ташкил этилган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида касблар мураккаблигига қараб 1 ёки 2 йил давомида ўргатилади ва меҳнат бозоридаги эҳтиёжга кўра касбларнинг тури ўзгариб туради.

10-11-синф ўқувчиларига ҳафтасига бир кун 6 соатдан 2 йил давомида касбий таълим ўқитилади. Битирувчиларга ўрта маълумот тўғрисида аттестат билан бирга касб малакаси бўйича давлат намунасидаги диплом берилади. Шу билан бирга, ўқувчиларда касбларга бўлган қизиқишни ошириш, касблар тўғрисидаги маълумотларни узлуксиз етказиш мақсадида улар умумтаълим мактабларининг 1-синфидан бошлаб касбга йўналтирилиб борилади. 8-9-синфларда эса касбга йўналтириш алоҳида фан сифатида ўқитилади.

2017/2018 ўқув йилининг иккинчи ярмидан бошлаб юртимизнинг ҳар бир ҳудудидан танланган 28 та ўқув-ишлаб чиқариш мажмуасида 9-синф ўқувчиларига касб ўргатиш ишлари тажриба-синов тариқасида ўтказилмоқда. Унинг натижаларига кўра, келгусида умумтаълим мактаблари ўқувчиларига касб ўргатиш ишлари 9-синфдан бошланади. Соҳага оид қонунчиликка кўра, мақбуллаштириладиган коллежлар базасида ҳам ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари юридик мақомга эга ташкилот сифатида ташкил этилади.

Маълумки, таълим сифати бевосита педагог маҳоратига боғлиқ. 11 йиллик таълим тизимининг жорий этилиши муносабати билан тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида олий таълим муассасаларининг 9526 нафар битирувчиси, шунингдек, академик лицей ва коллежларда дарс соатлари қисқарган 12 минг нафардан ортиқ умумтаълим фанлари ўқитувчиси умумтаълим мактабларига жойлаштирилди. Шу билан бирга, Чирчиқ давлат педагогика институтига 750 нафар ёш ўқишга қабул қилинди.

Педагог кадрлар етишмаслигининг олдини олиш мақсадида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз, Термиз давлат университетининг Денов филиаллари ташкил этилди. Юртимизнинг 15 та олий таълим даргоҳида очилган махсус сиртқи бўлимларда 9 мингдан ортиқ ўрта махсус маълумотга эга педагогнинг олий маълумот олиши учун имконият яратилди.

10-синфларга дарс берадиган фан ўқитувчиларига ўқув режа, малака талаблари, ўқув дастурлари ва дарсликларнинг мазмун-моҳиятини етказиш мақсадида ўқувлар ташкил этилди. Умумтаълим мактабларида тизимда узоқ йиллар самарали ишлаётган моҳир педагоглар, Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотлари совриндорлари, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг туман, вилоят ва республика босқичлари ғолиблари томонидан замонавий билим бериш усуллари юзасидан тажриба алмашиш бўйича маҳорат дарслари мунтазам ташкил этилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид Давлат дастури вазифаларидан келиб чиқиб, таълим-тарбия сифатини оширишга оид “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Унга кўра, энг илғор тажриба ва инновацион методлар, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этган ҳолда 11-синф ўқувчилари учун 20 номдаги 9,7 миллион нусхадаги дарслик яратилиши режалаштирилган. Бугунги кунда мазкур дарсликларнинг макетлари тайёрланиб бўлинди. 10-11-синф ўқувчиларига касб ўргатиш учун шарт-шароитларни яхшилаш бўйича мактабларда ташкил этилган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларининг 489 та синфи 18 турдаги зарур жиҳозлар билан таъминланади.

Буларнинг барчаси ёш авлоднинг пухта ва сифатли билим олиши, ўзи қизиққан йўналиши бўйича касб-ҳунар эгаллашига давлатимиз томонидан кўрсатилаётган катта эътиборнинг амалдаги ифодасидир.

Назокат Усмонова, ЎзА
16 262