Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.04.2018 09:59 Чоп этиш версияси

МУЛОҲАЗА УЧУН МАВЗУ

давоми.

Олий таълим, Халқ таълими вазирликлари диққатига! 

Без названия.jpg
Улуғбек Ҳамдам 
филология фанлари доктори,
ёзувчи

ТАЪЛИМ ҲАҚИДА ЎЙЛАР 

Барқарор таълим тизими масаласи

Қатъий ишлайдиган, ўн йиллар мобайнида асосий мезонларини ўзгартирмайдиган, мабода ўзгаришлар бўлса, уларни ўзига сингдириб олиб, яна-да кучли бўлиб борадиган таълим тизимини яратишимиз керак, деб ўйлайман. Умуман, жамиятда ҳар қандай тизим агар жуда қисқа вақт мобайнида ўзгаришларга учрайверса, бундай жамиятда яшовчи инсонлар ўзларини бахтсиз ҳис қилишади. Худди шундай, жуда тез ўзгарувчан таълим тизими ҳам ўқитувчи шахсини парчалаб ташлайди. Натижада на тизим қолади ва на уни тутиб турадиган ўқитувчи шахси. Ўқитувчи шахси бутун эмасми, демак, у таълим-тарбия берадиган ўқувчи-талабалар шахсиятининг бутунлиги ҳақида ҳам гапириб бўлмайди. Демак, энг муҳим иккинчи масала барқарор таълим тизимини яратишдир. Бунинг учун эса, назаримда, қуйидагиларга эътибор бермоқ керак:

1. Дарслик ва ўқув қўлланмалар. Ҳозирда дарслик ва ўқув қўлланмалар етишмаётганлиги туфайли ҳар бир ўқитувчи ўз фани бўйича “ўқув мажмуа”си ёзиб олади. Тўғрироғи, комиссиянинг “назари” учун ёзади. Аслида эса, бу каби у ер-бу ердан кўчирилиб муқоваланган мажмуалар ҳеч кимга керак бўлмайди. Фикримча, керакли дарслик ва ўқув қўлланмалар Республикада бу ишга қобил, тажрибали олимлар гуруҳлари, масалан, Фанлар академияси институтлари мутахассислари ёки ўз соҳасини пухта эгаллаган олим-ўқитувчилар, айни пайтда, буларнинг ҳаммасидан сараланган ишчи гуруҳ томонидан ёзилса ва етарли миқдорда чоп этилиб тарқатилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шу маънода дарслик ва ўқув қўлланмалар бутун Республика бўйлаб стандарт ҳолга келиши ҳамда уларнинг миқдори етарли бўлиши фойдадан ҳоли эмас.

2. Мутахасислик фанлари. Ихтисослик бўйича фанларни кучайтириб, соҳага алоқаси кам бўлган фанларни ё бутунлай олиб ташлаш ё соатларини камайтириш лозим бўлади. Йўқса, баъзан Олий математика, информатикага ўхшаш фанлар, масалан, ижтимоий-гуманитар факультетларда ҳаддан зиёд кўп. Шунинг натижасида, масалан, филология соҳаларида талаба ўз соҳасини тузукроқ билишга имкон тополмайди. Уларнинг ҳозирги адабий жараёндан деярли хабари йўқ. Замоннинг забардаст ёзувчи, шоир ва драматургларини яхши танимайди. Мактабда эшитган ё ўқиган “Ўткан кунлар”дан нарига ўтолмайди. Бунинг учун эса бевосита мутахассисликка алоқадор фанлар соатларини кўпайтириш лозим бўлади. 

3. Тест масаласи. Тест керакми? У ўзини қанчалик оқлади? Керак бўлса, қайси соҳалар учун? Яъни тестни соҳалар бўйича танлаб қўллаш керакми ёки ёппасига тадбиқ этиш тузукми?... Бу каби саволлар неча йилдан бери кўпчиликни ўйлатади. Тест тизими ислоҳга муҳтож эканлигини мажлисда Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нур, математикадан тест борлиги учун рассомчилик институтига не-не истеъдодли ёшлар киролмаётганини айтганда, Президент ўша оннинг ўзидаёқ бундай ижод турида математикадан тест нима қилади, деган фикрни билдириб, тестни олиб ташлатган эди. Буни кўриб кўпчилигимиз “Бўлар экан-ку!” дея қувонганимиз ҳам ҳақиқат. Ўйлайманки, худди шундай йўл, Республикамиз бўйлаб кўплаб, айниқса, ижтимоий-гуманитар соҳалар учун зарур бўлиб турибди. 

Ҳозирда амал қилаётган тестларнинг савиясига келсак, уларда куракда турмайдиган саволлар жуда кўп. Уларни тутуриқсиз ва мантиқсиз деб атасак ҳам бўлаверади. 

