Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.03.2017 12:20 Чоп этиш версияси

Нукусда ўқувчилар ўртасида “Ёш қутқарувчи” мусобақаси ўтказилди

Нукусда ўқувчилар ўртасида “Ёш қутқарувчи” мусобақаси ўтказилди Нукус шаҳридаги умумтаълим ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида “Ёш қутқарувчи” мусобақаси ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Маданият вазирликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши ҳамда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ташаббуси билан ўтказилган мусобақада 17 жамоа иштирок этди.

Тадбир доирасида ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг фуқаро муҳофазасига оид билим ва кўникмасини бойитиш, ёш авлодда қутқарувчи касбига меҳр уйғотиш мақсадида таълим муассасаларида “Ёш қутқарувчилар” клубларини ташкил этишга бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Унда умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари директорлари, директор ўринбосарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 19 июлдаги “Аҳолини зилзилалар оқибатида юзага келган фавқулодда вазиятларда (табиий ва техноген тусдаги) ҳаракат қилишга тайёрлаш комплекс дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этиладиган мазкур клубларда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда фавқулодда вазиятларда жабрланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатиш, қутқарув воситалари ва асбоб-анжомларини ишлатиш кўникмасини шакллантириш, ёш қутқарувчиларнинг экстремал вазиятларда жисмоний ва руҳий тайёргарлигини ошириш ишлари олиб борилади.

– Таълим муассасаларида ташкил этиладиган ушбу клубларда “Ҳаёт хавфсизлиги асослари” ва “Фуқаро муҳофазаси” фанлари юзасидан билим ва кўникмага эга бўлган ўқувчилар ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган “Ёш қутқарувчилар” мусобақасида иштирок этади, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Парахат Тангрибергенов. – Нукус шаҳри бўйича ўтказилган бу йилги мусобақада мактаблардан 10 жамоа, лицей ва коллежлардан 7 жамоа иштирок этди.

Жамоалар фуқаро муҳофазаси ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш, дарёдан арқон ёрдамида ўтиш ҳамда белгиланган вақтда палатка ёйиш, фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш, қутқарув анжомлари ва ўз-ўзини ҳимоялаш воситасидан тўғри фойдаланиш, 60 метр масофага тўсиқлар оша эстафетали югуриш бўйича ўз маҳорат ва кўникмаларини намойиш этди.

Ўқувчилар ўртасидаги мусобақада 2-умумтаълим мактаби жамоаси, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасидаги беллашувда Нукус автомобиль ва йўл хўжалиги касб-ҳунар коллежи жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
3 306






Все о погоде - Pogoda.uz