Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.02.2017 18:24 Чоп этиш версияси

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида улуғ бобомиз мероси қандай ўқитилмоқда?

Биринчи Президентимиз ташаббуси билан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилгани улуғ бобомиз хотирасига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш билан бирга она тилимиз, маънавиятимиз, миллий адабиётимизни янада ривожлантириш ва юксалтириш йўлида муҳим қадам бўлди.

– Мамлакатимизда Алишер Навоий меросини кенг ва атрофлича, тўлақонли ўрганиш, унинг асарларида улуғланган ғоялар мазмунини халқимиз, айниқса, ёшлар онгига етказиш юзасидан катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда, – дейди университет ўқув-услубий бўлими бошлиғи Анвар Сайфуллаев. – Шу жиҳатдан ўқув даргоҳимиздаги 26 фан бўйича давлат таълим стандартлари ва улар асосида ўқув режалари тўлиқ янгиланиб, давр руҳига ҳамоҳанг бўлган дарсликлар, ўқув-услубий мажмуалар яратилмоқда. Таълим босқичларида Алишер Навоий ижодини ўрганиш, адабиётшунослик назарияси, Навоий поэтикаси, ўзбек адабиёти тарихи, матн лингвистикаси, навоийшунослик ва бошқа фанлар ўқитилаётгани шулар жумласидандир.

Мутафаккир бобомиз меросини кенг ва мукаммал ўқитишда адабиётшунослик назарияси, матншунослик, бадиий таҳлил асослари, қадимги туркий тил, тасаввуф ва мумтоз поэтика асослари, матн ва талқин муаммоси, мумтоз адабий асарларни шарҳлаб ўрганиш, мутолаа санъати, бадиий таржима каби фанларнинг аҳамияти ғоят катта бўлмоқда.

– Янги ва мустақил ўқув фани сифатида "Навоийшунослик" предметининг жорий этилгани алоҳида аҳамиятга моликдир, –дейди университет ўқитувчиси Саодат Қамбарова. – Ўқув йили давомида тўлиқ ўтилувчи ушбу фанда Навоий ҳаёти ва ижоди умумий тарзда, алломанинг шеърияти, Навоий лирикаси, эпик мероси шарҳлаб ўқитилади.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси "Маданият ва маърифат" телеканали билан ҳамкорликда тайёрланаётган "Хамсахонлик", "Бир байт синоати", "Навоий сабоқлари" сингари маърифий кўрсатувлар шоир ижодини халқимизга кенгроқ танитишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Дилшод Исломов мазкур университетнинг биринчи курсида таҳсил олади. У "Навоийни ўрганамиз" бадиий тўгарагининг фаол аъзоси. Навоий ижоди, лирикаси, ғазалларининг мавзу йўналиши, талқини, изоҳлари, шоир шеъриятидаги жанр ва тимсолларга доир машғулотлар у каби кўплаб ёш тилшунослар, мутаржимларнинг билимларини бойитиш ва янада кенгайтириш имконини берди.

– Мен Биринчи Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган, Алишер Навоий номи билан аталувчи табаррук даргоҳда таҳсил олаётганимдан фахрланаман, – дейди Дилшод. – Ушбу даргоҳ биз кимларнинг авлоди эканимизни доим ёдда сақлашга, номлари тарих саҳифаларида ўчмас из қолдирган зотларга муносиб бўлишга ундайди. Келгусида Навоий бобомиз ғазалларини инглиз тилига таржима қилиш ниятидаман.

Талаба-ёшларнинг шоир ижодига оид билимини бойитишда турли танловлар, интеллектуал викториналар, илмий анжуманларнинг аҳамияти ғоят катта бўлмоқда. Адабиёт, Темурийлар тарихи, Ўзбекистон тарихи давлат музейларида ташкил этиладиган очиқ дарслар, маҳорат ва маънавият сабоқлари тилшунослик, манбашунослик, улуғ алломаларимизнинг жаҳон цивилизацияси, илм-фанига қўшган ҳиссасига доир қимматли маълумотларга эга бўлиш имконини бермоқда.

Таълим ва фан ўртасидаги ўзаро интеграция жараёнини кучайтириш ёшларни илмий фаолиятга тобора кўпроқ жалб этиш, уларни мамлакатимиздаги илмий-инновацион жараёнлар билан яқиндан таништиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур университет ҳузуридаги Ўзбек тили ва адабиёти илмий-тадқиқот институтида ана шу жиҳатларга эътибор қаратилмоқда.

– Навоий мероси олимларимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда, – дейди институт илмий котиби Раҳматилла Баракаев. – Уч жилддан иборат "Алишер Навоий қомуси" тўплами устида олиб борилган изланишлар якунланди. Унда Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига оид маълумотлар кенг китобхонлар оммаси эътиборига ҳавола этилган. Иброҳим Ҳаққулнинг "Навоийга қайтиш" асарининг иккинчи ва учинчи китоби нашр этилди. Навоийнинг "Шоҳбайтлар" китоби, "Алишер Навоий асарлари тилининг луғати", "Навоий асарларининг фразеологик луғати" ҳам талабалар, шеърият ихлосмандларида катта қизиқиш уйғотиши шубҳасиз.

Шу кунларда навоийшунос олимлар, ўқитувчилар, маънавият фидойилари, талаба-ёшлар иштирокида таълим масканларида Навоийнинг 576 йиллигига бағишланган конференциялар, мушоиралар, ғазалхонлик кечалари бўлиб ўтмоқда.

Назокат Усмонова, ЎзА
1 539






Все о погоде - Pogoda.uz