Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.02.2018 18:41 Чоп этиш версияси

Нукусда абитуриентлар учун чет тилларидан имтиҳон қачон ўтказилиши маълум қилинди

Бу йилги тест синовларидаги янгиликлардан бири – малака сертификатига эга бўлган абитуриентларнинг ўқишга киришда тест синовлари мажмуасига киритилган чет тили (инглиз, немис, француз) фани бўйича 3 йилгача тест синовидан озод этилишидир.

Давлат тест марказининг маълумотига кўра, ҳозирги кунда чет тилини ўрганиш ва билиш даражасини баҳолаш учун жойларда талабгорлар сонидан келиб чиққан ҳолда гуруҳлар ташкил этиш, вилоятларда тест синовлари ўтказилишини таъминлаш, топшириқ шакллари ва тест синовларини ўтказиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 августдаги қарорига асосан 2018 йил 1 январдан бошлаб малака сертификатига эга бўлган талабгорларга сертификатни олган кундан 3 йилгача амалда бўладиган имтиёзларни бериш тартиби жорий этилди. Унга кўра:

– чет тилини билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги А2 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатига эга бўлган умумий ўрта таълим муассасалари битирувчилари ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ўқишга киришда саралаш тест синовлари рўйхатига киритилган чет тили (инглиз, немис, француз) фани бўйича тест синовидан озод этилади ва уларга чет тили фанидан максимал балл берилади;

– чет тилини билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги B1 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатига эга бўлган абитуриентлар олий таълим муассасалари бакалавриат йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари мажмуасига киритилган чет тили (инглиз, немис, француз) фани бўйича тест синовидан озод этилади ва уларга чет тили фанидан максимал балл берилади;

– чет тилини билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги B2 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатига эга бўлган абитуриентлар олий таълим муассасалари магистратурасига киришда тест синовлари мажмуасига киритилган чет тили (инглиз, немис, француз) фани бўйича тест синовидан озод этилади ва уларга чет тили фанидан максимал балл берилади;

– чет тилини билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги B2 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатига эга бўлган умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари педагоглари аттестация жараёнида малака синови учун белгиланган максимал балл билан баҳоланади ва тест синовидан озод этилади.

Чет тили фанидан имтиҳон 4 босқичда амалга оширилади: 1) “Тинглаб тушуниш” (Listening), 2) “Ўқиш” (Reading), 3) “Ёзиш” (Writing), 4) “Гапириш” (Speaking).

Давлат тест марказининг Қорақалпоғистондаги доимий вакили М.Абдуллаевнинг таъкидлашича, олий ўқув юртлари учун тест синовлари мажмуасига киритилган чет тили (инглиз, немис, француз) фани бўйича имтиҳонларнинг дастлабки 3 босқичи (Listening, Reading ва Writing) шу йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳрида, 4-босқич (Speaking) имтиҳонлари эса, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда март ойида ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Нукус шаҳрида имтиҳонлар Агроиқтисодиёт коллежида ўтказилиши режалаштирилган.

Анвар Насирлаев, ЎзА
9 395