Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.08.2017 18:54 Чоп этиш версияси

Ўрта махсус, касб-ҳунар коллежларида тест синовлари бўлиб ўтди

15 август куни мамлакатимиздаги 155 ўрта махсус, касб-ҳунар таълим масканида саралаш тест синовлари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 майдаги “2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2017 йил 9-синфларни тамомлаган ўқувчиларни ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул қилишнинг умумий параметрлари, шунингдек, ҳудудлар бўйича қабул квоталари тасдиқланган эди.

Хусусан, жорий йилда ота-оналар, ўқитувчилар, ўқувчилар, кенг жамоатчиликнинг фикр ва таклифларини, истакларини инобатга олган ҳолда умумтаълим мактабларида 10-11-синфлар ташкил этилди. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқиш ниятида бўлган ёшлар эса юртимиздаги касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда таҳсилни давом эттириш имкониятига эга.

Белгиланган қабул режасидан ортиқча ҳужжат келиб тушган 129 коллеж ва 26 лицейда ўқувчилар қабули учун саралаш тест синовлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказилди.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказидан маълум қилишларича, саралаш тест синовлари ўтказиладиган таълим муассасаларига белгиланган режага кўра 36 минг 925 нафар ўқувчи қабул қилиниши кўзда тутилган. Уларга ҳужжат топширган ўқувчилар сони эса 108 минг 700 нафарни ташкил этган. Коллежларда таҳсил олиш истагидаги ёшлар томонидан замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, автомобилсозлик, сайёҳлик ва меҳмонхона иши, банк иши, ҳуқуқшунослик, тиббиёт, педагогика йўналишидаги таълим муассасаларига, айниқса, кўп ҳужжат келиб тушган.

Саралаш тест синовлари натижасига кўра, 71 минг нафардан ортиқ тест синовидан ўта олмаган ўқувчилар ўз хоҳишига қараб, умумий ўрта ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига йўналтирилади.

Тошкент темир йўл транспорти касб-ҳунар коллежида саралаш тест синовлари белгиланган талаб ва меъёрларга тўлиқ амал қилган ҳолда, тартибли тарзда ўтказилди. Коллеж директори Абдуфаттоҳ Ғойибназаровнинг айтишича, бу йил мазкур ўқув муассасасига 540 ўқувчи қабул қилинади. Ёшлардан келиб тушган ҳужжатлар сони эса 1 минг 218 тани ташкил этган. Айниқса, темир йўл транспорти воситаларидан фойдаланиш ва таъмирлаш бўйича механик, темир йўл станцияларидан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш техниги, вагонлардан фойдаланиш ва таъмирлаш техник-механиги, соҳада хизмат кўрсатиш техниги каби йўналишлар бўйича коллежда ўқиш истагидаги ёшлар кўпчиликни ташкил этмоқда.

– Ўғлим Билолиддин ушбу коллежда ўқиш учун ҳужжат топширган, – дейди Тошкент вилоятидан келган Маҳфуза Камолова. – Бугунги кунда юртимизда темир йўл транспорти соҳаси шиддат билан ўзгариб бормоқда. Энг илғор ва замонавий технологиялар соҳага жадал жорий этилаётгани ёшларда мазкур йўналишга бўлган қизиқишни орттирмоқда.

Бугун билим, касб-ҳунар сирларини пухта эгаллаш истагидаги ёшлар учун мустақил ҳаёт остонасидаги яна бир синов ортда қолди. Ёшларнинг юқори билимли, салоҳиятли мутахассис бўлиб етишиши йўлида амалга оширилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар Ватанимиз тараққиёти, ҳаётимизнинг фаровонлиги, меҳнат бозорини эса фидойи, ўз кучига, иқтидорига ишонган кадрлар билан таъминлаш йўлидаги эътиборнинг амалий ифодасидир.

Назокат Усмонова, ЎзА
2 675






Все о погоде - Pogoda.uz