Масалан, филология, тил ва адабиёт йўналишларида битта шеърдан парча бериб, “қачон, ким томонидан ёзилган?” деган савол қўйилади. Битта шеърни қачон ё ким томонидан ёзилгани ўқувчи ё бўлғуси талабага нима беради? Бундай рақамларни ёдлаб олиш ёшларни қаерга олиб боради? Манқурт бўлишга эмасми? Уларни фикрлашга ундайдиган саволлар тузса бўлмайдими? Ўқишга кириш хотира жанги бўлиб кетмадими? Кимнинг хотираси кучли бўлса, ўша ғолибми? Бу қандай мантиқ? Фикрлаш-чи? Хулосалар чиқариш-чи? Ҳаётга тадбиқ этиш-чи?.. Масалан, “бу шеър қандай шеър: реалистикми ё модернистик ҳамда нима учун?” дегандек саволлар тузилса, абитуриент битта саволга жавоб бериш учун шеърнинг ҳар хил турларидан воқиф бўлишга интилади, натижада адабиётдаги реализм, модернизм деган ҳодисалар моҳиятини тушунишга ҳаракат қилади. Демак, тест саволлари у ёки бу фаннинг асосларини, моҳиятини билишга қаратилган бўлиши керак, асло ҳеч қачон ҳеч қандай вазиятда фойдаси бўлмайдиган майда информацияларни қуруқ ёдлашга эмас. Бир замонлар, ХХ аср бошларигача эски мактабларда ўқитилган “Ҳафтияк” (Қуръоннинг еттидан бири)ни ўрганишга бағишланган дарслар маъноси тушунтирилмайдиган, қуруқ ёд олишдан иборат дарслар, дея танқид қилинган эди. Бугун тест тизими “шарофати” билан ўзимиз ҳам ана шу эски мактаб ҳолига тушиб қолмадикми, деган ўйлар қийнайди мени.

Таълим тизимининг ислоҳга муҳтожлиги яна шу нарсада кўринадики, лицейлар ўқувчини олий ўқув юртларига тайёрлаши мўлжал қилинган бўлса ҳам, болаларимиз лицейларда эмас, балки ота-оналарининг не-не пулларини сарфлаб репетитор қўлларида ўқишмоқда. Репетитор ҳам олган пули эвазига абитуриентни фикрлашга эмас, қуруқ ёд олишга ўргатади. Ёд олинган информациялар эса, ҳаётда деярли асқотмайди. Натижада “Таълимни ҳаёт билан боғлайлик!” дея жар солгинг келади. 

4. Иншо ва оғзаки имтихон. Иншо ёзишни йўлга қўйиш керак. Иншо саводхонликни баҳолашнинг энг оптимал йўли. Ўтган йили Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида иншо йўлга қўйилди ва жуда тўғри қилинди. Шунинг учун ҳам талабаларимиз орасида дадиллари кўп. Яна, айниқса, ижтимоий-гуманитар соҳаларда оғзаки имтихон шарт қилиб қўйилиши мақсадга мувофиқ. Оғзаки имтихон кириш ва ўқув жараёнида ҳам керак. Тест жуда нисбий тушунча. У талабанинг умумий тайёргарлигини эмас, у ёки бу конкрет саволга конкрет жавобини текширади, холос. Фан бўйича, аввало, умумий билим баҳоланмоғи керак. Тест кўпроқ аниқ фанларда ўзини оқлаши мумкин. Шунинг учун ҳам ижтимоий-гуманитар соҳаларда унинг ҳиссасини минимумга тушириш жуда долзарб масаладир.

5. Хориждан ўрганиш тенденцияси. Кўлмакдаги балиқ ҳолига тушиш балиқ учун фожиа эмасдир балки, лекин юксак тафаккур эгаси бўлган инсон учун ҳозирги замонда ҳалокат билан баравардир. Шунинг учун ҳам илғор жамиятлар ютуқлари тиғиз бир тарзда ўрганилмоқда. Ўрганиш яхши. Ахир, велосипедни қайтадан кашф қилиш кимга ва нега керак? Лекин бу масалада меъёрни сақламоқ лозим, деб ўйлайман. Яъни хориждан ўрганиш хорижга сиғинишга айланиб кетмасин. Хориждан олаётган ҳамма нарсамиз ҳам яхши бўлмаслиги, аксинча, эски дея воз кечаётган ўзимизнинг ҳамма ишларимиз ҳам ёмон бўлмаслиги мумкин. Яъни тоғорадаги кир сувига қўшиб, ичидаги болани ҳам тўкиб юбормайлик. Саралайлик, сайлайлик. Чунончи, камина жаҳон адабиёти фани бўйича инглиз тилида ёзилган икки-уч дарслик ва қўланмаларни таржимон ёрдамида кўриб чиқдим. Ҳатто Ғарб адабиётининг улкан ёзувчиларидан бири Жеймс Жойсни таржима ҳам қилдирдим. Натижада шунга амин бўлдимки, хорижда мавзуга эркин ёндашиш ўта кучли бўлиб, адабий портрет эссе жанри йўлида эркин ёзилган бўлиб чиқди. Аслида, дарслик бўлгандан кейин талаба ё ўқувчига аввало фундаментал билим бериш керак бўлади. Демак, ижтимоий-гуманитар соҳаларда ўзимизда шаклланиб келган йўл – талабага, аввало, фундаментал илм бериш йўли ҳар томонлама ўзини оқлайди. Ундан воз кечиш масаланинг, демакки, фаннинг туб моҳиятидан узоқлашишдир. Эссе йўлида ёзилган бошқа адабиётлар (жумладан, хорижий адабиётлар) эса, қўшимча манба сифатида тавсия қилиниши мақсадга мувофиқ бўлади. Аниқ фанларда эса манзара янада бошқача бўлиши мумкин ва шу “бошқачалик” ҳисобга олинмоғи фойдадан ҳоли эмас. 


Давоми бор...

7 860