Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.02.2017 12:59 Чоп этиш версияси

Мактабгача таълим тизими такомиллаштирилмоқда

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, мактабгача таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бермоқда. Хусусан, ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариш учун замонавий шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Гулистон шаҳридаги 19-мактабгача таълим муассасасидаги озодалик ва саришталик, бино ичидаги хорижий тилларда ўсимлик, жониворлар тасвирланган плакатлар, турфа гуллар кишининг баҳри дилини очади. Ҳар бир гуруҳ учун алоҳида ўйин майдончаси, ётоқхона, хоналардаги безаклар, мусиқа ва спорт залларида яратилган шароитларга ҳавасингиз келади.

Ўтган йили тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилган мактабгача таълим муассасасининг мультимедиа, телевизор, DVD, компьютер, сўзловчи алифбо ва бошқа тарқатма материаллар билан жиҳозланган хоналарида кичкинтойлар инглиз ва рус тилларини ўрганмоқда. Машғулотлар нутқ ўстириш тарзида, атроф-муҳит ва боланинг ёшига мос бошқа мавзулар асосида олиб борилади.

Таълим муассасасида инглиз ва рус тиллари, бадиий гимнастика, рақс, спорт тўгараклари мунтазам фаолият кўрсатмоқда. “Зумрадойлар давраси”, “Балли, қизлар!”, “Соғломжон – полвонжон” каби танловларда болалар катта қизиқиш билан иштирок этмоқда.

Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, болаларни мактаб таълимига тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этишда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Жумладан, ушбу ҳужжат ижроси доирасида тизимда мавжуд “Болажон”, “Билимдон” дастурларини янада такомиллаштириш, шунга мос ўқув-методик адабиётлар яратиш, болаларни мактабга сифатли тайёрлаш учун муқобил дастурлар ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Мазкур мактабгача таълим муассасасида ҳам юқоридаги қарор ижроси доирасида таълим-тарбияга эътибор янада кучайтирилмоқда. Тарбияланувчиларнинг ота-оналари билан яқин алоқа йўлга қўйилган. Улар масканда ташкил этилаётган турли тадбирларга мунтазам таклиф этилади. Бунда нафақат болалар, балки ота-оналар ҳам фаол иштирок этиб, бола тарбиясида нималарга эътибор бериш лозимлиги ҳақида мутахассислардан маслаҳатлар олмоқда.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
3 109






Все о погоде - Pogoda.uz