Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.02.2017 18:42 Чоп этиш версияси

Мамлакатимиз умумтаълим мактабларида Адабиёт ойлиги бошланди

Адабиёт ойлиги доирасида буюк бобокалонларимиз Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий меросига бағишланган адабий кечалар, маънавият соатлари, маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўқувчиларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш борасида бошланган эзгу саъй-ҳаракатлар улуғ алломаларимиз ижодидан кўпроқ ва тўлақонли баҳраманд бўлиш, улар қалбини эзгу ғоялар билан мунаввар этишда янги уфқларни очиши шубҳасиз.

"...Инсон ўзининг гўзал хулқ-атвори, теран маънавияти, ота-онаси, Ватани, аждодлар хотирасига эҳтироми билан инсондир. Ҳар гал бобомиз Алишер Навоий ғазалларини ўқиганда бунга қайта-қайта ишонч ҳосил қилиш мумкин. Шу сабабли ҳам улуғ шоир бобомизнинг асарлари наинки халқимиз, балки дунё китобхонларининг қалбига яқин ва қадрдон".

Пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги 144-мактабнинг 8-"А" синфида бўлиб ўтган маънавият сабоғи ўқитувчининг шу сўзлари билан бошланди. Ўқитувчи Алишер Навоий ижодига бағишланган мавзуни болаларга содда, равон, таъсирчан тушунтиришга астойдил интилади.

Она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Нигора Аъзамхўжаева болалардан юртимиздаги улуғ бобомиз номи билан юритилувчи масканлар ҳақида сўради:

– Мамлакатимиздаги иқтисодий салоҳияти энг юқори бўлган вилоятлардан бири Навоий номи билан юритилади, – деди Фазилат Собирова.

– Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, – жавоб берди Зулфия Муродуллаева. – Дугоналаримиз билан китоб мутолааси учун доим ўша даргоҳга борамиз. Китобни яхши кўрадиганлар учун бу масканда ҳамма шароитлар бор. Шаҳримиздаги Навоий кўчаси энг сўлим, гавжум, файзли масканлардан.

Ҳумоюн Қамбаров Тошкент метрополитенидаги бобомиз номи билан юритилувчи бекат энг муҳташам ва чиройли масканлардан эканини айтди.

– Тўғри, – деб тасдиқлади муаллим. – Бобомизнинг "Хамса" асаридаги достонларнинг номи, шоҳ мисралари, ибратли сўзларидан парчалар келтирилган, тасвирий, меъморчилик, халқ амалий санъатининг энг нодир намуналари акс этган бу бекат ҳамшаҳарларимиз, юртимизга келган барча меҳмонлар, айниқса, хорижлик сайёҳларнинг ҳайрати ва ҳавасини келтирувчи муаззам объектдир.

– Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ҳам Тошкентимиз чиройига чирой қўшаётган санъат даргоҳларидан, – дейди Абдусобир Иброҳимов. – Унинг атрофидаги сўлим хиёбонда расм чизиш менга жуда ёқади.

Ўқитувчи болаларга аллома номи билан аталувчи масканлар ҳақида бежиз сўзламаганини, унинг ижодида ободлик, бунёдкорлик, халқнинг орзу-хаёлларини акс эттириш устувор ўрин тутишини астойдил тушунтирди.

Республика таълим маркази филология фанлари бўлими бош методисти Комила Усмонованинг айтишича, умумтаълим мактабларида улуғ шоир меросини ўрганиш "оддийдан мураккабга" тамойили асосида йўлга қўйилган. Бунда бошланғич синфларда Ойбекнинг "Алишернинг ёшлиги", "Бола Алишер" каби ҳикоя ва қиссалари, Хуршид Давроннинг "Алишер Навоий" номли ҳикояси, Абдулла Ориповнинг "Алишернинг онаси" шеъри мисолида мутафаккир бобомизнинг болалиги, ҳаёти ва ижоди ўғил-қизларга тушунтирилмоқда. Айни пайтда кейинги синфларда Навойининг "Ҳайрат ул-аброр", "Маҳбуб ул-қулуб", "Сабъаи сайёр" асарларидан ўқувчилар ёшига мос тарзда ҳикоя ва ривоятлар ўқилса, 8-синфда Навоий шеъриятига унинг қитъа, рубоий, ғазаллари ёрдамида ошно бўлиш мумкин. "Хамса" асари 9-синфда ўқувчилар эътиборига ҳавола этилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан мамлакатимиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларида «Буюк аждодларни ёд этиб...» мавзуида адабиёт, шеърият байрамлари, мушоиралар ўтказилмоқда. Ёзувчи ва шоирлар, маънавият ва адабиёт фидойилари иштирокидаги ушбу тадбирларда Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти, фаолияти, ижодий меросининг аҳамияти ёшларга тушунтирилмоқда. «Навоий ва Бобур ижодини ўрганамиз» мавзуидаги ижодий ишлар кўрик-танлови ёш авлоднинг билим ва савияси, тафаккурини янада кенгайтириш ва бойитишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Буларнинг барчаси ёш авлод билимини бойитиш, тафаккурини чархлаш, маънавиятини юксалтириш, миллий адабиётимизга, яхши китобга бўлган меҳрини янада кучайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Назокат Усмонова, ЎзА
3 928






Все о погоде - Pogoda.uz